• 15:53 – "Долзарб 15 кунлик" 
  • 17:28 – Fermer xo‘jaligi tashkil etish tartibi 
  • 10:10 – Туманда пахта терими бошланди 
  • 09:45 – Туманда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш бошланди 

Безорилик: жамоат жойларида тартиб- қоидаларга ҳурматсизликдир

Безорилик жинояти тушунчаси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддасида баён қилинган бўлиб, унга кўра жамоат жойларида тартиб қоидаларга ҳурматсизлик билдириш, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкини нобуд қилиш, жиддий зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилишига безорилик деб айтилади.

Безорилик баён қилинган ЖКнинг 277-моддаси уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида оддий безорилик жиноятининг тавсифи келтирилган.

Иккинчи қисмида безорилик жинояти баданга шикаст етказиб бир гуруҳ   шахслар томонидан, совуқ қурол ёки кишининг соғлиги учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни намойиш қилиб, уларни қўллаш орқали қўрқитиб, ўз мазмунига кўра умумэътироф этган аҳлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан, ёш бола, қария, ногирон ёки ожиз аҳволдаги шахсларни хўрлаб ёки кўп миқдорда зарар етказиб, бировнинг мулкини нобуд қилиб ёки унга шикаст етказиб содир этса, қилмиши иккинчи қисм билан квалификация қилинади.

Агар безорилик жинояти такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, ўқотар қуролни намойиш қилиб, уни қўллаш билан қўрқитиб ёки қўллаб, оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда ёинки жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса,  қилмиши ЖКнинг 277-моддаси учинчи қисми билан квалификация қилинади.

Безориликка оид ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан қарор қабул қилинган бўлиб, унда судлар амалиётда безорилик жиноятларини квалификация қилишда йўл қўйилиши мумкин бўлган хато-камчиликларни бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик деганда, қонунларга, ахлоқ-одоб нормаларига, жамиятда мавжуд бўлган урф-одат ва анъаналарга ҳурматсизлик тушунилади.

Қонун мазмунига кўра айбдор ўзининг ҳаракатлари билан жамоат тартибини бузаётганлигини англаши лозим. Бунда мазкур хатти-ҳаракатлар билан жамоат тартибини бузиш ўртасида сабабий боғланиш бўлиши шарт. Сабабий боғланиш аниқланмаган ҳолда қилмиши шахсга ёки мулкка қарши қаратилган жиноят деб баҳоланиши лозим.

Судлар   безорилик жинояти билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланмиш майда безориликни бир-биридан фарқлашлари зарур. 

Уриш-дўппослаш деганда, айбдор томонидан жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиб,  шахснинг баданига шикаст етказмаган ҳолда бир неча зарба бериш тушунилади.

Совуқ қурол шахснинг соғлигига амалда шикаст етказиши мумкин бўлган бошқа нарсаларни қўллаш деганда, айбдорнинг улар воситасида безорилик ҳаракатлари давомида жабрланувчига нисбатан тан жароҳати етказган ёки етказишга ҳаракат қилган ҳоллар тушунилиши лозим.

Совуқ қурол - деганда, ўз моҳиятига кўра инсоннинг ҳаёти ва соғлигига қарши ишлатиш учун мўлжалланган, суд-криминалистик экспертизаси хулосасига мувофиқ совуқ қурол деб топилган нарсалар тушунилади.

Шахснинг соғлигига амалда шикаст етказиши мумкин бўлган бошқа нарсалар туркумига айбдор томонидан ўша мақсадларда безорилик ҳаракатлари давомида фойдаланилган ҳар қандай нарсалар киради.

Безорилик ҳаракатлари ўтакетган беҳаёлик билан содир этилган деб топиш масаласини ҳал этиш чоғида суд ишнинг муайян ҳолатлари мажмуидан келиб чиқиши ҳамда содир этилган жиноятнинг хусусияти, вақти, жойи ва шарт-шароитларини инобатга олиши лозим.

Хўрлаш - деганда,  шахсга жисмоний жиҳатдан азоб бериш ёки уни қийнаш тушунилади.

Ожизлик, жабрланувчининг жисмоний ёки руҳий носоғломлиги туфайли жиноятчига қаршилик кўрсата олмаслигида, ўз ҳуқуқлари, манфаатлари ва қадр-қимматини ҳимоя эта олмаслигида,   шунингдек кутилаётган хавфдан сақлана олмаслигида намоён бўлади.

Жиноий ҳаракатни ушбу банд билан квалификация қилиш учун айбдор шахс жабрланувчининг ёш болалиги, қариялиги, ногиронлиги ёки ожиз аҳволда эканлигини англаб етган бўлиши талаб этилади.

Оммавий тадбирлар пайтидаги безорилик, оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш таҳдиди билан хавфлидир.

Оммавий тадбир — деганда, белгиланган тартибда давлат ҳокимияти ва  бошқарув органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, ўзини-ўзи  бошқариш органлари томонидан ташкил этилган расмий тадбирлар тушунилади.

Безорилик ҳаракатлари тугагандан кейин, шу жумладан, айбдор ушлангандан сўнг кўрсатилган қаршилик, безорилик жиноятининг аломатларига хос ҳолат деб ҳисобланмаслиги ва бундай ҳолда қилмиши жиноятлар мажмуи билан квалификация қилиниши лозим.

Тергов органлари шахсни айбланувчи тариқасида жиноят ишида иштирок    этишга     жалб    қилиш тўғрисидаги    қарорида,     айблов  хулосасида, суд эса ҳукмда қайси аломатларга кўра айбдорнинг қилмиши ЖКнинг 277-моддаси тегишли қисми ва бандлари билан квалификация қилинганлигини аниқ кўрсатиши шарт.

Агар суд, айбланувчи зиммасига айблов билан боғлиқ бошқа айбловни қўйиш учун ёхуд айбловни айблов билан ёки ҳақиқий ҳолатга кўра   айблов хулосасида назарда тутилганидан жиддий фарқ қиладиган  айблов билан алмаштириш учун асослар мавжуд деган фикрга келса, жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтаради.

Судлар безорилик жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда жиноят қонунининг умумий асосларидан ва Олий суд Пленумининг жиноят учун жазо тайинлаш масалаларига бағишланган қарорларида берилган тушунтиришлардан келиб чиқиб чора кўришлари лозим.

Безорилик жинояти аксарият ҳолларда мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёхуд кишининг ақл идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида содир қилинишини инобатга олган ҳолда, судлар, алкоголизмга, гиёҳвандликка ўрганган шахсларга нисбатан, тиббий хулоса мавжуд бўлганда, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳукмда муҳокама қилишлари лозим.

Наби РАЙИМОВ,

жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.

Калит сўз: жиноят ва жазо
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда