• 10:37 – Туманнинг асосий иктисодий ривожланиш кўрсатгичлари 
  • 16:06 – МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ НИМАЛАРГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ? 
  • 17:57 – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасидаги суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан 
  • 09:28 – Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилишидан мақсад нима? 

ШОИР ШЕЪРЛАРИДА ОНА МАДҲИ

Ўтган асрнинг етмиш   еттинчи йиллари эди. Институтимизда Қорақалпоқ шоири Бердақнинг 100 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда   кўпгина атоқли эл таниган шоиру ёзувчилар иштирок этишди. Биз талабалар учун бу тадбир чинакам байрам эди. Ушбу анжуманда шоир А. Ориповга  ҳам сўз берилди. У  минбарда кўп нутқ сўзламади. Бердақнинг шеърлари халқона оҳангда, сатрлари содда ва равон ифодалангани ҳақида гапирди.
Номинг Бердақ Қорақалпоқнинг ўғлисан,
Демак, минг йиллар яшашга ҳақлисан, -деган мисралар билан сўзини якунлади. А. Орипов ана шу   йиллари шеърият ихлосмандлари орасида   анча танилган  эди. Кўзлари теран боқиб турган 35-36 ёшлардаги шоир билан учрашиб турган  зал тўла талабаларнинг аксариятини ҳавас  ва ҳаяжон ҳисси қамраб олганди. Ўша дамларда  унинг китобларини тезда топиб ўқишнинг  иложи йўқ. Чунки, шоирнинг асарлари ҳали дўкон жавонларига қўйилмасдан сотилиб кетарди. Биз талабалар унинг шеърий тўпламларини бир-биримиздан олиб галма-гал ўқирдик. Шоир ижодининг чинакам мухлиси бўлганимиз учун мисраларини кўпроқ ёд олардик.
Биз ўқиган даврда талабалар пахта теримига сафарбар қилинарди. Кун бўйи далада пахта териб, ётоқхонага қайтган талабалар чарчоқ нималигини билмай гулхан ёқиб, давра қуриб шеърхонлик мушоираси, қўшиқ айтиб рақсга тушиш билан овунардик. Кунларнинг бирида Раъно исмли курсдошимиз А. Ориповнинг “Онажон” номли шеърини ёд айтиб берди. Бу шеърни барча жимгина тинглади. Ора-сира чуқур хурсиниш, пиқ-пиқ йиғи овози эшитилди. ( Шеър айтган қизнинг онаси вафот этганлигини кейинчалик билдик.) Шоирнинг ушбу шеъри онаси Турди Карвон қизи хотирасига бағишланган бўлиб, чуқур дард билан ёзилгани сатрларда ўз ифодасини топган.
Эсимдадир титрар эдим,
Ғамгин болиш пастида.
Китобимни кўрдим ногоҳ,
Бошгинангнинг  остида.
Тошдай қотдим ушал они,
Бор тоқатдан айрилиб.
“Шоир ўғлим” –дединг менга,
Секингина қайрилиб.
Шеърдаги ушбу мисра бетоб она ўғлининг китобини ёстиғининг остида авайлаб сақлаётгани, ундаги шеърларни мадори етгунча ўқиб, фарзандига меҳр билан тикилганича “Шоир ўғлим” дея фахрланаётгани ўқувчи кўз ўнгида гавдаланади. “Митти юлдуз” номли биринчи китоби нашрдан чиққанида шоирнинг онаси бу китобни ўқиш бахтига муяссар бўлганди.
Шеърда бетоб онанинг дори-дармон учун асраб қўйган пулларини эрига бераётиб, ўғлининг тўйига сарфлашни тайинлаб илтижо қилганини шоир шу қадар ички дард билан ифодалаганки, беихтиёр китобхон қалбини ларзага солади. Онаси вафотидан сўнг шоир ҳамма қатори ғамга чўмади. Волидасининг, ўғлини тўйини кўрмай бу ҳаётдан кетиши А. Орипов учун армон бўлиб қолди.
Орадан йиллар ўтиб, онаси орзу қилганидек улуғ шоир бўлиб етишди. Унинг ўнлаб китоблари чоп этилиб, шеър ихлосмандлари учун маънавий озуқага айланди. Шоир ҳаёти давомида жуда кўп кишилар билан яқин дўст бўлгани бироқ онасидан азиз инсонни тополмаганини шеърларининг бирида шундай ифодалайди.
Шамол увиллайди қор-бурон тошиб,
Тепалик бўйига ўзин уради.
У ерда тўпроққа бағрини босиб,
Танҳо бир сағана маюс туради.
Қошига чиқай, деб бўзлаб йўл юрдим,
Кўкрагимни тилди изғирин-тикан.
Нетай, онажон шунча одам кўрдим,
Бироқ, сендан яқин кишим йўқ экан.
Афсуски, ота-онамиздан айрилганимиздан кейин қадрини ҳис этамиз. Шоирнинг она мавзусига бағишлаб ёзилган шеърларини кузатар эканмиз, фарзандларини бахту-саодатга эришиши учун бор меҳрини меҳнатини аямасдан ташвиш ва машаққатларини  енгиб ўтиш бардошли бўлиш оналарга хос хислат эканлигини ҳис этамиз. А. Орипов буюк бобомиз А. Навоийнинг онасига бағишлаб ёзган шеъридаги қўйидаги мисралар фикримизни исботи бўла олади.
Билмам қандай аёл бўлган,
Алишернинг онаси.
Балки унинг ақлига,
Лол қолган замонаси.  
Майлига у ким бўлса ҳам,
Алишернинг онаси.
Алишернинг онаси у,
Навоийнинг онаси.
Маълумки А. Орипов жаҳон адабиёти дурдоналаридан бири Дантенинг “Илоҳий комедия” асарини маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилган. Ана шу асар “Жаннатга йўл” драматик достони ёзилишига тўртки бўлди. Ушбу достонда ҳам ота-онани рози қилиш фарзанд учун муқаддас бурч эканлиги, қолаверса барча савобли ишлар орасида ота-онадан дуо олиб, уларнинг ризолигига эришиш энг савоблиси асар ғоясига сингдирилган. Асар охирисида фарзанднинг гуноҳ ва савобли ишлари тарозига қўйилиб, ниҳоят жаннат эшиги олдида она ва ўғилнинг дийдорлашуви ўзига хос усталик билан ифодасини топган.
А. Орипов жуда кўп мавзуларда қалам тебратган забардаст шоир эди. Ушбу мақолада шоирнинг фақат она мавзусига бағишлаб ёзилган айрим шеърларига тўхталдик холос. Гарчи шоир бугун орамизда йўқ бўлсада, у бизга маънолар тўла маънавий хазина бўлган бетакрор асарларини мерос қолдирди. Бу ижодий меросни асрашимиз, унинг асарларини севиб мутолаа қилиш ҳамда шеърларининг мазмун-моҳиятини бугунги авлод қалбига сингдириш муҳим бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз  керак.
Абдиғаффор ДЎСТМАТОВ,   журналист.
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда