• 16:45 – ТУМАННИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 
  • 17:57 – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасидаги суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан 
  • 09:28 – Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилишидан мақсад нима? 
  • 18:58 – НУРОБОД ТУМАНИНИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 

ҒАЛЛА ПАРВАРИШИДА

бугун нималарга эътибор қаратиш зарур?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил қабул қилинган “2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра вилоят миқёсида 106 минг гектардан зиёд сувли майдонда ғалла етиштириш белгиланган.

Ҳозирги кунда барча миришкорлар ҳамда соҳа мутахассислари учун бошоқли дон экинлари экилган ҳар гектар майдондан юқори ва сифатли дон етиштириш устувор вазифа қилиб белгиланган. 

Эрта баҳорда тупроқ таркибидаги озуқа моддалари миқдори камайиб кетиши оқибатида, ўсимлик қишдан  “эътиборталаб”  бўлиб чиқади. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, бундай ҳолатларда ғаллани минерал ўғитлар билан табақалаштирилган ҳолда, илдизидан ҳамда баргидан озиқлантириш, турли касаллик, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши кураш чораларини ўз муддатида қўллаш, суғоришни тўғри ташкил этиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш талаб этилади. 

Бу эса, ўз навбатида, кўчат қалинлигини барқарорлаштиради. Шунингдек, ўсимликда тупланиш жараёнини жадаллаштиради, 1 м² майдонда 550-600 тагача маҳсулдор поя ҳосил қилишга замин яратади. Эрта баҳорги озиқлантиришни ўз муддатида ўтказиш ҳисобига ҳар гектаридан 4-6 центнергача қўшимча ҳосил олишга эришилади. Бу жараёнда азотли ўғитлар меъёрини аниқлашда ўсимликларда ўсиш даврининг бошланиши муҳим ўрин тутади. 

Шу билан биргаликда, баъзи ҳолларда ўсимликларда ривожланиш жараёни кеч бошланиши натижасида уларда озуқа моддалар ўзлаштирилиши пасаяди. Бунда ўсимликда генератив органлар ривожланишини кучайтириш мақсадида, азотли ўғитларни йиллик меъёрига нисбатан 25 фоизга эмас, балки 30 фоизга ошириш тавсия қилинади. Бироқ, эрта баҳорги озиқлантиришда азот меъёрини тўғри танлаш ҳам ўта муҳим. Бу жараёнга озгина эътиборсизлик қилиш натижасида ўғитнинг ўзлаштирилиш кўрсаткичини кескин тушириб юбориш мумкин. 

Бундан ташқари, экинларни суғоришда ҳам қўшимча озиқлантириш мақсадида жамғарилган маҳаллий ўғитларнинг 50-60 фоизини шарбат усулида оқизилиши яхши самара беради. 

Бунинг учун, ғалла майдонларининг сув кириш қулоқларида шарбат ўраларини қазиш ва ҳар бир гектар майдонга 5 тоннадаги маҳаллий ўғит жамғариш тавсия этилади. Шарбат учун тайёрланган гўнг албатта чиритилган бўлиши шарт, акс ҳолда турли хил бегона ўтлар ва айрим касаллик тарқатувчи замбуруғ спораларининг урчишига сабаб бўлади. Шунинг учун махсус ҳандақлар кавланиб, уларни маҳаллий ўғитлар билан тўлдириш ёки устини тупроқ уюми билан кўмиш орқали 4-5 ой давомида чиритилиши керак. Шунингдек, ғаллани суғоришда сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш мақсадида контурлардаги сув йўлларини картага тушириш, биринчи навбатда, сув тармоқларини тозалаш, суғоришни сув манбаидан узоқда жойлашган майдонлардан бошлаш лозим. 

Умуман олганда, баҳорги мавсумда малакали агроном ва энтомологларнинг хулосаларини инобатган олган ҳолда, турли касаллик, зараркунанда, ҳашарот ва бегона ўтлардан кучли зарарланган майдонларда тегишли чора-тадбирларни кучайтириш зарур. Фермерларимиз агротехник тадбирларни белгиланган муддатда, маромига етказиб бажарсаларгина жорий йилда ҳам ғалладан мўл ҳосил кўтаришга эришадилар. 

Шерзод ҚУРБОНОВ, туман бош агрономи.

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда