• 17:28 – Fermer xo‘jaligi tashkil etish tartibi 
  • 09:45 – Туманда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш бошланди 
  • 10:37 – Туманнинг асосий иктисодий ривожланиш кўрсатгичлари 
  • 16:45 – ТУМАННИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 

Боқимандалик... уят эмасми?

Ушбу мақоланинг ёзилишига яқинда маҳалламизда бўлиб ўтган йиғилишдаги тортишув сабаб бўлди. Маҳалла раиси кам таъминланган оилалар рўйхатига киритиш учун ариза берган кишиларни бирма-бир таништирганидан сўнг кескин мунозара бошланиб кетди. Кимларнинг ногирон фарзанди бор, кимдир умр йўлдошидан айрилган, кимдир қаровчисиз қолган, ҳатто кимнингдир фарзанди ўқишда. Шу маҳаллада муқим яшаганим, хизмат тақозоси билан ҳамма қишлоқдошларимнинг уйларига борганлигим сабабли яшаш шароитини яхши биламан. Шароити оғир кишилар қолиб, тоғни урса талқон қиладиган, ишга яроқли кишилар, давлатдан уялмай нетмай  ариза ёзиб кам таъминланган оилалар рўйхатига киришни орзу қилганлар тўғриси мени ажаблантирди. Ҳаттоки кимлардир уларни маъқуллади ҳам. Кимлардир эса, ишласинда, қачонгача давлат ёрдам беради, уларга ҳар йили ёрдам берасизлар, нега ишламайди, соғ бўлса, бераверсангиз еб ётаверадида, дея фикр билдирди. Энсам қотиб уйга келганимдан сўнг, хаёлимдан ўтан асрнинг 70 йилларидаги мактабда бўлган бир воқеа кўз ўнгимдан ўтди. 

6-синфда ўқирдик. Синф раҳбаримиз дарсдан сўнг собиқ иттифоқ болаларни ўқиши учун шароитлар яратганини хўп таърифлади. Аслида биз ўша пайтларда оддий читдан қилинган дафтархалта, сиёҳдон, пероли ручкаларда, ҳатто ойналари йўқ синф хоналарда  дарс ўтардик. Ўқитувчимиз таърифига, дунёда бизнинг мамлакатимиздан бошқа болаларга ғамхўрлик қиладиган, ривожланган мамлакат йўқ эканлигига ишонардик. Таърифлар тугагач ота-онасидан жудо бўлган акалари қарамоғида яшайдиган бир ўртоғимизни ёнига чорлади ва стол остидан 1 дона кирза этик олиб: "Мана буларни маза қилиб кийиб юрасан, буларни сенга ҳукумат совға қилди"- деди. Биз синфдошлар ҳаммамиз ҳавас қилдик. Чунки, бунақа янги кийимлар бизда ҳам йўқ. Акаларимизни эскиларини кийиб борардик. Шу пайт биз кутмаган воқеа рўй берди. Синфдошимиз бирдан йиғлаб юбордида: "Керак эмас бу нарсаларинг, мен боқиманда эмасман", - деб синфдан отилиб чиқиб кетиб уч кун мактабга келмади. Кейинчалик ушбу буюмларни ўқитувчимиз уйига олиб борганда, акалари ҳам олишмаган, ўқитувчимизни изза қилиб чиқариб юборишган экан.

Кимларнингдир назарида бу воқеа арзимас бўлиб туюлиши мумкин, лекин, ўша пайтлари қорни нонга тўймаган усти юпин боланинг орияти қанчалик кучлилигини сезаяпсизми? 

Бизчи, биз? Фаровон бир юртда яшаяпмиз, қани биздаги орият? Нега шукр қилиш ўрнига ҳадеб нолейверамиз? Мустақиллигимиз қўлга киритилгандан сўнг қийинчиликлар бўлиб, дўконлар бўшаб қолди. Кўпчилигимизнинг уйимизга меҳмон келса, дастурхонга ҳаттоки ширинлик қўя олмадикку! Ҳатто лалми жойларда томорқаси борлар нўхат, зиғир, арпа, бўғдой экиб мўл ҳосил олдику! Нега ҳозирги кунда томорқаларимизга экинларни экмай қўйдик. Чунки, шукурки дўконларимиз, бозорларимиз бирдай қишин-ёзин  мева-чева, сабзавотлар билан тўлиб-тошиб кетди. Уйимизга меҳмон келса дастурхонда бўш жой қолмайди. Арзончилик бўлгани сайин боқимандалик кайфиятидан қутилмаяпмиз. «Ватан учун мен нима қилдимки давлатдан ёрдам кутаман?» - деган саволни ўзимизга бериб, виждонан ўйлаб кўрсак, қўлларимиз қавариб кетмон чопсак, томорқаларимизга мевали кўчатлар эксак, болаларимизга боғ-роғлар қолдирсак шунинг ўзи катта бойлик эмасми?

Маҳалламиз обрўсига путур етказиб фақат ёрдам сўраб боргунча, давлатимиз бериб қуйган имкониятлардан фойдаланиб ёрдам беринг, мен ҳам тадбиркор бўлиб, эл-юртга фойдам тегсин рўзғорим обод бўлсин десак бўлади-ку.

Ахир имконияти чекланган ногиронлар ҳам тадбиркорлик қилиб оиласини боқаётган бир замонда тўрт мучамиз соғ бўлиб, кимлардандир қачонгача ёрдам кутиб боқиманда бўламиз. Боқимандалик уят эмасми?

Ўктам САТТОРОВ.     

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда