• 17:28 – Fermer xo‘jaligi tashkil etish tartibi 
  • 09:45 – Туманда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш бошланди 
  • 10:37 – Туманнинг асосий иктисодий ривожланиш кўрсатгичлари 
  • 16:45 – ТУМАННИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 

Айб йилда эмас, меҳнатда

 Мақоламиз қаҳрамони туманимизнинг Олға қишлоғида яшовчи Орол ака Раҳманов. Олғаликлар тили билан айтганда “Орол домла”. Орол домла қишлоқдаги    27-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайди, бўш вақтларида шеърлар ёзиб ижод ҳам қилади. Газетамизнинг фаол жамоатчи мухбирларидан. Шу билан бирга деҳқончилик илмини пухта ўзлаштирган. Олға туманимизнинг сувсиз, ер остида тоза ичимлик суви бўлмаган, чул ҳудуди ҳисобланади, баъзи  хонадонлар ҳовлисида ҳатто бир туп дарахт йўқ, лекин мақоламиз қаҳрамоннинг томорқасида 100 тупга яқин бодом дарахти, 20 туп узум, картошка, маккажухори, беда экилган.

Биз бир томонда тарвуз, бир пайкалда қовун ва яна бир томонда маккажухори поялари яшнаб турган дала томон йўл олар эканмиз, йўл ёқасига хирмондек уюб қўйилган, лоф эмас, ҳар бири камида 4-5 килограмм чиқадиган, тарвузларни кўриб қувониб кетдик. Чунки унга қадар йўл йўлакай кўриб, кайфиятимиз бузилиб келаётган дилгир ва аянчли манзаралар қатор–қатор қуриган дарахтлар, гектарлаб увол бўлиб ётган ерлардан кейин дуч келганимиз бу манзарадан дилимиз яйраши табиий эди. 

“Хирмонга барака”, дедик юзлари офтобда қорайган, жиддий ва сермулоҳазалиги юз–кўзидан билиниб турган Орол аканинг ёнига яқинлашар эканмиз. 

Биз мақсадимизни айтганимизда, бизларни ҳам йўқловчилар бор экан-ку, дея қувониб кетди. Бундай чиройли манзарани соғиниб қолган тасвирчи қизларимиз  рухсат сўраб, қовун, тарвуз пайкаллари томон чопиб кетишди. 

 “Биз бу ерда оиламиз билан деҳқончилик қиламиз, тирикчилигимиз шу ернинг орқасидан”, деди  суҳбатдошимиз. Биз узоқ вақтдан бери бундай пайкалзорни кўрмаганимиз ҳамда чулда бундай ободликни кўрганимиздан жуда ҳаяжонландик.

- Ҳар қандай экин нави ҳам янгилаб турилмаса, бора–бора ўз хусусиятини йўқотади, бундан ташқари ҳар бир экин ўзига хос ер танлайди, масалан, қовун шўр ва чўл ерни, тарвуз серсув жойни, ҳандалак эса сувсиз, қуруқ ерни ёқтиради, икки–уч марта суғорилади, холос, агар ҳандалак учун танланган ернинг остидаги ер ости сувининг чуқурлиги 70 метрдан кам бўлса ҳандалак яхши ҳосил бермайди, палаги тез қуриб қолади, ўзи эса бемаза бўлади, шунинг учун полиз экинлари учун ерни бехато танлаш керак “, - деди Орол домла. Биз у кишининг гапларини тинглар эканмиз, ҳар бир касбнинг, ҳар бир соҳанинг ўзига хос сир–асрори борлигини, ҳақиқий мутахассис каби, ҳақиқий деҳқон ҳам ўз касбининг сирларини билса ва шунга қараб ҳаракат қилса, мана шундай натижага эришиши мумкинлигини тушундик. Лекин бошқа касблардан фарқли равишда деҳқончилик касби узоқ йиллик тажрибанинг талаб қилишини эътиборга оладиган бўлсак, Орол аканинг чуқур мулоҳаза билан, тажрибали деҳқонлардек айтган гаплари ҳавасимизни келтириб, деҳқончилик ота касбми Орол ака, деб сўрадик.”Албатта, болалигимиздан бери отамнинг ёнларида бўлдик. Уларга кўмак бериш билан бирга деҳқончиликнинг ўзига хос машаққатлари, масъулияти ва сир–асрорлари борлигини ҳам билиб олдик, кўзимизам, ўзимиз ҳам меҳнатда пишдик, ота касбини эгаллаган асло хор бўлмайди”, дейишадику, биз ҳам бойиб кетмасак-да кам бўлмаяпмиз, даромадимиз ҳам меҳнатимизга яраша,”- деди. 

- Бу йил сув масаласи қийинроқ бўлиб турибди, суғоришга қийналмаяпсизларми,- деб сўрадик. –Бироз  сувдан қийинчилигимиз бор, иложи қилаяпмиз, экинларимиздан фақат тарвузгина сувга талабгорроқ, боя айтганимдек бошқа экинларга унча кўп сув керакмас,-деди. Шу онда тарвуз, қовун олаётган харидорларни кўриб, "сир бўлмаса айтингчи, бу йил даромад қанақа бўлади", деганимизда О.Раҳманов, ”Ҳеч қандай сири йўқ, бу йил қовундан 50 миллион,  тарвуздан 35-40 млн. даромад қилишни мўлжаллаётганини айтди. Сўнг гапида давом этиб, ”Ношукрлик қиляпти деманглар, баракасини берсин, лекин март ойидан бери бола–чақамиз билан даладамиз. 

 “Деҳқон” сўзининг луғавий маъноси ер эгаси, заминдор, ернинг ҳокими деганни англатади. Деҳқоннинг зиммасига жуда шарафли ва масъулиятли вазифа юклатилган бўлиб, унинг томонидан етиштирилган мўл ҳосил фақат ўз халқининг эмас, ҳатто ўзга халқларнинг ҳам дастурхонини тўкин–сочин тўлдиради. Шунинг учун деҳқон аввало ер билан тиллаша олиши, қай бир экин турига қандай ер тўғри келишини билиши, пала –партишлик, ўзбилармонлик билан эмас, деҳқончилик маданиятига амал қилган ҳолда иш олиб бориши ғоят муҳимдир.

Нодира Ботирова.

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда