• 15:53 – "Долзарб 15 кунлик" 
  • 17:28 – Fermer xo‘jaligi tashkil etish tartibi 
  • 10:10 – Туманда пахта терими бошланди 
  • 09:45 – Туманда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш бошланди 

Фирибгарлик — жамият иллати

Ишонч, садоқат, тўғрисўзлик, қатъиятлилик каби туйғулар инсон табиатидаги энг бебаҳо фазилатлар саналади. Ишонч бор жойда ёлғонга, иккиюзламачиликка, хушомадга ўрин йўқ. Лафз, ваъдага вафо қилиш каби ҳислатлар ишонч билан тирик. Агар ишонч йўқолса-чи?!
Фирибгарлик мулкка қарши қаратилган жиноятлар ичида энг кўп тарқалганларидан бири бўлиб, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат. Фирибгарликнинг ўзига хос хусусиятлари, нафақат, унинг содир этилиш усули, балки қонунда махсус белгиланган тажовуз қилиш предмети ҳам ҳисобланади.

Фирибгарликнинг объекти ўзганинг мулкига қаратилган. Тажовуз предмети мулкдан ташқари юридик категория сифатида ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқ, мулкка бўлган алоҳида ваколатлар (масалан, айбдор уйда яшаш ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин) ҳисобланади. Бу ҳуқуқлар турли хил ҳужжатларда, масалан, васиятнома, суғурта полиси, муайян бойликларни олиш учун ишончнома, турли хил қимматли қоғозларда тасдиқланган мулкий ҳуқуқлар талаб қилинганда, талабларни қондиришнинг белгиланган тартиби асосида берилади. Ордер бўйича ҳуқуқ, яъни шахсга ёки унинг  топшириғига кўра ушбу ҳужжат бўйича ўзга шахсга берилган ҳуқуқ хусусидаги ўтказиш ёзуви - индоссамент киритилиб, ижро амалга оширилиши мумкин. Қимматли қоғозда амалга оширилаётган индоссамент ушбу ҳужжат ўтказилаётган шахсга унга эгалик қилишга бўлган барча ҳуқуқларни ўтказади.
Объектив томондан фирибгарлик, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат бўлади.

Суд-тергов амалиёти,   шунингдек, жиноят ҳуқуқи назарияси фирибгарликни содир этиш усули сифатида қуйидаги алдаш тушунчасини ишлаб чиққан, яъни алдаш деганда, мол-мулк эгаси ёки мол-мулк ишониб топширилган шахснинг ўзи уни фирибгарга ихтиёрий равишда, ўз хоҳиши билан берилиши, жабрланувчини чалғитиш учун айбдор шахс томонидан ҳар қандай факт бузиб кўрсатилиши ёки ҳақиқатни яшириш ва билиб туриб ёлғон маълумотларни хабар қилиш тушунилади.
Жумладан, бу каби жиноятлар туман суди томонидан кўриб чиқилган.  

Фирибгар Ғ. Тожиев “Каттақўрғоншаҳаргаз” филиалида абонент хизмати назоратчиси вазифасида ишлаб келиб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ўзгаларнинг мол-мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-торож қилиш мақсадида, фуқароларга табиий газдан қарздорлигини йўқ қилиб беришини айтиб, 2015 йилнинг октябрь-ноябрь ойлари давомида фуқаро М. Мардоновадан 2 миллион сўм пулни, 2017 йил сентябрь-октябрь ойида фуқаро О. Бобожоновадан 650 минг сўм, 2017 йил октябрь ойи охири, ноябрь ойи бошларида фуқаро Д. Анзиратовадан 500 минг  сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчилар М. Мардонова, О. Бобожонова ва Д. Анзиратоваларга етказилган зарарлар Ғ. Тожиевдан тўлиқ ундирилган.  
 
Бундан ташқари, фирибгар И. Низомиддинов (исми-шарифи ўзгартирилган), туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлими мудири лавозимида ишлаган. Унинг ваколатига қишлоқ врачлик пунктидаги ҳайдовчиларни ишга қўйиш ёки бўшатиш кирмасада, тумандаги ҚВП ҳайдовчиси К. Юсуповни ўз лавозимига ишда қолдириш масаласини ҳал қилиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига 200 АҚШ долларини талаб қилиб, 100 АҚШ долларини 2019 йил 15 январь куни Давлат солиқ инспекцияси биноси ёнида олган. Қолган 100 АҚШ долларини 2019 йил   16 январь куни туман “Халқ қабулхонаси” биноси олдида фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган ва  “фаолияти”га ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан чек қўйилди.

Афсуски, бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Бу вақтгача улар неча кишининг дилига озор бериб, неча кишини доғда қолдирган.  Ҳушёрликни йўқотмасдан, ҳар доим зийрак бўлиб, содир этиладиган   жиноятларнинг  олдини олиш асосий мақсадимиз ҳисобланади.
Н. РАЙИМОВ, жиноят 
ишлари бўйича  туман 
судининг раиси. 
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда