• 17:28 – Fermer xo‘jaligi tashkil etish tartibi 
  • 09:45 – Туманда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш бошланди 
  • 10:37 – Туманнинг асосий иктисодий ривожланиш кўрсатгичлари 
  • 16:45 – ТУМАННИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 

Биз нимани УНУТДИК? ЎЙЛАБ КЎРИНГ!

Яқин кунлардан бери коронавирус балоси тағин урчигандан-урчиди. Мамлакатимиз раҳбари аҳолини пандемиянинг бешинчи тўлқинидан огоҳ этди. Юртимизда Сovid-19 билан касалланганлар ва беморлар орасида ўлим ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу орада вакциналар тўғрисида ҳам асоссиз миш-мишлар одамларнинг ҳадик тўла кўнглига ғулғула солиб турибди.

Хўш, буларнинг ҳаммасига ким сабабчи?  Чин юртининг Ухань шаҳридаги кўршапалакларни айблашга шошилманг. Фестивалларнинг ўтказилганини айтиб, хомтама бўлманг. Тўйларга рухсат берилгани-ю, яна бошқа-бошқа важларни келтиришнинг ҳам мавриди эмас. Ҳамма айб сизу бизнинг ўзимизда. Биз унутдик. «Инсон» сўзининг маъноси бежиз «унутувчи» эмас. Ҳақрост, биз тезда унутамиз, хаёлимиз шундай паришон. Ўтган йилнинг айни шу вақтида пандемия қандай ҳакалак отганини, юртимизда, шаҳару қишлоқларимизда туб қўйиб, палак ёзгани-ю қанча маҳалладошларимиз, юртдошларимиз умрига зомин бўлганини унутдик. Энг муҳими, уйдан чиқаётиб, ниқоб тақишни мутлақо эсдан чиқардик. Оқибати... ўзимиз пиширган ош.

Яқинда Зангиота туманидаги махсус шифохонада барча ўринлар тўлгани маълум қилинганди. Сўнгги маълумотларга кўра  пойтахтимизнинг 11 та туманида 1 тадан махсус поликлиникалар ташкил этилгани ҳақида хабар берилди. Бу поликлиникаларда коронавирус инфекциясига гумон қилинган ва инфекция тасдиқланган беморларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиб, уларга даво муолажаларини тавсия қилиш ва амбулатор даволаш ишлари йўлга қўйилади.

Ҳар бир марказга 3 тадан тиббий бригада бириктирилган бўлиб, уларнинг таркибида 2 нафар шифокор ва 2 нафар ўрта тиббиёт ходими мавжуд.

Афсуски, мамлакатимиз, айниқса, пойтахт аҳолиси орасида Сovid-19га гумон қилинган, пневмония ва коронавирус касаллиги тасдиқланган ҳамда бошқа юқумли хасталиклар билан оғриган фуқаролар томонидан   «103»  хизматига бўлаётган чақириқлар сони ҳам ортмоқда. Рақамларга мурожаат қилинса, пойтахтда «Тез ёрдам» хизматига бир кунда ўртача 5000-5100 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Бунинг замирида ҳам унутганларимиз турган бўлса, не ажаб?! Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Сovid-19 билан хасталанганлар сони 194 миллиондан ортиқ   кишини ташкил этган. Беморларнинг 4 миллион 49 мингдан зиёди касаллик оқибатида вафот этган. Охирги кўрсаткичлар бир суткада дунё бўйича 362 минг 31 киши коронавирус юқтиргани ва Сovid-19 билан касалланган 6 минг 135 нафар бемор бу дард оқибатида вафот этганини кўрсатмоқда. Касаллик тасдиқланиш ҳолатлари бўйича АҚШ (34,443 миллион киши касалланган) биринчи ўринда турибди. Рўйхатни Ҳиндистон (31,371миллион киши), Бразилия (19,688 миллион киши), Россия (6,049 миллион киши )давом эттирган. Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, коронавирусга қарши дунёда жами 3 миллиард 845 миллион доза вакцина қўлланилган. Мамлакатимизда эса коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. 2июль куни юртимизда пандемия бошидан бери   кузатилмаган нохуш ҳолат қайд этилиб,  касаллик аниқланганлар сони 127 минг 506 кишига, тузалганлар сони эса 121 минг 718 кишига, вафот этганлар сони 859 кишига етди

Ҳозирга қадар республика бўйлаб 5,4 фоиз аҳоли инфексияга қарши тўлиқ эмланган. 1 ноябргача эса Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилмоқда. 

Президентимиз олимларнинг тадқиқотига асосланиб коронавирус билан кураш ҳали яна камида ўн йил давом этишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, шу сабабдан “Sputnik V” ва хитой-ўзбек ваксиналарини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича муҳокамалар бормоқда.

  Шу кунгача кўплаб инсонлар эмланди. Имланганлар сони эса  ҳар куни, ҳар соатда ўзгариб турибди. Шунча унутганимиз етар. Энди унутмаслик керак,чунки ҳар бир рақам ортида бир инсоннинг ҳаёти турибди. Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, мамлакатимизда карантин чекловлари кучайтирилди. Аммо минг бир чеклов бўлса-да, ниқоб тақмаслик, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, вирусни авж олдираверади, авж олдираверади. Бундан бу ёғига унутишга ҳаққимиз йўқ! 

Уйдан чиқаётганингизда ниқоб тақишни унутманг!

Баҳриддин ҚИЛИЧОВ, туман кенгаши депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари.

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда