• 10:37 – Туманнинг асосий иктисодий ривожланиш кўрсатгичлари 
  • 16:06 – МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ НИМАЛАРГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ? 
  • 17:57 – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасидаги суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан 
  • 09:28 – Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилишидан мақсад нима? 

ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ҚОНУН КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАДИ

Маълумки, республикамиз Конституция ва қонунларнинг устуворлиги таъминланган ҳуқуқий демократик давлатдир. Шу маънода айтганда Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг Бош қомусимизга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Яқинда - 2021 йил 27 апрель куни Президентимиз томонидан янги таҳрирда маъқулланган "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги Қонуни имзоланди. Унда эски таҳрирдагидан фарқли равишда бир қатор янгиликлар мавжуд. Жумладан, қонуннинг "Конституциявий судни сайлаш" дея номланган 6-моддасида Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлиши белгиланланган. Илгари эса бу таркиб 7 нафарни ташкил қилган.

Модомики, гап Конституциявий суд хусусида борар экан, бу ўринда суд судьяси ва унинг мақоми ҳақида тўхталмаслик мумкин эмас. Қонуннинг 10-17-моддаларининг ўз ичига олган 2-бобида бўлса Конституциявий суд судьясининг мақоми ҳақида сўз боради. Айтайлик, 10-моддага мувофиқ, сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассиси бўлган, юксак маънавий фазилатларга ва зарур малакага эга бўлган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин. Конституциявий суднинг судьясига Олий ёки Биринчи малака даражалари берилади. Олий малака даражаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади. Биринчи малака даражаси Конституциявий суд томонидан берилади. Илгари ҳар иккала даража  ҳам Президент томонидан берилган.

Биринчи марта Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланган шахс "Конституциявий суднинг судьяси вазифаларини ҳалол ва виждонан бажаришга, конституциявий тузумни ҳимоя қилишга, бунда фақат Ўзбекистан Республикасининг Конституциясига бўйсунишга тантанали қасамёд қиламан" дея Сенатнинг мазкур судья сайланган мажлисида қасамёд қилади.

Конституциявий суд судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёҳуд одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин.

Мазкур қоида Конституциявий суднинг Конституциявий суд судьяси сифатида ишлаган даврида шундай жиноятни содир этганликда айбланаётган собиқ судьясига нисбатан ҳам қўлланилади. Қонуннинг аввалги таҳририда бундай тартиб белгиланмаган эди. Конституциявий суднинг судьясига нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин. Конституциявий суд судьясини мажбурий келтириш, ушлаб туриш, худди шунингдек унинг шахсий ашёларини, багажини, транспортини, уй-жойини, хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди. Мазкур қоида қонуннинг 14-моддасида батафсил ёритилган.

Шуни эътироф этиш лозимки, қонуннинг 27-моддаси энг муҳим янгиликлардан бирини ўз ичига олади. Аниқроғи, мазкур моддада Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига кимлар эга эканлиги ўз аксини топган бўлиб, унга биноан фуқароларга ҳам мазкур судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Яъни Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Конституцияга мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятларини ҳам кўриб чиқиши белгиланди. Албатта, бунинг учун қонуннинг 29-моддасида қайд қилинган алоҳида талаблар белгиланган. Яъни Конституциявий судга мурожаат ёзма ёки электрон шаклда юборилади. Электрон шаклда юборилган мурожаат электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак. Коллегиал органнинг Конституциявий судга мурожаатига ушбу органнинг тегишли қарори илова қилинади. Мурожаатда Конституцияга мувофиқлиги текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, у эълон қилинган манба, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва қонунининг шарҳ берилиши лозим булган қоидалари, мурожаатни Конституциявий судда кўриб чиқшнинг ҳуқуқий асослари, қўйилган масала юзасидан мурожаат қилувчининг нуқтаи назари ва мурожаатни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли нормаларига ҳавола қилинган ҳолдаги ҳуқуқий асослантириш, мурожаат қилувчининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери, почта манзили ёки яшаш жойи, вакил ва унинг ваколатлари тўғрисидаги зарур маълумотлар(бундан вакиллик лавозим бўйича амалга ошириладиган ҳоллар мустасно), илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган бўлиши керак.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларида иш судда кўриб чиқилганлиги ва судда ҳимоя қилишнинг барча шаклларидан фойдаланилганлиги кўрсатилган бўлиши керак. Мурожаатда мурожаат қилувчи ишни ҳал этиш учун зарур деб ҳисоблаган бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Табиийки, Конституциявий суд мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиши ҳам мумкин. Фақатгина қонуннинг 34-моддасида белгиланган асослар мавжуд бўлганда. Булар - агар мурожаат Конституциявий судга тааллуқли бўлмаса, мурожаат предмети юзасидан Конституциявий суд томонидан илгари қонуний кучга кирган қарор чиқарилган бўлса(бундан Конституциявий суд қарорларини қайтадан кўриб чиқиш учун асослар мавжуд бўлган ҳоллар мустасно), мурожаат ушбу қонуннинг 27-моддасида кўрсатилмаган давлат органидан ёки шахслардан келиб тушган бўлса, фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг мурожаати ушбу Қонун 86-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса.

Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш тўғрисида Конституциявий суд ажрим чиқаради ва у Конституциявий суд аппарати томонидан конституциявий суд ишини юритиш манфаатдор иштирокчиларига етказилади.

Қонунда яна бир эътиборли жиҳат мавжудки, бунинг учун унинг "Ошкоралик" деб номланган 24-моддасини ўқиш ва уқиш лозим. Унга асосан, суд мажлислари очик, ўтказилади. Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни сақлаш зарур бўлган тақдирда суднинг ёпиқ мажлиси ўтказилишига йўл қўйилади. Айни пайтгача ёки қонуннинг эски таҳририда ёпиқ суд мажлисини ўтказиш асослари аниқ кўрсатилмаган эди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Қолаверса, қонун кучга кириши билан Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 31 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги 431-сонли Конституциявий қонуни ўз кучини йўқотиши белгиланган.

Н.Райимов
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда