• 16:06 – МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ НИМАЛАРГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ? 
  • 09:28 – Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилишидан мақсад нима? 
  • 18:58 – НУРОБОД ТУМАНИНИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 
  • 18:46 – Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши ҳамда маъмурий судлар тизимини оптималлаштириши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида 

Судралувчи какра


Судралувчи какра – Acroptilon repens (L) D.C. Asteraceae оиласига мансуб кўп йиллик карантин бегона ўт. 

Судралувчи какранинг келиб чиқиш маркази Марказий Осиё хисоблансада, бу карантин ўсимлик Африкадан ташқари барча худудларда кўп учрайди. Судралувчи какра Осиё, Европа, Марказий ва Жанубий Америкада, Австралияда учрайди. 

Судралувчи какранинг пояси шохланган бўлиб, ўсимликнинг баландлиги 20 см дан 40 см гача тик ўсади. Илдизи ўқ илдизли, яхши ривожланган. Барглари ўтроқ, яхши ифодаланган, патсимон томирланган, қисқа тук билан қопланган, 5-10 см узунликда. Гуллари икки жинсли, 5 аъзоли, қизил рангдаги бошоқсимон тўпгуллар саватчасимон тўпгулларда жойлашиб, новданинг учида ҳосил бўлади. Уруғи тескари тухумсимон, учлари понасимон қисқариб борадиган, яполоқ, силлиқ, соҳта меванинг ичида ҳосил бўлади. Ўсимликнинг гуллаши ва мева ҳосил қилиши май, июн ойларидан бошланиб, уруғи июл ойларида пишиб етилади. 

Судралувчи какра-кўп йиллик ўсимлик. Судралувчи какра 30-80 минг дона уруғ ҳосил қилади У уруғидан, илдиз бачкиларидан ва илдизпояларидан кўпаяди. Аксарият кўп йиллик ўсимликлар сингари уруғидан кўпайиш какра учун ҳам катта аҳамият касб этади. Какра уруғларининг унувчанлиги 3-4 йил мобайнида сақланади. Уларни униши учун тупроқнинг юқори намлиги ва ҳарорати талаб этилади. Суғорилмайдиган майдонларда тупроқнинг юқориги қатламида бундай шароит кам юзага келади, шу боис унинг унувчанлиги бу ерда паст бўлади. Уруғларнинг энг жадал униши ҳайдалма қатламда кузатилади, аммо уларнинг кўпчилиги тупроқ юзасига чиқа олмай нобуд бўлади.

Судралувчи какра ўсимлиги уруғидан униб чиққандан сўнг дастлапки ой секин ўсиб ривожланади: 2,3,5-ойларда атига 5-7 баргдан иборат поя шакилланади. 

Судралувчи какранинг ривожланиши унинг илдизи ва илдиз пояларидан ўсувчи новдалар катта ахамиятга эга бўлиб, уларни йўқотиш катта қийинчилик туғдиради. Уларнинг заҳираси тупроқда жуда ҳам кўпдир. Судралувчи какра тупроқнинг 65 см лик  қатламида 1га майдондаги барча илдиз ва илдизпояларнинг узунлиги қарийб 25 км га етади (шу жумладан илдизи 80%  илдизпояси 20%).  Судралувчи какранинг илдизларида углеводларнинг  кўплаб захираси тўпланади, шу боис улар новда ҳосил қилувчанлик энергиясининг катталиги билан ажралиб туради ва кўп карра кесилганда ҳам кўкариш хусусиятига эгадир. 

Ўқ илдизидан тарқалувчи ён илдизлари дастлаб горизонтал чўзилади, сўнгра аста-секин тупроқ юзасига қараб ўсади, аммо тупроқ юзасига чиқмай,  кескин пастга бурилади ва вертикал иккинчи тартиб илдизларини хосил қилади. Сўнгиси, ўз навбатида, горизонтал ва вертикал учинчи тартиб илдизларини шакиллантиради ва ҳоказо. 

Горизонтал илдизларнинг эгилган жойларида вертикал илдизларнинг юқориги қисмида кўп сонли куртаклар хосил бўлади, улардан ер устки поялар ривожланади. Шу тарзда, какра оналик ўсимлик атрофида тарқалиб, бачкилар  ўчоғини ҳосил қилади.  Айрим ўчоқлар қўшилиб кетиб, ўсимлик қалинлиги 1 м да 400 донагача поя бўлган яхлид ифлосланган майдонларни юзага келтиради 

Судралувчи какра илдизи ва илдиз пояларининг кесмалари кўпгина бошқа илдиз бачкиларидан кўпаювчи ўсимликлардан фарқли равишда, кучсиз ҳаётчанлиги билан ажралиб туради ва намлик кўп бўлган шароитлардагина камдан-кам кўкариб кетади. Ноқулай шароитларда, хусусий намлик етишмаганда, судралувчи какра илдизлари тиним даврига кетади ва у бир неча йил сақланади. Судралувчи какра ёруғлик ва намликдан махрум этилганда унинг ҳаётчанлиги 5-6 йилга  сақланиб қолади. 

Новдаларининг ривожланиши ва пайдо бўлиши эрта баҳордан бошланади ва кеч кузгача давом этади. Какра май-июн ойларида гуллайди, мевалари июн-июл ойларида пишиб етилади Бу давр одатда бошоқли ғалла экинларининг ҳосилининг йиғиш пайтига  тўғри келади.

Судралувчи какра енгил ва оғир лойли тупроқларда яхши ўсади, тупроқ шўрланишига ҳам чидай олади. У қурғоқчилик иқлимда ва ёғин миқдори қариб 200-375 мм ни ташкил этувчи ярим чўл минтақаларида ҳам ривожлана олади. Судралувчи какра -юқори рақобатбардош ўсимлик шу боис фитоценозда у одатда доминантлик қилади.

Судралувчи какра -ҳаддан ташқа кучли зарар кетирувчи бегона ўт. У экинларнинг ҳосилдорлиги ва сифатини, паст тексликларнинг маҳсулдорлигини пасайтиради. Судралувчи какра уруғи билан ифлосланган дон қайта ишланганда у аччиқ тамли бўлиб қолади. Судралувчи какра ўсимлигида кўплаб алколоидлар  тўпланади, шу боис у билан ифлосланган пичан билан боқилган қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида заҳарланишлар юзага келади. Какрали пичан айниқса отлар учун хавфлидир. У сигир сутининг тамини кескин бузади. 

Судралувчи какра бутунлай йўқ қилиниши жуда қийин бўлган ва кўпгина мамлакатларда ( Рассия, Украина, Қозоқистон, АҚШ ва бошқалар) карантин бегона ўтлари рўйхатига киритилган ўсимлик хисобланади. У тупроқдан сув ва ундан эриган минерал моддаларни кучли ўзлаштиради. Судралувчи какра озуқа моддаларни маданий ўсимликларга нисбатан тупроқдан 2-5 марта кўпроқ сўриб олади. Бундан ташқари, у ўзидан бошқа ўсимликларни ўсиши ва ривожланишини тўхтатиб (секинлаштириб) қўювчи модда ҳам ажратиб чиқаради. 

Олдини олиш чоралари. Янги тоза ерларнинг судралувчи какра билан ифлосланишини олдини олиш чоралари тизимида қишлоқ хўжалиги экинларининг тоза экиш материалларидан фойдаланиш ва далаларга яҳши чириган гўнгнигина келтириш катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Одатда, судралувчи какра уруғлари билан беда, буғдой, арпа, сули ва тариқ каби кенг тарқалган қишлоқ хўжалик экинларининг уруғлари кучли ифлосланган бўлади. Уларни тозалаш тури дон тозаловчи машиналардан (шу жумладан электромагнит) ўтказилади. 

Чорва моллари какра беда ўти билан ифлосланган пичан билан боқилганда, унинг уруғи гўнг таркибига ўтади. Чорва хайвонларининг ошқозон-ичак трактидан ўтар экан, бутун уруғлар ўзининг хаётчанлигини йўқотмайди. Фақатгина 3-4 ой мобайнида тўғри кампостлангандагина, яьни уруғ таркибидаги асосий озуқа компонентлари тўлиқ чириб кетганда, судралувчи какра уруғлари ўзининг унувчанлигини бутунлай йўқотади.  

Судралувчи какра билан ифлосланган ем-хашакларни таёрлашга ҳам алоҳида эьтибор қаратиш талаб этилади. Дон чиқиндиларини чорва молларига фақат майдаланган ёки  буғлатилган холдагина бериш лозим. Ишлов берилмайдиган ерлардаги судралувчи какра ўчоқларини гуллашга йўл қўймаган ҳолда мунтазам   ўриб туриш тавсия этилади, бу эса ўсимлик саватчаларининг эриган қор ва ёмғир сувлари билан тоза майдонларга тарқалиб кетишини олдини олади. 

Қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилини йиғиб олишдан аввал судралувчи какранинг кичик ўчоқларини 1-2 м зарарланмаган полоса билан биргаликда алоҳида ўриб олиш тавсия этилади. Ўрилган масса даладан олиб чиқилади, қуритилади ва ёқиб юборилади. Бу тадбир асосий дон массасига судралувчи какра уруғларининг тушиб қолишини бартараф этади.  


Ҳозирги кунда “Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигида қўллаш учун рухсат этилган пестицидлар ва кимёвий воситалар рўйхати”да судралувчи какра ўсимлигига қарши курашишда фойдаланишга мумкин бўлган гербецидлар сони жуда камдир.

Донли экинлар, тариқ, маккажўхори, ем-хашак майдонларида банвел препаратини қўллаш яхши натижа беради.  Судралувчи какранинг алоҳида ўчоқларини йўқотишда фумигантлардан ( дихлорэтан, дихлоэртаннинг куб қолдиқлари, метиленхлорид ва бошқалар) ва хлорбензой кислотаси бирикмаларидан (2КФ) фойдаланиш ҳам  яхши натижа беради. Донли экин майдонларида судралувчи  какранинг ер устки аьзоларини нобут қилиш ва уруғнинг ҳосил бўлишига барҳам бериш учун 2,4-Д нинг эфирлари, маккажўхори майдонларида эса симазин ва атразинни қўллаш ҳам мумкин. 

Қора шудгор қилинган ерларда судралувчи какрага қарши глифосатларнинг ҳосилаларини ( алаз, фозат, космик, раундап, глифоган, глипер, глифос, пермиум, спрут, торнадо 500, граунд, аргумент, ураган ва бошқалар) қўллаш яхши самара беради. Мазкур системали перепаратлар баҳорги даврда бошқа экинлар бўлмаганда яхши ривожланган, фаол ўсаётган судралувчи какра ўсимлигига ( ғовлаётган тупларга) қарши, шунингдек кузда ( пластик моддаларнинг илдизда фаол тўпланаётган даврда) қўллаш юқори самара беради. Улар судралувчи какранинг ер устки қисмини яхши зарарлайди, аммо илдиз тизимига кучсизроқ таьсир кўрсатади. Тупроққа ишлов беришни ўсимликларга препарат пуркалгандан кейин  2-3 ҳафта ўтгач бошлаш мумкин. Глифосат хосилалари тупроқ билан тезда бирикади, тупроқ микроорганизмлари томонидан парчаланади ва  қўлланилгандан сўнг 2 ҳафта ўтгач ишлов берилган майдонга ҳар қандай экинни экиш мумкин. 

Қишлоқ хўжалик мақсадларида фойдаланилмайдиган ерларга ( электир ўтказгич тизимларининг химоя минтақалари, темир йўл ва автомабил трассаларининг шағал қопламали полосалари, саноат худудлари ва ҳаказо) судралувчи какранинг илдиз тизимига ҳам кучли таьсир кўрсатувчи имазапир асосидаги гербицидларни ( арсенал , ас, грейдер, империал) қўллаш тавсия этилади. 

Судралувчи какра   бегона ўтига қарши курашишда биологик агент сифатида қуйдагилар юқори истиқболли бўлиши мумкин. Euribia maura Frflcl. ва  E.kasfchstanica V.Richter каби мева чипор қанотлилари куртак галлицаси-Dasyneura sp.. кана   Eriophyes sp. ва какра нематодаси–Anguina picridis Kir. 

Судралувчи какрага қарши карантин тадбирлари қаторига уруғлик материалларни қаттий назорат қилиш, алмашлаб экиш қоидаларига амал қилиш, бегона ўт тарқалган далалар иккинчи йил шудгор қилиб қолдирилиши керак. 

Судралувчи какрага қарши умумлашган кураш чора тадбирлари билан биргаликда, кенг аҳоли оммаси орасида ҳам тарғибот ташвиқот ишларини олиб бориш, уларни ҳам судралувчи какрага қарши кураш тадбирларига жалб этиш мақсадга мувофиқдир.     

Юқоридаги тадбирларни амалга оширган тақдирдагина судралувчи какрага қарши самарали кураш олиб борилишини таьминлаган бўламиз.


Сирожиддин САНАЕВ,

Каттақурғон туман агроном инспектори. 

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда