• 15:53 – "Долзарб 15 кунлик" 
  • 17:28 – Fermer xo‘jaligi tashkil etish tartibi 
  • 10:10 – Туманда пахта терими бошланди 
  • 09:45 – Туманда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш бошланди 

Қариндошга қуда бўлманг


Ҳар бир инсон жамиятда ўз ўрнини топиб, оила аталмиш мўъжиза масканда    соғлом  муҳитга эга бўлсагина тўлақонли бахт нашидасини суради. Биз кўтармоқчи бўлган долзарб масала соғлом оилани қуриш тўғрисида бўлиб, бу кенг жамоатчиликни қизиқтириши билан аҳамиятлидир. Кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган, оила қуришда ҳисобга олинмаётган ва оқибатда оилага, жамиятга ҳам маънавий ҳам моддий зиён етказаётган қариндошлик никоҳлари тўғрисида очиқ-ошкора сўзлаш ва тўғри йўлни аниқлаш ўта зарур деб ҳисоблаймиз.

Фарзанднинг соғлом бўлиши хар бир ота-онага чексиз шодлик, қувонч олиб келади. Акси бўлса-чи? Бола ногирон, наслий нуқсон билан туғилса бу оила учун катта фожиадир. Бунинг олдини олиш ҳар бир ота-она ёки авлоднинг ўз қўлида эмасми? Агар барчамиз никоҳ масаласига масъулият билан кенгроқ мушоҳада юритиб қарайдиган бўлсак ҳеч қандай муаммога ўрин қолмас эди. Нима учун ота-она деймиз? Ҳеч кимга  сир эмаски урф-одат ва анъаналаримизга кўра, никоҳ кўпроқ ота-она, катталарнинг аралашуви асосида амалга оширилади.

Тиббий нуқтаи назардан таҳлил   қиладиган бўлсак, қариндошлар орасидаги никоҳ кўп ҳолларда фарзанд дунёга келиши билан боғлиқ ҳолатларда кўнгилга ғашлик солади. Қариндошлар орасидаги никоҳ туфайли ирсий (наслий) касалликлар, уларнинг   мудҳиш оқибатлари тўғрисида илмий асосланган маълумотлар аҳоли ўртасида кенг тарқатилаётган бўлса ҳам бундай ҳодисалар учраб турибди. Ҳукуматимиз томонидан қонун ва қарорлар амалиётга жорий қилинаётганлиги бу масала хусусида   чуқурроқ ўйлаб кўришга ундамоқда. Ўзбекистон Республикасининг  "Оила" кодексида яқин  қариндошлар ўртасидаги  никоҳнинг тақиқланиши кўрсатиб берилган.

Дарҳақиқат, соғлом авлодни дунёга келтириш,  мустаҳкам оилани барпо этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 июндаги 892-сонли "Болаликдан ногирон туғилишининг олдини олиш, туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш тўғрисида"ги  Қарори қабул қилинди. Мақсад оилада соғлом муҳитни яратиш орқали насл баркамоллигига эришишдир. Оила қураётган икки ёш аввалдан туғма ва ирсий  нуқсонлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисидаги билимга эга бўлса бу фойдадан ҳоли эмас. Ҳар бир қурилаётган оила  бахтли бўлиши,     соғлом фарзанд туғилиши учун аввало никоҳланувчилар соғлом бўлмоқлари лозим. Бунинг учун янги оила  қуришга шайланаётган ёшлар аввал тиббий кўрикдан ўтиб, сўнгра оила остонасига қадам қўйишлари мақсадга мувофиқдир.  Айрим йигит-қизлар ўз касалликларини яширса, баъзилари эса  ўзларида кечаётган хасталик аломатларини сезмасликлари ҳам мумкин. Бундай ҳолат янги қурилган оиланинг бузилиши ёки носоғлом бола туғилиши эҳтимолини келтириб чиқаради. Шунинг учун оила қураётган икки ёш тиббий кўрик талабларига риоя қилса, бунинг "мева"си келажакда сезилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003  йил  25 августда қабул қилинган "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги  қарори асосида оила қураётган барча ёшлар тор доирадаги мутахассислар ҳамда  ижтимоий хавфи юқори бўлган касалликлар бўйича тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Амалда ўрнатилган тартибга мувофиқ, икки ёшга ўз доимий турар жойларидаги ФҲДЁ ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. Улар учун кўрикнинг ҳар бир тури бепул бўлиб, агар касалликнинг бирор тури  аниқланса, даволаш чора-тадбирлари бўйича маслаҳат ва тавсия берилади. Мабодо    хавфли касаллик тури аниқланса, бўлғуси келин-куёвларга ётиғи билан тушунтирилиб, қандай даволаниши юзасидан тегишли  муассасаларга юбориш тартиби мавжуд.

Фарзанднинг ногирон туғилиши ёки бирор нуқсон билан дунёга келиши ҳар қандай оила учун фожиа, албатта. Замонавий технологияларнинг ҳаётимизга шиддат билан кириб келиши натижасида туғма нуқсонларни   аввалдан аниқлаш мумкин. Бу она ва бола учун мутлақо зарарсиз ҳисобланади. Бола туғилмасидан аввал ташҳис қўйишда вилоят она ва бола  скрининг маркази, республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-тиббиёт маркази ҳамда унинг вилоят бўлимлари зиммасига катта   масъулият юкланади.

СКРИНИНГ— бу оддий усуллар ёрдамида касалликни эрта ва тез аниқлаш учун аҳолини оммавий текширувдан ўтказиш деган маънони англатади. Скрининг марказининг асосий мақсади, ирсий касалликлар билан туғилган болаларга махсус  тиббий генетик хизмат кўрсатиш ва ҳомиланинг туғма ҳамда ирсий нуқсонлар билан туғилишининг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёлларни текширувдан ўтказишдир.

Ногиронликни  олдини олиш мумкинми? - деган савол туғилади. Ҳа, бир умр имконияти чекланган бола учун қайғуриб яшагандан кўра, бунга йўл қўймаслик чорасини  кўриш оила   қураётган шахсларнинг ўз қўлида эканлигини мутахассис сифатида яна бир бор таъкидлаймиз. Бунинг учун бирламчи тиббиёт   тизими  —     оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пунктининг умумий  амалиёт шифокорлари, патронаж ҳамширалари аҳоли ўртасида ирсий касалликларнинг олдини олиш учун тиббий маслаҳат ва йўл-йўриқларни ота-оналар   бериб боришлари керак. Ҳар бир оила қураётган йигит-қиз туғма, ирсий (насл) касалликларни келтириб чиқарувчи   омиллардан  хабардор бўлса, бу фойдадан ҳоли эмас:

—яқин қариндош-уруғларнинг  оила қуриши, яъни амаки ёки амакиваччалар, иккинчи ва учинчи   авлодга мансуб ака-укалар, опа-сингиллар, жиян-амакилар орасида  никоҳ расмийлаштирилса;

—ҳомиладорлик даврида  аёл киши   35, эркак киши  40 ёшдан ошган бўлса, боланинг  ногирон бўлиб туғилиш хавфи юқори бўлиши;

—ҳомиладор аёлга  зарарли   ва хавфли  омиллар - радиация электромагнит нурлар, кимёвий бирикмалар, симоб ва қўрғошин бирикмалари, нефть ва нефть маҳсулотлари таъсири, спиртли ичимликлар, никотин-тамаки таъсири, гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш, айрим препарат ва дори-дармонлардан нотўғри фойдаланса;

— аёл ёки эркакда сурункали  қалқонсимон без, қандли диабет касалликлари учраса;

— аёл ва эркак юқумли касалликлар- қизилча, токсоплазмоз, хламидоз, цитомегаловирус, герпес ва бошқа юқумли касалликлар билан оғриса;

— ҳомиладорлик  даврида аёл тўлақонли овқатланмаса, ўзини асраб-авайламаса, стресс ҳолатида юрса, оилавий низо ва келишмовчиликлар рўй берса, фарзанднинг соғлом дунёга келиши ҳақида орзу қилиш қийин.

— жисмонан, руҳан соғлом авлодни дунёга келтириш давлатимиз сиёсатининг  устувор йўналишларидан бири бўлиб, бунинг ижросини таъминлашда ҳар бир кишининг  ўз ўрни бор. Айниқса, ўғил-қизини вояга етказиб, уйлантириш ва узатиш ниятида бўлган ота-оналар соғлом авлодни жамиятга тақдим   этишда ҳаммадан кўра кўпроқ масъулдир.

—Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, қариндош-уруғлар ўртасида никоҳнинг расмийлаштирилишига йўл қўймаслик, оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг барча чора-тадбирларини амалга ошириш соғлом авлодни яратишнинг муҳим шарти эканлигини  ҳеч биримиз унутмаслигимиз керак.

Н.ЭРГАШЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Инновацион Соғлиқни сақлаш Миллий палатаси вилоят  ҳудудий бўлинмасининг директор ўринбосари. 
Калит сўз: мутолаа жамият
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда