• 16:06 – МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ НИМАЛАРГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ? 
  • 09:28 – Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилишидан мақсад нима? 
  • 18:58 – НУРОБОД ТУМАНИНИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 
  • 18:46 – Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши ҳамда маъмурий судлар тизимини оптималлаштириши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида 

Она юртимизнинг бахтли бекалари

Булбулларнинг майин хониши эшитилиб, аҳён-аҳёнда қушлар чуғури қулоққа чалинмоқда. Қир-адирларда кўклам элчиси бойчечакнинг кўриниш бериши ва майин шабаданинг ёқимли елиши баҳор фаслининг кириб келаётганидан дарак беради. Баҳорнинг илк кунларида Халқаро хотин-қизлар байрамига тайёргарлик авжида. Баҳор ва аёл, меҳр ва муҳаббат ҳар иккала сўз ҳам бир-бирини тўлдирадигандай, бир-бирига боғлиқдай назаримда. Чунки, баҳорнинг илк кунларида аёлларга бўлган эътибордан буни англаш мумкин. Азалий ва олижаноб қадриятларимизни уйғунлаштириб 8-март байрамини нишонлаймиз. Бу байрамда аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос урф-одатга айланган.

Бугунги кун аёли нафақат оиласи, балки давлат ва жамият тараққиёти учун ҳам керакли ва ўта муҳим шахсдир. Буни жамиятимизда тиним билмай, эл корига яраш мақсадида елиб-югуриб меҳнат қилаётган жафокаш опа-сингилларимиз мисолида англаб етаяпмиз. Халқимизнинг бераётган имкониятларидан тўғри, ўз вақтида фойдаланаётган аёлларимиз ҳаракат қилишдан, меҳнат қилишдан ҳеч қачон тўхташмайди. Улар ўзига яраша залворли, инсонни тоблайдиган касбларни танлаб, зиммасига улкан масъулиятни юклаб олади ва шундай шиддатли замонда, берилган ишончни оқлаш учун бор маҳоратларини ишга солади. Қўл қовуштириб ўтиришни уят биладилар. 

Меҳнатдан чиниқиб тобланган аёлларимиздан "Дунёда энг тотли ва энг ширин нарса нима", деб сўрасангиз, улар албатта "Фарзанд камоли ва оила тинч-тотувлиги", дея жавоб беради. Чунки, оилапарвар ўзбек аёлининг ўз оиласига, севимли ёрига садоқати нақадар буюклигига ва аёл зотининг меҳру-муҳаббатининг кучига, жасоратига тан бермасдан иложимиз йўқ.

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан гўзал ва муқаддас аёлларимиз эъзозланиб,  ардоқланиб ҳаётидан мамнун яшашлари, юрт корига ярайдиган фарзандларни тарбиялашлари, қолаверса, ўзлари ҳам бемалол эркаклар билан тенг бўлиб барча соҳада юксак марраларни забт этишлари учун  қўллаб-қувватланмоқда. Қалбида самимийлик, меҳр-оқибат уфуриб турган аёлларимизнинг чеҳрасидан ҳамиша нур ёғилиб туради. Ҳақиқий ўзбек аёлининг латофати ҳам мана шундай хислатлари борлигидадир.

Буюк бобомиз Алишер Навоий   "Жаннат оналарнинг оёғи остидадур" деб бежизга таъкидламаган.  Зеро, оиланинг тўкислиги ва бутунлигида, жамият равнақида, энг асосийси болалар тарбиясида муҳтарама онахонларимизни, опа-сингилларимизни, мунис аёлларимизни беқиёс ўрни бор. Уларнинг қўлида чинакам юрт эгалари вояга етади. Кенг далаларимиз, адирларимиз узра кўклам нафаси сезилиб турган шу кунларда 8-Март  Халқаро хотин-қизлар байрамини нишонлашни режалаштираяпмиз. Аслида баҳор ҳам, аёл ҳам ҳар бир кўнгилда ҳаётга муҳаббат, умид, меҳр каби беқиёс ҳисларни уйғотади. Баҳор ва аёл ниҳоятда ардоқли сўзлар. Шу икки сўз бир-бирини тўлдирган, бир-бирига ҳамоҳанг эканини ҳис этамиз. Азизлар келинглар, баҳорнинг илк кунларида жамиятимизнинг ҳар жабҳада илғор ва касбига, оиласига содиқ бўлган аёлларининг қалбларига қулоқ тутиб, уларнинг дил сўзларини  тинглаб кўрайлик.


Шоҳиста РАЖАБОВА:

Нурбулоқ 16-сон қишлоқ оилавий поликлиникаси, олий тоифали стаматолог врачи.

-Мен  меҳрибон она, оила бекаси ва ўз касбига фидойи бўлган  жамиятнинг тўлақонли аёли сифатида шуни мамнуният билан айта оламанки бизнинг юртимиз "Буюк имкониятлар юрти"дир. Аёлларимизга кўрсатилаётган эътибордан эса ҳар куни, ҳар соат роҳатланиб яшаш мумкин. 

Давлатимизни тиббиётга бўлган юксак эътиборини кўриб, биз соҳа ходимлари ҳам беҳад мамнунмиз. Тиббий хизмат тубдан ислоҳ қилиниб, ҳуқуқий асоси мустаҳкамланганлиги халқимизни қувонтирди. Қолаверса, тиббиёт соҳасида катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Шунингдек, тиббиёт ходимининг қадри юксалаяпти. 

Аслида мен одамлар дардига малҳам бўлиш истагида шифокорлик касбини танлаганман. Ёшлигимдан хаста инсонни кўрсам, уларга тиргак бўлгим келаверади. Билимимни,  бор маҳоратимни халқимни соғлигини тиклашдек олий мақсад йўлида  сарфлашни истайман. Шунча йўлни босиб ўтсамда, ҳали олдимда забт этилмаган марралар кўплигини ҳис қиламан. Ҳар сафар беморларим тузалиб менга раҳмат айтганида ўзимни жамият учун керакли инсон эканимни тушуниб етаман ва "Бу соҳани танлаб адашмаган эканман",  деб  ўзимдан-ўзим мамнун бўламан. Мен энг аввало моҳир шифокор, ўз касбимнинг билимдони, касбим ортидан, ҳурмат, саодат топган, нафақат иш жойимда, балки маҳалламда, оиламда обрў-эътиборга эга бўлган аёл бўлишни истайман. 

Юртимизда мўътабар аёл зотига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш натижасида  уларни жамиятимиздаги ўрнини, нуфузини оширишга эришилади. Бу эса аёлларни иқтидори ва ибратли фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлишини таъминламоқда. 

Азиз Опа-сингиллар, ҳаёт гултожи, жамиятнинг таянчи, бахтли оила бекаси, меҳрибон она сифатида доимо эъзозда бўлинг. Ватанимдаги илғор ва ташаббускор аёлларни Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаб, жамият ривожи йўлида улкан ютуқларга эришишини тилаб қоламан. Ҳамиша юзларидан нур ёғилиб турган   самимий ўзбек аёли тимсоли бўлиб инсонлар қалбидан ўрин эгалланг. Кимгадир керак бўлиб яшаш бахтига муяссар бўлинг. Жамики яхшиликларнинг барчаси сизга тортиқ бўлсин. Меҳр бу  дунёдаги энг буюк туйғу ҳисобланади. Дарҳақиқат, Меҳр-муҳаббатга лойиқ бўлиб юриш бахти сизгада насиб этсин! 


Шоҳида ҒАФФОРОВА:

1-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси. «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони соҳибаси.

Бугун юртимизда хотин-қизларга, бўлган эътибор ўзгача. Мен ҳам оналарини, опа-сингилларини, аёлларини, қизларини қадрлайдиган, ҳимоя қиладиган юрт вакили бўлганимдан ғурурланаман. 

Мана шундай улкан эътибор туфайли биз аёллар, яъни, ўзбек аёллари илм-фан, таълим ва шу каби бошқа соҳаларнинг илғорлари бўлиш мақсадида ўз салоҳиятларимизни намоён этмоқ учун ҳаракат қилмоқдамиз. Ҳаракатларимиз натижасида кўплаб ютуқларни қўлга киритган раҳбар аёллар сафи кенгаймоқда. 

Таълим соҳасидаги ўзгаришлар ва эътибордан куч олиб ҳаётим ва фаолиятимда янги босқични бошладим. Давлатимиз раҳбари бизга келажак авлод тақдирини ишониб, билим беришимизда, болаларни етук инсонлар қилиб тарбиялашимизда бизга имкон яратиб бермоқда. Аслида яхши педагогнинг бахти-саодати ҳам кўпчиликнинг ишончида бўлса ажаб эмас. 

Ўқитувчилар жамиятнинг эртанги кунини ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эгадирлар. Мураббийлар меҳрибонлик билан таълим ва тарбияни уйғун равишда олиб борса, шарафли касб ортидан болаларнинг руҳиятини даволай олса ўқувчиларнинг қалбига осонгина кириб бора олади.

Юртимизда масъулиятли вазифаларда ишлашимиз мумкинлигининг ўзи биз учун катта бахт. Бу ишончнинг қадрига етиб, бор билимимизни, салоҳиятимизни, кучимизни, ғайратимизни ёш авлод тарбияси йўлида, Ватан манфаати йўлида сафарбар этмоғимиз лозим. Бизга билдирилган юксак     ишончга жавобан янада талабчан, меҳрли ва меҳнаткаш бўлишга ҳаракат қиламан. Ўз ўқувчиларимга инсон қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар  ҳалол, меҳнатсевар, ҳақиқатгўй бўлиши лозимлигини, ўзларининг устида ишлашдан тўхтамасликларини ҳар бир дарсимда эслатиб тураман. Самарали меҳнатим эвазига меҳрибон устоз сифатида ўқувчиларимнинг қалбидан жой олишни истайман.  

Тинч ва келажаги порлоқ бўлган Ватанда мен севган касбим билан     машғулман. Менинг фикримча инсонлар шундай яшаши керакки, одамлар ортингдан фақат яхшилик билан, самимий хислатларинг билан эслашсин.  Одамларга меҳр улашсам, билимим, тажрибам билан кимгадир ёрдамим тегса, бу мен учун катта бахт. Шундагина, қилаётган ишимдан ўзим ҳам завқланаман.

Биз бугун баҳорий кайфият билан улуғ ва фусункор айёмни нишонлаяпмиз. Фурсатдан фойдаланиб барча аёлларимизни байрам билан муборакбод этаман. Элимиз бахтига, фарзандларингиз бахтига, оилангиз бахтига ҳамиша соғ ва омон бўлинглар!  Дарҳақиқат ўзбек аёлига фақат шуларнинг ўзи кифоя.


Адиба ХОЛДОРОВА:

77-умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиси.

Биз, ўзбек фарзандлари ҳақиқатдан ҳам толеи порлоқ, юксак эътибордаги, қўллаб-қувватланаётган авлодмиз. Юртимизда болалар келажагига бўлган ишонч ўзгача. Ҳукуматимиз томонидан таълим масканларига қандай шароит керак бўлса, ҳаммаси муҳайё қилинмоқда. 

Президентимиз болаларга бу имкониятларни иқтидорини юзага чиқариши, юксак марраларни забт этиши, янгилик яратиши, ота-боболарига муносиб даражада тарбияланиши учун  тақдим этяпти. Бундай шароит ва эътибордан сўнг "Шунчаки ўқиб, шунчаки яшаб бўлмайди", деб ҳисоблайман. Бу борада оналаримиз ҳам бизни қўллаб-қувватлайди.

Бугун яна баҳор келиб биз қувонч билан Халқаро хотин-қизлар кунини нишонламоқдамиз. Аслида аёл мўжизанинг ўзгинаси. Аёл-бу она ва меҳр деганидир. Уни эъзозлаган,     қадрлаган, ҳурмат қилган фарзанд ҳеч қачон кам бўлмайди. Фарзандини ўйлаганда ўзини хотиржам тута олса онага бундан катта бахт йўқ. Кўрсатаётган ҳурматингдан волидангнинг кўнгли тўлиши, сен учун олтиндан қиммат дуога тенгдир. Агар уни хўрсинишга мажбур қилсанг олаётган дуоларинг яратган даргоҳида қабул бўлмагай. Оналарга дабдаба эмас фақат болаларининг тинчлиги, соғлиғи, уларнинг бахти, камоли керак. Сенинг биргина табассуминг олам-олам қувонч бахшида этади. 

Бу дунёда онасини севмаган инсон ҳаётнинг энг гўзал сирларидан бехабар яшайди. Онанга тинчликни, осудаликни, хотиржамликни, кўнгил тўқлигини таъминлаб бера олсанг ўзингни бемалол бахтиёр одам деб санашинг мумкин. Фарзанд учун дунёда она меҳридан олийроқ мукофот бўлмаса керак. 

Ҳар гал онажонимнинг мендан хавотир олишлари, мени аяшлари, бераётган меҳрининг тугамаслиги менга куч беради. Ортимда мени ўйлайдиган тоғдай қўрғоним борлигининг ўзи катта бахт. Ҳаётнинг биз ёшлар билмаган бир ҳақиқати бор, онамизга эътиборимиз камайсада, йиллар ўтгани сайин уларнинг меҳри кучайса кучаядики, камаймайди. Болаларидан асло кўнгил узолмайди. Балки оналаримизнинг улуғворлиги ҳам шундадир. Уларнинг ҳар босган қадами биз учун бир зиёратгоҳ.

Азизим, борлиғим, бахтимнинг, ҳаётимнинг гултожи онажоним, байрамингиз муборак бўлсин! Ҳамиша оиламизнинг бахтига омон бўлинг. Гулдай очилиб юришингизни аллоҳдан сўраб қоламан. 

Шу қатори юртимиздаги барча муътабар оналаримизни 8-март билан табриклайман. Аёллик латофати, ибо-ҳаёси, меҳр-муҳаббати, сабр-тоқати онажонларимизга зеб бериб турсин. Биз каби ёшларга ҳаётий сабоқ бериб, ҳамиша тиргак бўлиб, узоқ умр кўриб юриш сизларга насиб этсин!

Тайёрлади: Нигора Қурбон қизи.

Калит сўз: бахтли бекалар
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда