• 10:06 – Конституция – эркимиз кафолати 
  • 09:14 – Туман ҳокими қарори 
  • 14:59 – Рақамларда технологиялар бўйича туманимиз намунали ҳудудга айлантирилади 
  • 17:51 – ДИАГНОСТИК МАРКАЗ иш бошлади 

Менинг бобом – қаҳрамон!


Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Исроил Мирзаев 1918 йил Самарқанд вилояти Нуробод туманининг  Бошқудуқ қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. У оилада ёлғиз фарзанд бўлсада, оғир-босиқ, хушмуомала, ўйчан, каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўлиб улғайди. Мактабни тугатиб, Исроил Мирзаев колхозга ишга киради.

1939 йилда Исроил Мирзаев ҳарбий хизматга чақирилади. Ҳарбий тайёргарликни ўрганаётган вақтида кутилмаганда Финландия уруши бошланганлиги сабабли Исроил Мирзаев хизматдош дўстлари қатори жанг майдонига сафарбар қилинади. 1940 йилда уруш тугаганлиги сабабли аскарлар қатори хизмат жойига қайтарилади. 1941-йилда харбий хизматни тугатиб, қишлоғига қайтмоқчи бўлиб турганида Исроил Мирзаевнинг тақдиридаги иккинчи уруш Иккинчи жаҳон уруши бошланади. Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Исроил Мирзаев пулемётчи қисм жангчилари сафида Москва, Сталинград, Севастополь, Одесса, Қрим, Дон, Волга қалъаси озодлиги учун жанг қилиб, Берлин остонасигача душманни тор-мор этишда қатнашади. Исроил Мирзаев жанг майдонида партия сафига қабул қилинади ва осойишта кунлар учун фашистлар устидан ғалаба қозонишига ўз ҳиссасини қўшади. Исроил Мирзаев 1946 йилда ҳаётидаги учинчи уруш Япония урушида қатнашиб ниҳоят барча машаққатларни сабр-бардош билан енгиб, ниҳоят етти йилдан сўнг ўзининг Ватанига қайтади.

Исроил Мирзаев Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонликлари сабабли учала даражадаги “Шухрат” ордени, “Қизил юлдуз” ордени, учта “Жасурлиги учун” медали, Иккинчи жаҳон уруши ғалабасининг 20, 40, 50, 60 йиллик юбилей медаллари, “Германия озодлиги учун”, “Варшава озодлиги учун”, “Белоруссия фронти” ва “Жасорат” медалларига сазовор бўлган.

Урушдан қайтган Исроил Мирзаев колхозга ишга кириб, жон-жахди билан ишга шўнғиб кетади. Исроил Мирзаев иш фаолияти давомида оддий пахта бригадирлигидан, колхоз раиси ўринбосари, раис, фавқулотда вазиятлар бошлиғи, хўжалик партия қўмитаси котиби каби раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилади.

Исроил Мирзаев меҳнатсеварлиги сабабли нафақага чиққандан кейин ҳам йўл қурилиш, мактаб, тиббиёт муассасалариниқуради. Бошқудуқ қишлоғида хотира хиёбони ташкил этади, шаҳарлараро автобус қатновини йўлга қўяди. Шу сабабли  Бошқудуқ қишлоғидагилар Исроил Мирзаев билан фахрланиб, уни “ўзимизнинг” “герой бобо” деб аташади.

Самарқанд вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси тақдим этган материллар асосида тайёрланди.


"Ўзархив" агентлиги Ахборот хизмати


Менинг бобом – қаҳрамон!


Етти йил давомида ФинляндияИккинчи жаҳонЯпония урушларида қатнашганМоскваСталинградСевастополОдессаҚримДонВолгаБелоруссияВаршава каби шаҳарлар озодлиги йўлидаги жангларда иштирок этганто Берлин остонасигача борганкўрсатган қаҳрамонлиги учала даражадаги “Шуҳрат” ордени, “Қизил юлдуз” ордениучта “Жасурлиги учун” медалиИккинчи жаҳон уруши ғалабасининг 20, 40, 50, 60 йиллик юбилейи медаллари, “Германия озодлиги учун”, “Варшава озодлиги учун”, “Белоруссия фронти” ва “Жасорат” медали билан тақдирлангантикланиш йилларида алоҳида намуна кўрсатган бобом Исроил Мирзаев ҳақли равишда бизнинг фахримиз эди.

Бобомни бутун эл ҳурмат билан “Герой бува” дейишарди. То умрининг охиригача шундай эътироф, иззат-икром уни тарк этмади. Бобом табиатан самимий, элпарвар ва дастурхони очиқ инсон эди. Ҳар доим хонадонидан сўраб келувчилар, ҳангома талаблар, меҳмонлар сафи узилмасди. Дилкаш инсонлиги боис унинг ичакузди ҳангомалари, уруш хотиралари даврага файз бағишларди. Чунки катта ҳаёт йўлини босиб ўтган бу инсоннинг гурунги ҳам бошқача эди. Ҳозир ҳам Герой бобомнинг гурунгларини, барча олижаноб фазилатларини эл-элат фахр билан кўп эслайди. Бобом 2009 йил 27 январда 91 ёшида вафот этди. Агарда, бобом айни пайтда ҳаёт бўлганида 100 ёшдан ошган бўларди. Афсуски, бу инсондан биз авлодларга жасоратли ҳаёт йўли, эзгу ишлар ва ширин хотиралар қолди, холос...

Жангчининг туғилиши

Бобом таваллуд топган Бошқудуқ қишлоғи - Нуробод туманининг энг йирик аҳоли масканларидан бириАйни пайтда бу қишлоқда 668 та хонадон, 3280 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқдаҚишлоқнинг ўзига хос тарихи боралбаттаТашкил топиши бир неча юз йилларга бориб тақаладиЭскиларнинг айтишичабу жойлар бир пайтлар кенг даштлик бўлган эканКейинчалик яшаш учун ҳар томонлама мос бўлгани учун кўчманчи аҳоли аста-секин ўтроқлашиб қолганЎзлари учун бошпана – қора уй тиклабиморатлар қуришганЧорвачилик ва деҳқончиликни касб этганКейинчалик аҳоли ўсиши ҳисобига ЭлбегиҚовчинҚозитўпПастовулЯнги тегирмонЯнги қишлоқ каби маҳаллалар пайдо бўлганБу қишлоқдан ўз даврининг ҳақиқий ўқимишли инсонлари етишиб чиққанПарда охунМуқим қозиЖўра дўммулла Рустаммулла ҲусанОмонтурди ҚодировИсмоил Ҳасанов сингари эл дарғалари шулар жумласидандир.

Қишлоқнинг илгариги қиёфасиодамлар турмуш тарзи кечагидек ёдимдаБир-биридан узоқгоҳ у қиргоҳ бу қирда жойлашган пастқам чим уйларлойсувоқ иморатлартупроқ кўчалародамларнинг оддий ҳаёт тарзи гўзал ва жозибали эдиАтроф айни баҳорда янада яшнаб кетардиҚизғалдоқлар дашту далаларниҳаттокиуй устиборлиқни алвон рангга тўлдириб юборардиОдамларнинг кайфиятиэртанги куниалбатта йилнинг келишига боғлиқ эдиКўклам серёғин келса, берди Худо! Одамларнинг чўмичи мой устида бўларди. Арпа-буғдой, нўхат, кунжут, зиғир, масхардан тонналаб хирмон кўтарарди. Бу даромад билан эл ҳам ўзини, ҳам бозорни боқарди. Йил қурғончил келса унинг тамоман акси эди...

Ўша даврдаги қишлоқ одамлари тамоман бошқача, бир-бирига меҳрли, меҳрибон эди. Меҳмон келса, ҳеч ким четда турмасди. Қўноқнинг ҳурматини жойига қуярди. Айниқса, курашли-кўпкарили тўйларда қўноқ олиб, меҳмонни бор меҳри билан сийларди.

Қишлоқ тарихи ҳақида кексалардан кўп сўраганман. Уларнинг таъкидлашича, Нурободнинг кўп қишлоқлари номи бевосита қудуқ номи билан боғлиқ. Жумладан, Бошқудуқ, Жарқудуқ, Оғзи катта, Ўттизқулоч ва ҳоказо. Қишлоғимизда ҳар бир хонадонда бош-бошига қудуқ бўлгани учун Бошқудуқ, деб ном олган дейишади. Бу ишораларда, шак-шубҳасиз, ҳақиқат бор, албатта.

Қишлоқда биз билган ягона Усмон Юсупов номли 6-мактаб бор. Бу даргоҳда ўтган давр мобайнида минглаб қишлоқ фарзандлари таълим олишган. Юқорида таъкидлаганимиздек, қишлоқ атрофи лалмикор дашту далалардан иборат эди. Кейинчалик 80-йилларда ерлар ўзлаштирилиб, қир-адирлар текисланиб, канал қазилди. Қишлоққа илк оби-ҳаёт келди. Хўжалик ташкил этилди. Бутун умр чорвачиликни касб этган эл бу ўзгаришардан миришкор деҳқонга айланди. Боғ-роғлар, пахтазор майдонлари барпо этилди.


...1918 йил қиши жуда қаттиқ келди. Узлуксиз ёғаётган қор тинай демасди. Бўстон опанинг кўнглига ғулғула тушди. Чунки бўлажак онанинг ой-куни яқин, оғироёқ, янги меҳмон кутарди. У пайтлар шифохона, дўхтир, техника қаерда эди, дейсиз? Ҳамма келинчак уйида “қўзиларди” (ҳамма чорвадор бўлгани боис туғруқни одамларимиз “қўзилатиш”га менгзашган). Қишлоқда доялик ва дўхтир вазифасини бажарувчи, ирим-сиримларга устамон момолар бўларди. Барча чақалоқлар улар кўмагида дунёга келарди...

24 декабрь... Тонг эндигина ғара-шира отиб келаяпти. Бўстон опани тўлғоқ тутди. Аксига олиб қорбўрон забтига олган. Кўз очиргани қўймайди. Начора, Мирза ака бир амаллаб доялик бобида довруқ қозонган Бўвсара момони топиб келди. Қўли енгил эмасми, уй тезда чақалоқ ингасига тўлди. Бу оиладаги илк фарзанд йиғиси эди. Мирза аканинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Сулола давомчиси – янги меҳмон дунёга келганидан ич-ичидан қувонди. Яна денг, ўғил! Чақалоққа Исроил, деб исм қўйишди.

Қаҳрамонимизнинг болалик, ёшлик чоғлари қишлоқда ўтди. Кун сайин буй етиб, рўзғор дастёрига айланди. Даштда мол боқди, машоқ терди. Одамлар ҳаёт тарзини айтмаса ҳам бўларди. Очарчилик одамларнинг силласини қуритганди. Аҳоли бир амаллаб кун кечирар, турмуши ниҳоятда абгор, аянчли эди.

Бобом ҳар гал гурунгда у йиллар суронини эслаб:

- Болам, бугунги дориламон кунларнинг, тинчлик, деган улуғ неъмат ва ноннинг қадрига етиш керак. Қорнимиз нонга тўймаган. Зоғора, атала, кунжара еб катта бўлганмиз. Кунжара нон ўрнини босмас экан. Ундан қанча одамлар шишиб ўлди. Чунки бошқа илож ҳам йўқ эди. Ҳа, очарчилик кўп одамларнинг тинка-мадорини қуритди. Бегуноҳлар умрига зомин бўлди. Ўзимиз ғалла етиштириб, ўзимизга бир пуд ҳам дон тегмасди. Афсуски, қабиҳ давр сиёсати шунақа эди.

Йиллар ўтди... Исроил мактабга оёғида тош калиш, оҳорсиз ямоқ кийим, латта сумкада мактабга борди. Хат-саводини чиқарди. Ўқишни тенг-тушларига нисбатан яхши ўзлаштирди. Аста-секин билаги кучга тўлиб, норғул йигит бўлди. Тўй-томошаларда кураш тушди. Кейинчалик мактабни тугатиб, хўжаликка тракторчи бўлиб ишга кирди.

Ўғли улғайган сайин Мирза ака ва Бўстон опанинг ташвиш-хавотири кундан-кунга ошиб борарди. Негаки, битта-ю битта фарзандини армия кутарди. Онаизор ўғлини олис-олисларга жўнатишни асло хоҳламасди. Начора. Кўнгилга солгани бўлади. Бир куни туман мудофаа ишлари бўлимидан унга чақирув қоғози келди. Бундан ота-она иложсиз қолди. Бу ўғли бор хонадонларга келган тўй. Охир-оқибат йигирма бир ёшни қаршилаган Исроил ҳарбийликка кетадиган бўлди. Ота аскар бўлиш - бу шон-шараф, эр йигитга хос, деб далда берди. Онаси ёмон кўзлардан асрасин, деб бўйнига тумор илди, ризқинг бутун бўлсин, деб нон тишлатди. Ота-онаси ва ҳамқишлоқлари уни 1939 йил баҳор фаслида ой бориб, омон кел, дея ҳарбий хизматга кузатди.


Финляндия уруши

...Эшелон бир ҳафта йўл босгач, ниҳоят бепоён Россиянинг қалин бир ўрмонида тўхтади. Исроил дунёнинг нақадар кенглигини энди билди. Атрофда ҳали қиш заҳри кезарди. Иссиқ ўлкалардан келганлар бундай 40 градусдан ошиқ қаҳратонга, туфласанг тупугинг ерга муз бўлиб тушишига илк дучор бўлиши эди. Начора, барига чидашга, армиянинг барча тартиб-таомилларига сўзсиз риоя этишга ва зобитлар буйруғини бажаришга мажбур эди. Шундай қилиб, оддий аскар Исроил Мирзаев Санкт-Петербург шаҳри яқинида ўша машҳур 275-мотоўқчи полкида пулемётчи сифатида ҳарбий хизматни бошлади. Тактик машғулотларда аскарларга жанг санъати сир-синоати, қуроллардан фойдаланиш ва отиш каби дастлабки кўникмалар пухта ўргатилди. Армияда рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва бошқа миллат вакилларидан яқин дўстлар орттирди. Исроилга барибир юрт, ота-она соғинчи тинчлик бермасди. Ҳар гал бўйнидаги туморини ушлаганда меҳрибон онаси нафасини туярди.

1939 йилнинг сокин ноябрь ойи кунларининг бирида бутун полк узра нохуш хабар тарқалди. Собиқ иттифоқ Финляндияга қарши уруш бошлабди. Шундай қилиб, аскарларни олдинда ҳаёт-мамот жанглари кутарди. Исроил ҳам Ватан шон-шарафи, озодлиги учун муқаддас жангга отланди. Қўлига қурол олиб, кўп мудҳиш кунларни бошдан ўтказди. Жумладан, бир кун тунда бутун қисм огоҳлантирувчи буйруқдан оёққа турди. Тонг отгунча улар жойлашган эшелон номаълум томонга шитоб билан жўнаб кетди. Умрида қўлига қурол ушламаган, уруш нималагини билмаган дашт боласини Финляндия уруши томон борарди. Кечга томон эшелон Виборг шаҳри яқинида тўхтади. Қисм аскарлари яна қалин ўрмонларнинг бирида қўним топди. Тезда қисм танланган жойдан ўзларига плаш-палаткалардан қароргоҳ ҳозирлашди. Яқин-олислардан келаётган гумбурлаш саси қалбларни зирқиратарди. Кечки томон аскарларга бўлинма олдига қўйилган тактик режа батафсил тушунтирилди.

- Ҳадемай жангга кирамиз. Душманга қақшатқич зарба беришимиз ва албатта, ғалабани таъминлашимиз керак. Жангда матонат кўрсатиш - бу мардлик, ютқазиш эса шармандаликдир. Хоинлик қилган зинҳор кечирилмайди. Буни асло унутмаслик лозим. Ишонаманки, бу борада сизларда чинакам ватанпарварлик, садоқат ва жасорат намуналари мужассам. Биз қачон жангга киришимиз ҳозирча номаълум. Тепадан буйруқни кутамиз. Шундай экан, ўзларингизни қўлга олинг, азиз қуролдошлар! Унутманг, сизларни олдинда яқинларингиз кутяпти, - дея кўрсатмасини якунлади капитан Смирнов. Ҳа, ўт-оловли жангларда ўз бурчини мардонавор адо этиш улкан шон-шараф намунаси эди.


Иккинчи кун пойлоқчилик навбати Исроил ва қозоқ қуролдоши Тулегеннинг чекига тушди. Белгиланган қоровуллик пости қисмдан анча-мунча нарида, ўрмонни шундоқ кесиб ўтган илонизи йўли ёқасида эди. Зобитлар томонидан барча тартиб-талаблар батафсил тушунтирилди. Муҳими, пойлоқчилар ўта сергак ва ҳушёр бўлиши шарт эди. Командирлар айтганидек, душман шундоқ ёнимизда. Оддий эҳтиётсизлик, огоҳ бўлмаслик кўп фалокатларни келтириши мумкин. Афсуски, ўрмондаги аралаш-қуралаш овозлар ҳар қандай шарпани тез илғаш имконини бермасди. Зим-зиё тун. Қаердадир дарахтлар шитирлайди, нимадир увлайди. Қишнинг совуғи эса этни жўнжиктиради. Бир пайт Тулеген аста шивирлаб: “Эшитяпсанми, кимдир биз томонга келяпти”, деб қолди. Исроил бутун диққатини жамлаб атрофга қулоқ тутди. У ҳам ғира-шира овозларни эшитди. Улар борган сари яқинлашиб келарди. Вужудларни титроқ босди. Ниҳоят шарпалар яқин келди. Икки киши экан. Бемалол қайсидир тилда бир маромда гаплашиб келаяпти. Улар душманми, маҳаллий аҳоли вакилларими, ноаниқ эди. Ким бўлса ҳам ортида думи йўқлигига амин бўлишди. Уларни ҳеч қандай шарпасиз шундоқ ўтказиб юборса бўларди. Аммо бошқача йўл танлашди. Исроил Тулегенга уларни асир олиш кераклигига ишора қилди. Қуролдоши бу имони тасдиқлади. Эндигина ўн-ўн беш қадам олислаган шарпалар кутилмаган ҳужумдан ожиз қолишди. Ортдан берилган зарбалардан ерга қулашди. Шунда билдики, асирлар душман аскарлари экан. Ёнидаги қуроллар шундан дарак берарди. Икки қуролдош илк бор дуч келган ўлжани қароргоҳга олиб боришди. Кейинчалик билдики, қўлга туширилган асирлардан кўп маълумотлар олинибди. Бу қисмнинг аниқ ҳаракатда жанг олиб боришига асқотди.

Шу тариқа у қўлига қурол олиб, Финляндия урушида қатнашди, Виборг шаҳри, Карелия давлатида давом этган бешафқат жанг майдонида иштирок этди. Кўз ўнгида кўплаб бегуноҳ яқин дўстларидан айрилди. Исроил Мирзаев урушда кўрсатган қаҳрамонлиги учун “Жасурлиги учун” медали билан тақдирланди. Афсуски, жангларнинг бирида яқин инсонига айланиб қолган  қуролдош дўсти - Тулегендан ва у қатори кўплаб ёру дўстларидан айрилди.

1940 йил мартида урушда ғалабага эришилганлиги ҳақидаги хабар ажал ўқларидан омон қолган зобиту аскарларга қувонч улашди. Чунки ғалабага ҳисса қўшганликлари бир томондан уларни тўлқинлантирса, иккинчи томондан кўплаб ҳарбийлик муддати тугаганлар ҳадемай яқинлари бағрига соғ-саломат боришларини кўз олдига келтириб, энтикишарди. Улар сафида бундай бахтга эришиш остонасида турган бизнинг қаҳрамонимиз ҳам бор эди. Чунки унинг белгиланган хизмат муддати тугашига саноқли ойлар қолганди. Афсуски, ундай бўлмади. Олдинда қаҳрамонимизни бундан-да аянчлироқ жангу жадаллар кутиб турарди...


Ҳаёт-мамот жангоҳларида

1941 йил фашизм ҳужуми билан Иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетди. Қаҳрамонимиз хизмат қилаётган қисм ҳам биринчилардан бўлиб урушга сафарбар этилди. 275-мотоўқчи полкининг оддий аскари, пулемётчи Исроил Мирзаев кўплаб жангу жадалларда қатнашди. Лекин уруш кечинмалари унинг қалбида бир умр ўчмас хотира бўлиб қолганди. Дарвоқе, бобомдан унинг кўксини тўлдириб турган орден-медалларни қачон, қаерда, қайси қаҳрамонликлари учун олганлиги ҳақида кўп сураганман. Тафсилотлари тўғрисида эшитганман.

1942 йил уруш роса забтига олган. Ҳаёт-мамот жанглари аёвсиз, бешафқат давом этарди. Бу даврда душман қўли устун келиб, борган сари сарҳадлар бўйлаб ичкарилаб борарди. Лекин аскарлар тиш-тирноғи билан душманларга қаршилик кўрсатарди. Юрт озодлиги, муқаддас тинчликни таъминлаш йўлида охирги жони қолгунча кураш олиб борарди. Негаки, бу шарт ва муҳим эди. Фашизм қўлига халқининг тақдирини топширишни қалбида қасос оловланган аскарлар асло исташмасди. Шунинг учун ҳам улар жон-жаҳди билан кураш олиб борарди.

Севастополь шаҳри озодлиги учун жангда Исроил Мирзиев хизмат қилаётган қисмга душман истеҳкомига ҳужум қилиш топшириғи юклатилди. Муттасил уч йилдан буён аёвсиз жангларда иштирок этиб келаётган қисм аскарлари роса ҳолдан тойган бўлсалар-да, илоҳий бир куч уларни ҳамиша жасорат ва ғалабага ундарди. Тонг чоғида қисм жангга кирди. Ўртада аёвсиз отишма бошланди. Граната ва миномётлар ишга тушди. Баланд қирликда жойлашган душман пулемёт нуқталари аёвсиз ўт-ўқларни пуркаб, аскарларни олдинга юришга қўймасди. Уруш давомида мерганликнинг анча-мунча яхши ҳадисини олган Исроил бутун диққатини жамлаб, душман нуқталарини нишонга олди. Ниҳоят, кўзлаган нуқтанинг уни ўчди. Иккинчи нуқтани ҳам нишонга олди. Пулемётидан ёғдирган ажал ўқлари бесамар кетди. Сездики, қуруқ отишма билан нуқтани йўқ қилиб бўлмайди. Шунда у иккинчи йўлни танлади. Қўлига гранатани олиб, нуқта сари эмаклаб кетди. Бундай очиқдан-очиқ ҳаракатланиш ўта хавфли эди. Агарда, душман сезинса борми, бари тамом бўлади. Отишма, шовқин-сурон, ўр-йиқит, дод-вой ва тус-тўполон таъсиридан душман унинг яқин келиб қолганини сезмай ҳам қолди. Кучли гумбурлашдан бирданига қарши томондан пулемётлар уни ўчди. Бу аскарлар учун олға юришга очилган йўл эди. Шунда барча олдинга интилди. Жангда Исроил яна 20 дан ортиқ душманларни сафдошлари кўз ўнгида ер тишлатишга улгурди. Жангчиларимиз қўли устун келди. Душман тор-мор этилди. Қаҳрамонимиз кўрсатган жасорат эса қисмда катта шов-шув бўлди. Ҳамда бу қаҳрамонлиги 1942 йилда учинчи даражали “Шуҳрат” ордени билан муносиб тақдирланди.


Уруш – ўз номи билан уруш. Бундай ажал домидан соғ-омон чиқишнинг ўзи катта жасорат ва бахт. Нима бўлганда ҳам юртдошларимизнинг ўша ўтли-суронли йилларда, фронтда кўрсатган фидойиликлари чексиз. Улар сафида Исроил Мирзаев ҳам бор эди. Қаҳрамонимиз ҳаётлигида таъкидлаганидек, 1942-1944 йиллардаги уруш ниҳоятда оғир кечса-да, лекин ғалаба ким томонда бўлишини аниқ-равшан белгилаб берди.

Сталинград остонасида бўлган жанглар ҳар доим бобомнинг қалбини тирнарди. Ҳар доим уруш ҳақида сўзлаб бераётганида оғир хўрсиниб, лаблари титраб кетарди. Бундан уруш асоратлари ҳалиям унинг қалбини жунбишга солишини ҳис этардим. Суҳбат яна қолган жойида давом этарди. Фашизм босқинчилари қадами Сталинградгача етиб, Москвагача бир қадам қолганди. Уруш тинка-мадорни қуритган бўлса-да, аскарлар руҳиятини, иродасини ҳали синдира олмаган эди. Ҳеч ким ўзи ҳақида ўйламай қўйганди. Барчанинг қалбида битта истак – сўнгги нафасигача жанг қилиш.

Бир гал Волга дарёсини қайиқларда кечиб ўтишда душман сезиб қолиб, жанг бошланиб кетди. Суронсиз жангда ўн беш чоғли разведка учун бораётган аскарлар душман қўлига асир тушдик. Бизни ўз қароргоҳига олиб боришди. Қарасак, қўлга тушган асирлар битта биз эмас эканмиз. Юпун кийинган, совуқдан дилдираб қолган қариялар, аёллар, ёш болалар ҳам бор экан. Кўринишидан шу ерда яшовчи маҳаллий аҳоли вакиллари эди. Бир пайт турқи совуқ зобит бошчилигида душман аскарлари кириб келишди. Бу пайтда биз бир тараф, улар бир тараф эди. Ажнабий тилда нималардир деб гаплашиб, кулишди. Бир пайт улар орасидан уч-тўрт ёш чамаси рус қизалоғи зобит томонга юриб кетди. Шундоқ қаршисига борди. Фашист бир зум унга тикилди-да, кутилмаганда шундаям тепдики, бечора қизалоқнинг уни ҳам чиқмади. Оғзидан қони келиб, қилт этмай жон таслим қилди. Мўштипар онаизор фарзанди томон интилганда, автомат овозлари жаранглаб кетди. Бир зумда шундоққина кўз ўнгимизда барини тутдай тўкиб ташлади. Душман мана шундай разил, меҳр-шафқатдан йироқ, одамсифат махлуқлар тоифасидан эди. Бу каби даҳшатларни кўриб, уларга нисбатан нафақат нафратинг, балки вужудингда қасос олиш ҳисси янада ошиб кетаркан.

Бобом бир муддат тин олиб, узоқ ўйланиб қолди. Яна суҳбатини давом эттириб, бошдан кечирганларини сўзлай бошлади. Ҳаётимда бир марта асир тушиб, унинг заҳрини тотганман. Аслида, асирликдан ўлим афзал эди. Шунинг учун ҳам аскарларимиз кўпинча шу йўлни танлашарди. Қўлга тушганимиздан сўнг бизни роса қийнашди. Биздан маълумот олиш учун устимиздан қийноқ сув қўйишди, тирноқларимиз орасига игна санчишди. Аммо барчамиз метин ирода билан туриб, ватандошларимизни сотмадик. Аксинча, тезроқ отиб ташлашларини кутдик. Лекин ундай бўлмади. Улар бизни азоблаш ва эрмак қилишда давом этарди. Очиғи, ҳаётдан умидимиз тамоман сўнган эди. Лекин бир кун ярим тунда шу атрофда фаолият олиб бораётган партизанларнинг душманга қўққисдан ҳужуми бизни яна ҳаётга қайтарди. Ўн уч кунлик асирликдан сўнг яна қисмимизга соғ-омон кириб келганмиз.

Суҳбат яна Сталинград жангларига қайтарди. Урушда туб бурилиш даврини бошлаб берган ушбу шаҳардаги жанглар, аста-секин қўлга киритилаётган ғалабалар душманни саросимага, бизни эса ҳаракатга солиб қўйди. Биласанми, бир гал фашист газанда билан шундоқ рўбару келганман. Ўзбекнинг куч-қудратини унга кўрсатиб қўйганман. Бир пайт командир тўрт нафар аскарни тўсатдан чақириб қолди. Бизга махсус топшириқ бериб, махфий пакетни қўлимизга тутқазди. Уни эҳтиёткорлик билан қўмондонликка етаказишимизни, зинҳор у душман қўлига тушиб қолмаслигини айтди. Коля уни ички кийимлари ичига яширди. Биз тунда йўла тушдик. Агарда, ўта эҳтиёткор бўлмасак, истаган пайтда душман қаршимизда пайдо бўлиши ёки минага дуч келишимиз тайин эди. Олис йўл босиб кетардик. Душман бизни сезган экан. Кутилмаганда қаршимизда пайдо бўлди. Отишма бошланди. Рақиблар биздан кўп эмасми, устун келди. Чунки сон-саноқсиз душман олдида куч жиҳатдан ниҳоятда ожиз эдик. Ойдин тундаги талотўпда бир-биримизнинг тақдиримиз нима бўлганини билмаймиз. Жонҳолатда курашар эканман, бир пайт сирпаниб чуқурликка бошим билан қўлаганим элас-элас эсимда. Бир пайт ўзимга келдим. Атроф жим-жит. Қўлим қаттиқ лат еган экан, зирқираб борарди. Бир амаллаб ўрадан чиқиб олдим. Пайпаслаб бир кўланкани топдим. Қўлим иссиқ намга тегди. Қон эканлигини сездим. Юрагим музлаб кетди. Қарасам, қуролдошим – Магомед. Аллақачон жон берибди, бояқиш. Душман ўқига нишон бўлганлар шу ерда - бир, икки, уч, тўрт, беш.... Ҳаммаси лаънати душманлар мўрдаси эди. Излай-излай яна бир ертубан ётган мўрдани топдим. Секин ўгирсам, Коля. Пайпаслаб ички кийимларидан пакетни топдим. У қондан жиққа нам бўлиб кетибди. Ичимга яширдим. Тўртинчи шеригимни эса излаб топа олмадим. Бунинг устига падар лаънатилар қуролларни ҳам қолдирмабди. Ҳаттоки, ўзимникини ҳам топа олмадим. Қаерга, қайси томонга боришимни билмасдим. Чорасизликдан оёғим тортган жойга кета бошладим. Бу пайтда тонг ҳам отиб кела бошлаганди. Қуёш чиқишидан билдимки, шарқ бу томонда экан. Йўлимни сал-пал тусмолладим. Шундай оҳиста қадам ташлашга мажбур эдимки, қадамимни ўзим ҳам сезмасдим. Бора-бора қаршимдан кенг яланглик чиқиб қолдим. Ундан очиқ кетиш, албатта хавфли эди. Ўзимни яна ўрмонга урдим. Бир пайт қулоғимга ниманингдир овози эшитилди. Секин дарахт бўталарини очиб, кенг йўлдан кимдир бемалол келаётганини билдим. Усти-бошидан душман аскари эканлиги шундоқ сезилиб турарди. Елкасига автоматини тақиб олган. Ёнимга келганда унга ташландим. Чунки вазият шуни тақозо этарди. Занғар, девдай экан. Орамизда кескин кураш бошланди. Гоҳ у, гоҳ мен бир-биримизга мушт тушира бошладик. Бир пайт иккимиз ҳам бир-биримизни қўйиб юбормай, оёққа туриб олдик. У менга шундоқ рўпару келди. Курашларда ғалабага эришадиган яхши усулим - бу елкадан ошириш эди. Куч топиб, немисни елкадан оширдим. Шилқ этиб, оёғим тагига тушди. Икки қўлим билан жонҳолатда шундай буғдимки, қутилишга куч ҳам топа олмади. Автоматини олиб, яна йўлга тушдим. Борган сари ҳолсизланиб борардим. Қанча юрдим билмайман, юришга ҳам ҳолим қолмади. Ерга юзтубан йиқилдим. Бир пайт ўзимга келсам, шох-шаббалар ичида ётибман. Атрофга аллақачон тун чўккан экан. Бу ҳордиқ менга салгина қувват берди. Яна олға кетдим. Шу юришда ҳеч қандай пистирмага дуч келмасдан, эрталабгача йўл юрганман. Бир пайт қаршимда қишлоқ намоён бўлди. Эҳтиёткорлик билан битта уйнинг яқинига бордим. Бир рус кампири ўтин қучоқлаб кулбага кириб кетди. Ортидан мен ҳам  кириб бордим. Қари кампир мени кўриб тахтадек қотиб қолди. Кимлигимни айтганимдан сўнг бироз ўзига келди. Очлигимни айтдим. Менга бир бўрда нон билан, бир товоқ бўтқа тутқазди. Суҳбат давомида бораётган жойим яна икки-уч кунлик йўл бўлиб, душманлардан бироз холи эканлигини, лекин барибир ҳам эҳтиёт бўлишим лозимлигини айтди. Менга йўлга, деб озиқ-овқат берди. Яна йўлга тушдим ва икки кунда соғ-омон манзилга етиб келганман. Ушбу жанговар топшириқни бажарганим учун мана шу “Қизил юлдуз” орденини беришган.

1945 йил... Душман борган сари ортга чекиниб борарди. Лекин шундай бўлса-да, ўртада муросасиз жанглар давом этарди. Март ойида Исроил Мирзаев хизмат қилаётган қисм олдига Кюстриндаги душман истеҳкомини бузиб, душманларни тор-мор этиш вазифаси қўйилди. Қисм навбатдаги жангга шайланарди. Командирлар томонидан зарба берадиган душман техника ва аскарлари сони жиҳатдан кўп бўлса-да, лекин аскарлар шон-шараф учун кураш олиб борса, зафар қучиши мумкинлиги юзасидан руҳлантирилди. Бу пайтда Россия ўрмонларига сал-пал баҳор нафаси эниб қолганди. Разведкадан сўнг қисм душманлар ҳаракатланадиган манзилга яқин жойдан ўзларига истеҳком қуришди.

Эрта саҳарда буйруқ берилди. Бир зумда бутун борлиқ ўт-аланга ичида қолди. Командирлар таъкидлаганидек, душман сон ва техника жиҳатдан устун эди. Лекин аскарлардаги шижоат буни сўндира олмади. Бобом айтганидек, бу ҳаёт-мамот жангини оддий сўзлар билан ифодалаш қийин. Танк тагида янчилганлар, бомба зарбидан мажруҳ бўлганлар, жон таслим қилолмай қийналганлар қисматини таърифлаб бўлмайди. Дайди ўқлар ўчиши мисоли баҳор ёмғирига ўхшарди. Кўз очиргани қўймасди. Бу паллада пулемётчи Исроил Мирзаев ҳам жон-жаҳди билан маҳоратини ишга солганди. Ўнлаб душмаларни йўқ қилди. Ҳамда душманнинг 6 жойдаги хавфли нуқтаси унини ўчирди. Кўплаб қурол-аслаҳалар қўлга киритилди. Кечга томон ғалаба аскарларимиз томонда бўлди. Душманнинг бир қисмигина кўп йўқотишлар билан ортга чекинди. Бобомнинг Кюстрин шаҳри яқинида бўлган бу жангдаги қаҳрамонлиги ва жасорати иккинчи даражали “Шуҳрат” ордени билан тақдирланди.

1945 йил апрель ойи ўрталари... Ғалаба онлари янада яқин эди. Бу пайт аскарларимиз қарийб Берлин остонасига яқинлашиб қолганди. Душман борган сари ожизланиб борса-да, тиш-тирноғи билан аҳён-аҳёнда қаршилик кўрсатишга уринарди. Бобом хизмат қилаётган қисм ҳам аллақачон Германия ҳудудига кириб келганди. Юқоридан берилган топшириққа кўра, уларнинг қисми навбатдаги жангга киришди. Яна шу беаёв жанг, ғалаба учун кураш бошланди. Исроил Мирзаев ушбу ҳаёт-мамот жангида ҳам 2 та душман танкига қарши қурол-аслаҳани, 3 та пулемётни ва унинг қисмига жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатаётган 2 та душман истеҳкомини тор-мор этишда жасорат кўрсатди. Бу қаҳрамонлиги биринчи даражали “Шуҳрат” орденига муносиб топилди.

1945 йилнинг 9 май куни... Бутун дунё бўйлаб аскарларимиз ғалаба қозониб, Рейхстагга байроқ қадашгани ҳақидаги хушхабар тарқалди. Мана шу тарихий воқеликка гувоҳ бўлганлар орасида Исроил Мирзаев ҳам бор эди. Узоқ кутилган ва мардларча ҳалок бўлган миллионлаб бегуноҳ инсонлар ва аскарларимиз матонати эвазига қўлга киритилган бу янгилик барчанинг қалбини тўлқинлантириб юборди.

Она дуосининг қудрати

Фашизм билан бўлган уруш тугади. Лекин бу даврда Япония уруши давом этарди. 275-мотоўқчи полки пулемётчиси, халқимизнинг шонли фарзанди И.Мирзаев ҳам қуролдош дўстлари қатори яна қўлига қурол олиб, 1946 йилда жангга кирди. Унча узоқ давом этмаган урушда алоҳида жасорат ва матонат намуналарини кўрсатди. Қаҳрамонлиги “Жасурлиги учун” медали билан тақдирланди. Тарихга ўчмас хотиралар билан битилган уруш ҳақида эслаш, ёзиш нақадар азобли! Негаки, уруш қурбонсиз бўлмаган. Миллионлаб бегуноҳ, ҳали бир гулидан ўн гули очилмаган навқирон бўз йигитлар бу ажалнинг қурбони бўлишди.

Энг қувончлиси, мана шу етти йил давомида бобом энг оловли нуқталарда, ҳамиша олдинги сафда жангга кирган бўлса-да, илоҳий каромат билан бирон марта ҳам душман ўқига дучор бўлмади. Бу ҳақда гурунгларда доим ҳазил-мутойиба билан онам бўйнимга таққан тумор мени барча бало-қазолардан, ажал домидан асради, дерди.

Президент бобомнинг жасоратини қадрлади

1946 йилда барча уруш асоратлари тугаб, етти йил деганда жонажон Бошқудуқ қишлоғига, ота-онаси бағрига соғ-саломат қайтиб келди. Узоқ йиллик уруш, ҳаттоки, Ўзбекистонда ҳам ҳаётни издан чиқариб юборганди. Шунинг учун ҳам Исроил Мирзаев айни тикланиш йилларида белни маҳкам боғлаб, хўжаликка ишга кирди. Бир пайтлар машҳур бўлган ҳозирги Нуробод туманидаги “Улус” совхозида, кейинчалик Паст Дарғом туманидаги Карл Маркс номли колхозда ғалла бригадири, пахта бригадири, хўжалик раиси ўринбосари, хўжалик раиси, партия қўмитаси котиби, фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи каби турли масъул вазифаларда ишлади.

Айниқса, бу инсон туғилиб ўсган Бошқудуқ қишлоғини ободонлаштириш, лалмикор ерларни ўзлаштириш, қишлоққа йўл, табиий газ, ичимлик суви олиб келиш, автобус қатновларини йўлга қўйиш, тиббиёт муассасаси, хотира майдони, боғ-роғлар барпо этиш ва бошқа олижаноб хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқ.

Меҳнат Қаҳрамони Жониқул Юсупов, “Улус” совхози собиқ директори Иван Бузик, шунингдек, Қозоқ Азимов, Омонтурди Қодиров, Қўзи Нишонов, Абдураззоқ Арабов, Қўзи Эргашев, Норча Аҳмедов, Турдибой Хонқулов, Тўра Набиев, Ражаб Ҳусанов, Суюн Авғонов, Исмоил Ҳасанов, Исмоил Худойқулов каби раҳматли инсонлар, айни пайтда кексалик гаштини сўраётган Бурҳон ва Илёс ҳожи Ашуров, Ирисбой Жўраев, Пардабой Ҳусанов, Назар Рустамовдек шогирдлари бу инсондан кўплаб олижаноб фазилатларни ўрганган.

Исроил бобо турмуш ўртоғи Мусаллам ая билан 7 нафар фарзанд - Ҳалима, Зарбуви, Улжон, Суюн, Эргаш, Муқаддам ва Тиркашларни вояга етказиб, элга қўшди. И.Мирзаев тириклик даврида 100 дан ортиқ невара-чеваралар бахтини кўрди. Бу сулоланинг давомчилари айни пайтда бобосига муносиб элу юртга хизмат қилиб келяпти.

Қувончлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бобомни уруш қаҳрамони, олижаноб инсон ва меҳнат фахрийси сифатида юксак қадрларди. Самарқанд вилояти ҳокими бўлиб ишлаган даврларда бобомни турли тадбирларга чақириб, ҳурматини жойига қўярди. Бобомнинг бу инсонга бўлган ҳурмати ниҳоятда чексиз эди.

Фашизм устидан қозонилган ғалабага 75 йил тўлди. Бу ғалаба, шак-шубҳасиз, ўзбек халқи учун бебаҳо аҳамиятга эга. Негаки, бу урушда ёвуз кучларга қарши курашда фидойилик ва жасорат намуналарини кўрсатиб, миллионлаб асл фарзандларимиз қаҳрамонларча ҳалок бўлди, бедарак кетдилар. Асосийси, Ватан энг сара фарзандларидан эрта жудо бўлди. Албатта, урушда сўнгги нафасигача курашган, ўз бурчига содиқ қолган юртдошларимизнинг хотираси қалбимизда мангу яшайди.

Тарихнинг бу аччиқ ва ўчмас сабоқларидан тўғри хулоса чиқариб, бугунги тинч-осуда ҳаётимиз қадрига етайлик, ўтган уруш қатнашчиларини хотирлаб, ҳаёт бўлганларини бошимизга кутарайлик, азиз юртдошлар!

Абдумажид ЖЎРАЕВ,

журналист.



Калит сўз: Исроил Мирзаев
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда