• 15:53 – "Долзарб 15 кунлик" 
  • 17:28 – Fermer xo‘jaligi tashkil etish tartibi 
  • 10:10 – Туманда пахта терими бошланди 
  • 09:45 – Туманда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш бошланди 

“Дублёр почча” (Ҳажвия)

Бердимурод яхши кунларга атаб боқилаётган қўчқорлардан бирини сўйиб, нимталади. Ахир бугун байрам! Ўзиям Янги йил   бошқа байрамлардан завқи билан, кайфияти билан фарқ қилади-да. Кечга яқин у аёлига қайнатма шўрва тайинлаб,ўзи уч ҳовли нарида  яшайдиган дўсти Собирникига отланди. Икки ўғли ва бир қизи байрам дастурхонини безаш билан овора. У эшикдан чиқар-чиқмас, аёли:

 - Ҳой дадаси, дарров  келақолинг-а?!

- Ҳа, ҳа, -бошини қимирлатди Бердимурод. 

-Нима, уникида ётармидим? Ахир байрам билан табриклаб келмасам бўлмайди-да. Ҳализамон қўшнилар чиқиб қолишади. Бораман-у қайтаман.

Кечга томон ҳаво совий бошлагани учун у тўйбоп янги тўнини кийиб олди. Дўстиникига йўлга тушар экан,хавотир билан осмонга қараб қўйди. Кўк юзида қорамтир булутлар кўрингандай бўлди. Дўстининг дарвозасини очиб, овоз берди. Собир ҳам, аёли ҳам уни хурсанд бўлиб кутиб олишди. Ўзидан-да кўнгли очиқ дўсти уни тўрга ўтқазди. Ширин тилак, эзгу оппоқ орзулар билан бир пиёладан олинди. Ҳил-ҳил пишган гўштдан бир тишлам олгач, Бердимурод  дуога қўл кўтарди :

- Энди менга рухсат дўстим. Уйга борай. Қўшнилар чиқишади. Сен ҳам ўтгин.

-Э, э! Қаёққа?  Мен ҳам битта истак айтай,кейин борасан.

Собир ҳам унга,жумла-жаҳонга яхшилик истаб,иккинчи пиёла олинди. Энди чой ичишаётган эди, хонага гуриллаб Собирнинг қўшнилари кириб келишди.

- Қани, қани, марҳамат. Келинглар, келинглар.

Бояги икки пиёладан қизишган Бердимурод, аҳил қўшнилар билан ҳам яна олди. Гурунг ке-е-тди қизиб! Бир соатлар ўтиришган қўшнилар қўярда-қўймай Собирни ҳам, Бердимуродни ҳам олишиб, ёнидаги қўшниникига ўтишди. Ярим соатлар ўтиришиб, бир-бирини ўпишиб, бу аҳил жамоа кейинги қўшнини табриклагани боришди. Ҳамма қизиғи ҳам, ёмони ҳам шу учинчи хонадонда юз берди. Куни билан югур-югур қилиб юрган Собир чарчаган эканми, ё ҳалиги савил ошиб кетдими, бурчакдаги ёстиққа бош қўйди-ю, ухлади-қотди. Меҳмондорчилик эса давом этар, давра қизигандан-қизиб борарди. Бу орада ҳовлида машина сигнали эшитилиб, улар ўтирган учинчи хонадон эгасининг қўшни қишлоқдаги қудалари келиб қолишди. Ана энди кўринг меҳмондорчиликни! Уй эгаси хурсанд бўлганидан қудаларини уларга, уларни қудаларига таништириб, зиёфат қила бошлади. Уй бекаси ҳам пазанда экан-да ўзиям! Зиралаб пиширилган димлама, қазили ош, қип-қизил жўжа кабоб билан тўрт-беш шиша думалаб қолди. Ким-кимнинг меҳмони эканлиги билинмасди. Ҳар ким ёнида ўтирган одам билан улфат бўлиб, дардлашиб, табриклаб узоқ ўтиришди. Ниҳоят ярим тунда меҳмонлар "Кетамиз" деб, ўринларидан туришди. Тўрда икки-уч киши    майингина хуррак отарди. Бутунлай маст бўлиб қолган Бердимуродга кимдир даҳлиздаги кийим илгичдан қандайдир пальто билан телпакни кийгизди. У оёғини зўрға босар, қаёққа кетаётганини англай олмасди. Икки киши унинг қўлтиғидан олиб, машинага ўтқизишди ва машина жойидан силжиди. "Уйга машинада борарканман-да!" - деган ўй келди хаёлига ва иссиққина машинада пинакка кетди. Машина анча юрди. Ўнқир-чўнқир кўчалардан бурилгач, қандайдир ҳовлида тўхтади. Маст шериклари уни туширишиб, бир уйнинг чекка хонасига ётқизиб кетишди.

- Янга, хўжайнингиз сал чарчабди, ётқиздик. Хавотир олманг, улфатлар ўзларича қийқиришиб, жўнаб кетишди. Деразадан эрининг пальтоси билан телпагини таниган аёл, хотиржам бўлиб, болаларини ухлата бошлади.

Эрталаб боши лўқиллаб уйғонган Бердимурод аста  кўзини очди. Тўрдаги сервант ва бошқа жиҳозларни кўриб,ичида : "Ҳа,Собир мебелларини янгилабди-да! ", - деб қўйди. Уйдагиларга нима дейишини ўйлаб ётган эди,эшик очилиб,кимдир уни туртди:

-Ҳой дадаси! Туринг энди! Пальтода ётиб қолибсиз?

" А! Дадаси дедими?! Ким бу?" -нотаниш овозни эшитиб,у аста бурилди. Ё фалак! Остонада бутунлай бегона аёл турарди. Лекин бу Собирнинг хотини ҳам эмас! Уни кўриб аёл бақира бошлади :

-А,-а,-а! Кимсан? Вой-дод! Эрим қани?

-Сиз кимсиз? -ранги оқариб сўради Бердимурод.

Аёл бўлса борган сари авжи келиб бақира бошлади.

-Вой-дод! Ўғри!!! Эрим қани? Устидаги пальто билан телпак эримники-ку! Эримни нима қилдинглар?!

Аёл шанғиллаб ҳовлига отилди. Ташқарида аввалига дупур-дупур оёқ товушлари, кейин  "Қани? Ким у?" - деган овозлар эшитилди. Бердимурод  қўрқа-писа ташқарига чиқди. Енгилгина қор ёққан. Совуқданми, қўрқувданми у қалтирай бошлади. Бутунлай нотаниш жой.  Ё тавба?! Қаерга келиб қолди? Кимнинг уйи бу ер?

Шу пайт нариги эшик очилиб,ҳалиги аёл билан икки йигит кўринди:

-Сиз кимсиз?

Йигитларнинг важоҳати ёмон эди. Бердимурод дудуқлана-дудуқлана ўзини таништирди.

-Бизнинг поччамиз  Шукур ака қани?

Боши ғувуллаётган Бердимурод шуни сал-пал англади-ки, у уйидан 20 километр наридаги қўшни қишлоқлик Шукур Турдиев  деган одамнинг уйига келиб қолибди, лекин қандай келган ҳеч   эслолмади. Бу чувалган масалага аёлнинг кейинги гапи са-ал ойдинлик киритгандай бўлди:

-Кеча дадаси қудамизникига кетувдилар.  

-Қудангиз ким?

-Нариги қишлоқдаги мол духтир  Толиб ака!

-Ҳа-а, энди эсладим, пешонасини силади Бердимурод. Олдин Собирникида ўтирдик, кейин Авазникида, кейин Толиб аканикига ўтувдик. Байрам ҳам ... "Зўр бўлди" - демоқчи эди, ёнидагилардан уялди.  

- Охирги уйда кимлардир дам олиб қолувди. Менга кимдир поччангизнинг кийимларини кийгизибди. Кейин шу ерга олиб келган.

- Улар ҳам сиздан нарақ-берақ бўлишган, - заҳархандалик билан жавоб берди аёл.

Бердимурод индамай қўяқолди, кейин ёнидаги йигитларга ялинди:

- Оғайнилар! Бугун байрам ахир! Мени уйимга олиб боринглар, илтимос. Биратўла поччангизни ҳам топамиз!

Йўлда машинада келишар экан, Бердимурод уялганидан  "Миқ" этмас,боши эгилган. Лекин йигитларидан бири шўхроқ экан, қиқирлаб кулди :

- Бу дейман янги йил байрами зўр бўлибди-да, а дублёр почча?

- У нима деганингиз?

- Шукур почча ҳақиқий поччамиз. У киши ўчиб қолса, дублёр составдан сизни почча дерканмиз-да!

- Ҳа, -ҳа, -ҳа, -машина ичи кулгига тўлди.

- Лекин опам эшитмасин бу гапни. Т-иш-ш!

Улар духтир Толиб аканикига келишганда, уй эгаси, Шукур ака, Собир - учаласи ўтирволишиб, бош оғриғи қилишмоқда эди.

-Э, -э, -э. Кел Бердимурод. Қаёқларда юрибсан,болаларинг икки марта сўраб кетишди? Айни вақтида келдинг-да. Ҳозир есть қиламиз!

- Йўқ, йўқ, ортига тисарилди Бердимурод.   

- Мана пальтонгиз, телпак. Менинг тўнимни узатвор. Уйга кетдим.

Унинг ортидан  "Ҳой қаёққа?!  Бу нимаси?" - деган қичқириқлар эшитилди, лекин у жадаллик билан кўчага отилди. Бўлди-да ахир! Кўр ҳам ҳассасини  бир марта йўқотади. 

Бобораҳмат МУҲАММАДИЕВ,

 56- умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчиси. 

Калит сўз: мутолаа
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда