• 10:06 – Конституция – эркимиз кафолати 
  • 09:14 – Туман ҳокими қарори 
  • 14:59 – Рақамларда технологиялар бўйича туманимиз намунали ҳудудга айлантирилади 
  • 17:51 – ДИАГНОСТИК МАРКАЗ иш бошлади 

Аҳилликда ҳикмат кўп

Халқимиз томонидан топиб айтилган ушбу нақл замирида олам-олам маъно бор. Уни ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида қўллашимиз мумкин. Айниқса, биз, кекса авлод вакилларининг фаолиятини фаоллаштиришда, нуронийларни ҳар жиҳатдан қўллаб - қувватлашда қўл келади.

Нуробод туман "Нуроний" жамғармаси ҳам бир қатор ибратли ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, туманимиз ҳудудида ўтказиладиган турли тадбирларда уларнинг иштирокини таъминламоқда. Жамоат ишларида фаол бўлган кекса отахону онахонлар рағбатлантириб борилмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг "Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини дастурул амал деб билган кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш саломатлигини мустаҳкамлаш мазмунли ҳордиқ чиқаришни ташкил этиш, уларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган эзгу-амалларни рўёбга чиқармоқда. Кексаликни донишмандлик фасли дейишади. Ҳақ гап. Ёши улуғларимизнинг йиллар давомида сайқал топган бой ҳаётий тажрибаси айни пайтда қўлга киритилаётган ютуқларимизга замин бўлмоқда.

Туманимизда 8,5 минг нафардан кўпроқ қариялар истиқомат қилишади. Уларнинг ҳолидан хабар олиш, санитария ва профилакторияларда ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, турли қадамжолар ва зиёратгоҳлар ҳамда тарихий ёдгорликлар жойлашган шаҳарларга жўнатишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" шиори остида бўлимимиз ташаббуси билан хонадонларимиз файзи бўлган кекса отахону онахонларимиз Ислом динининг маркази бўлган Бухорои шариф, Абдухолиқ ўиждувоний, Бахоуддин Нақшбандий, "Очиқ осмон остидаги музей" деган таърифга сазовор бўлган Хива шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди, Паҳловон Маҳмуд ва вилоятимиз ҳудудидаги имом "Ал Бухорий" каби алломаларининг қабр ва мақбараларини зиёрат қилишди. Шунингдек, Халқобод ва Қиличли маҳалла фуқаролар йиғинларидан 48 нафар нуроний Шаҳрисабз шаҳридаги қадимий ёдгорликларни томоша қилиб келишди.

Зиёратгоҳга борувчилар учун шарт-шароитлар яратиб бериш, уларни йўл транспорт воситаси билан таъминлаш чораларини кўришда амалий ёрдам бердик.

Эришаётган ютуқларимиз билан фахрланамиз. Ютуқларни қўлга киритишда ҳаётда ҳам, оилада ҳам, барча соҳаларда олдинда бўлган оқсоқолларимизнинг ҳиссаси кўп. Айниқса, Тожи Сафаров, Бойхўроз Маҳмудов,   Орол Полвонов, Очил Бойбўриев, Тошниёз Раҳимов, Норбек Мўминов, Қилич Холбоев, Бекмурод Мирзаев, Қўчқор Исиргадиев, Ҳасан Мардонов, Очил Раҳматов, Тошбой Рашидов, Мелихол Носирова сингари фаолларимиз ўтказилаётган барча тадбирларда бош-қош бўлаяпти. Улар айни кунларда туманимиз ҳудудида тўй-маъракаларнинг исрофгарчиликсиз, тартибли, рисоладагидек ўтказилишида ўзларининг қимматли панду насиҳатлари билан кўпчиликка ўрнак бўлишаётир. Яна шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, барча жойда бўлгани каби бу оқсоқолларимиз яқинда ўтказилган "Кексалар хафталиги"да ҳам фаолликларини намойиш этишди. Муҳтарам Президентимиз томонидан эълон қилинган 5та ташаббусини ҳаётга татбиқ этишда ҳам кекса оқсоқолларимиз бош-қош бўлишаётир. Айниқса ёш авлод онгида китобга қизиқишни кучайтириш мақсадида жойларда китоб тарғиботи, китоб тақдимоти тадбирларида фаол қатнашаяптилар. Шу билан бирга "Ким кўп шеър билади", "Китоб билан оламга саёҳат" каби мавзуларда мусобақалар уюштирилмоқда. Унда ғолиб чиққан ёш китобхонлар рағбатлантириб борилаяпти.

Туманимиз нуронийлари "оқ олтин" тераётган дала меҳнаткашлари ҳузурида бўлишиб, юртимизга тинчлик, осойишталик ва пахта хирмонимизга барака тилаб, дуо қилишмоқда. Бу йилги пахта йиғим-терими мавсумида  пешқадамлик қилаётган чевар теримчиларга "Нуроний" жамғармаси туман бўлимининг қимматбаҳо совғалари ҳам топширилди. Жумладан, Исмоил Юсупов раҳбар бўлган "Омад 1" фермер хўжалиги чеварлари Гавҳар Холбоева, Гулноза ўаниева, Одил Ҳаққулов раислик қилаётган "Қўйбоқар ишончи" фермер хўжалигининг донгдор теримчилари Машҳура Ниёзова, Гулноза Кўчарова, Сардор Худойбердиев раҳбарлик қилаётган "Файзи" фермер хўжалигидан Нигора Мирзаева ва Гулҳаё Мирзаевалар   илғорликни қўлдан бермай келаётирлар.

"Нуронийлар маскани"миз кекса авлод вакилларининг ҳам севимли масканига айланган. Шунинг учун улар бўш вақт топдими, бизнинг масканимизга келиб, шахмат-шашка мусобақаларини ўтказишади, "Ақл машқлари" тахтаси атрофида бош қотиришади.

Мухтасар айтганимизда, масканимиз эрталабдан кечгача "бобо"лар билан гавжум.


Абдураҳмон ШАРИПОВ,

"Нуроний" жамғармаси туман бўлими раиси.
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда