• 17:28 – Fermer xo‘jaligi tashkil etish tartibi 
  • 09:45 – Туманда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш бошланди 
  • 10:37 – Туманнинг асосий иктисодий ривожланиш кўрсатгичлари 
  • 16:45 – ТУМАННИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 

Эрта турмуш – келтирар ташвиш


Оила қуриш ва унинг тинчлигини асраш инсон учун катта масъулиятдир.   Мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳар бир оила мустаҳкам пойдеворга эга бўлишига эришиш, жамиятда ҳар бир гўдакнинг соғлом туғилиши ва яшаб кетишини тўлиқ кафолатлайдиган зарур шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратилмоқда. Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, оила ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, халқимизнинг муқаддас урф-одатлари сайқал топадиган, келажак авлод камолотига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия  ўчоғидир. Президент қарори билан 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланди.  

Мутахассисларнинг фикрича, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида қизларни ўн олти, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо, бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзандининг  соғломлигига салбий таъсир кўрсатади. Туманимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, тиббий маданиятини ошириш ва ёшларнинг никоҳга оид тушунчаларини кенгайтириш, қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Афсуски, бу саъй-ҳаракатларга қарамасдан, репродуктив саломатлик талабларига зид равишда қизларни барвақт турмушга узатиш ҳоллари кузатилмоқда.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг бахтли бўлишини истайди, албатта. Лекин, қизимни тезроқ турмушга берсам, хотиржам бўлардим, деган нотўғри қараш билан қайсидир маънода ўз ҳаловатини ўйлайдиган, фарзандининг ўқишни давом эттириши ёки эгаллаган касби бўйича ишлашига тўсқинлик қиладиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Мана шундай ота-оналарга тушунтириш мақсадида қишлоқ  ва маҳаллаларда мутахассислар иштирокида аҳоли вакиллари билан мунтазам давра суҳбатлари  ўтказилмоқда.   Ушбу тадбирларда   қиз болани барвақт турмушга бериш ва эрта фарзанд кўриш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Кези келганда, фаолиятимиз билан боғлиқ  айрим ҳаётий воқеалар тўғрисида фикрлашсак. Баъзан тиббий кўриклар жараёнида никоҳланувчилар орасида гиёҳвандлик, ОИТС, захм, сил каби касалликка чалинганлар ҳам учрамоқда. Амалдаги қонунлар талабига мувофиқ, юқоридаги касалликлар никоҳ тузишни рад этишга асос бўлмайди. Аммо бундай касалликка чалинган ота ёки онадан соғлом фарзанд туғилиши мумкинми?

Бир мисол. М. ака ва Ш.опанинг қизлари Т.га келган совчиларга розилик беришар экан, уларнинг тўй кунини белгилаш ҳақидаги таклифини ҳам рад этишолмади. Никоҳ тантанаси фотиҳадан кейинги ҳафтага белгиланди. Эртаси куни эса бўлажак келин-куёв никоҳни қайд этишни сўраб, ФХДЁ бўлимига мурожаат этишди. Бўлим мудираси уларнинг аризасини қабул қилгач, тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берди. Лекин, тўй куни аввалдан белгилангани боис, қудалар тиббий кўрик натижаларини кутиб ўтирмай, тўйни ўтказишди. Бироқ...

Бироқ ёш оила бир ой ўтмасдан парчаланди. Чунки тўйдан тўрт-беш кун ўтгач, куёвнинг   тутқаноқ дарди борлиги маълум бўлди. Бу эса келин томонга жуда алам қилди. Қолаверса, қуда томон буни кўтара олмасдан касал бўлиб ётиб қолди. Шу боис, улар ўзларига келтирилган моддий ва маънавий зарарни қоплашини сўраб, судга мурожаат қилишди.

Энди ҳақли савол туғилади, юз берган кўнгилсизликда келин томоннинг ўзи хам айбдор эмасми? Негаки, ота-она қизларини тиббий кўрик ва қонуний никоҳсиз узатиб юборишди. Аксинча бўлганда, бугунги аҳволга тушиб ўтиришмас эди. Албатта, бу воқеа тўй арафасида турган барча ота-оналарга сабоқ бўлса ажаб эмас.

Бундан ташқари,  қизларнинг 16-18 ёшларда она бўлиши жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги аниқланган. Кўп ҳолларда бундай ёшдаги қизларнинг соғлом фарзандни дунёга келтиришида   турли муаммолар келиб чиқади. Қизларнинг жисмонан ва руҳан оналикка тайёр бўлмасдан оила қуриши кўпинча туғруқ жараёнида ўлим хавфи ошишига сабаб бўлади. Бинобарин, эрта ҳомиладорлик  ёш она ҳамда бўлажак  фарзанд учун ҳар томонлама хавфлидир.

— Аёл қанча ёш бўлса, ҳомиладорлик даврида турли патологик, экстрагенитал хасталиклар кучаяди, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида рўй берадиган    ўзгаришларнинг салбий оқибатлари кўп бўлади. Эрта ҳомиладорлик кўпинча бола тушиши ёки ўлик туғилиши билан тугайди, бу ҳолат ҳомиланинг нуқсонли ривожланиши сабабли ҳам она, ҳам бола саломатлигига  катта хавфдир. Бундай асоратлар кейинги ҳомиладорликнинг нормал кечиши ва туғруқнинг табиий равишда амалга ошишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис ёш турмуш қурган аёлларнинг фарзандлари жарроҳлик амалиёти орқали дунёга келтирилади. Сурункали кислород етишмовчилиги туфайли она қорнида суст ривожланган чақалоқларнинг вазни анча кам бўлади ва афсуски, уларнинг аксарияти кўп яшамайди.

Бугунги кунда скрининг текширувлари натижалари шуни кўрсатмоқдаки, болалардаги турли хил аномалиялар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли юзага келаётир. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. Халқимиз орасида қизларнинг катталар, айниқса,  ота-она раъйига қарши бормаслиги одатга айланган. Кўпинча эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг қайд этилишига ана шу ҳолат сабаб бўлмоқда.

Соғлом фарзанд    соғлом онадан дунёга келади. Ёшларга соғлом ва аҳил оила қуриш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга интилишни рағбатлантиришдек эзгу ишлар замирида, аввало, баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад мужассамдир.


М.ДАВРОНОВА,

соғлом турмуш тарзи бўлими мудири.

Р.ҚИЛИЧОВА,

гинекология бўлими мудири.

Калит сўз: жамият тиббиёт
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда