• 15:53 – "Долзарб 15 кунлик" 
  • 17:28 – Fermer xo‘jaligi tashkil etish tartibi 
  • 10:10 – Туманда пахта терими бошланди 
  • 09:45 – Туманда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш бошланди 

ТУМАНИМИЗДА ҲАМ ЭМЛАШ БОШЛАНДИ

Бундан атиги бир йил муқаддам коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ вазият дунёни қалқитиб юборди. Миллиардлаб инсонлар кўнглига эртанги кунидан хавотир туйғуси тушди. Ҳануз бу ҳиссиёт, қўрқув кўпчиликни тарк этгани йўқ. Жумладан, юртдошларимиз иродаси ва сабр-матонатини ҳам жиддий синовдан ўтказди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтган йилнинг 11 мартида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятга пандемия, деб баҳо берган даврдан шу кунга қадар COVID-19 221 мамлакатда қайд этилди. Коронавирус аниқланганлар сони 110 миллиондан, касалликдан вафот этганлар 3 миллиондан ошди. Илм-фан, тиббиёт тараққий этган давримизда шунчалик талафот кузатилгани пандемия инсониятни нечоғлиқ мураккаб аҳволга солиб қўйганидан далолат беради. 

Инсоният турли хасталиклар билан курашиб келяпти. Бу курашда касалликка қарши иммун тизимини ҳосил қилувчи вакциналар муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, пандемия тарқалиши билан дунёнинг барча ривожланган мамлакатлари коронавирус вакцинасини яратиш йўлида қаттиқ изланишга киришди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш харажатларига йўналтирилган 3 триллион сўм маблағ ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган. Халқимиз саломатлигини сақлаш йўлида давлатимиз бундан ҳам кўпроғига қодир. Зеро, айни пайтда халқимизни коронавирусга қарши эмлаш жараёнига қаратилган эътибор ривожланган мамлакатлар даражасида экани эътироф этилаётир. 

Яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга қарши эмлаш пунктларини эълон қилган эди. Коронавирус вакцинаси билан эмлаш жараёнлари бошланган. Ҳозирги кунда биринчи навбатда 65 ёшдан катталарни яъни (65-74 ёшлилар, 75-84 ёшлилар, 85 ёшдан катталарни), кейинги ўринда коронавирус инфекциясини ўзларига юқтириб олиш хавфи юқори бўлган тиббиёт ходимларига ва сурункали касалликлари бўлган 6663 нафар фуқароларни коронавирус инфекциясига эмлаш режалаштирилган.        Бугунги кунда туманимизда эмлаш учун 17 та бригада ташкил этилиб, ҳар бир бригадага туман тиббиёт бирлашмаси бўлим бошлиқлари ва санитария эпидемиологик осайишталик ва жамоат соғлиқни сақлаш бўлими ходимларининг мутахассислари бириктирилган. 

Ҳозирга қадар 1520 нафар 65 ёшдан юқори бўлган фуқаролар ҳамда 480 нафар тиббиёт ходимларининг биринчи босқич эмлаш жараёни тугатилди. 

Бунинг учун Аstra Zeneca ҳамда ZF-UZ-VAK 2001 рекомбинант вакцинаси олиб келинган. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, эмлашдан олдин ҳар бир эмланувчи шифокор кўригидан ўтказилиб, шифокорлар рухсати билан махсус тайёргарликдан ўтган тажрибали ҳамширалар томонидан эмланади. Албатта, вакцинация бу ўзимизни ҳимоя қилиш ҳамда оғир касалликлардан ҳоли бўлган хавфсиз жамоаларни барпо этишнинг калитидир. Эмлашдан кейин самарали иммунитетни ҳосил қилиш учун, фуқаро бир неча доза вакцинани олиши керак. 

Хитой-Ўзбекистон ҳам муаллифлигида ZF-UZ-VAK рекомбинант вакцинаси билан 3 марта эмлаш ўтказилади. Ўртадаги вақт 30 кун ҳисобланади. Astra Zeneca вакцинасини олганлар ҳам шунча вақтда қайта эмланади. Биринчи эмлаш қайси вакцина билан бошланган бўлса, шу вакцина билан эмлашни давом эттириш зарур. Мутахассисларнинг таъкидлашича, эмлашдан кейин спиртли ичимликлар ичиш, ҳаммомда ва саунада чўмилиш мумкин эмас. Эмлаш ўтказилгандан кейин 30 дақиқа давомида шифокор назорати остида бўлиш зарур. Шу билан бирга 3 кун давомида патронаж ҳамширалар эмланувчиларни назорат қилиб туришлари керак. Эмлаш бепул ва ихтиёрий, мажбурлаш йўқ. Фуқаролар вакциналарни танлаш имкониятига эгадирлар. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жорий йил 15 февралдаги 31-сонли буйруғига асосан, аҳоли касалликни юқтириб олиш хавфига қараб тоифаларга бўлинган. Эмлаш ишлари ҳам шу кетма-кетликда олиб борилади. 

Вакцина—бу бегона оқсил ҳисобланади, шунинг учун уларни қўллаганда қуйидагилар кузатилиши мумкин:

-Маҳаллий реакциялар: оғриқ, қизариш, қичишиш ва шиш;

-Умумий реакциялар: тана ҳароратини ошиши ва қалтираш;

-Психоген реакциялар: бош айланиши, ҳаяжон, хушдан кетиш, анафилактик шок. 

Ҳа, давлатимиз раҳбари коронавирус юртимизга кириб келган илк кунлардан бошлаб халқимиз саломатлигини муҳофаза этишга барча куч ва имкониятлар сафарбар этилишини таъкидлаб келади. Ўтган давр мобайнида бу борада салмоқли натижаларга эришганлигимиз Президентимиз айтган сўзлар амалда ўз ижобатини топаётганидан далолат, албатта.

Қувон АҲМЕДОВ, 

туман СЭО ва ЖСБ эпидемиология ва иммунопрофилактика бўлими мудири.

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда