• 17:28 – Fermer xo‘jaligi tashkil etish tartibi 
  • 09:45 – Туманда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш бошланди 
  • 10:37 – Туманнинг асосий иктисодий ривожланиш кўрсатгичлари 
  • 16:45 – ТУМАННИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 

ФҲДЁга ишингиз тушса...

Бугунги суҳбатимизни туман ФҲДЁ бўлими мудири Шоҳида Худойназарова  билан оиланинг жамиятдаги ўрни, уни мустаҳкамлашда ота-оналарнинг роли, турмуш қураётган ёшлар билан олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ишлари, ажралишларнинг олдини олиш ва бошқа масалалар юзасидан ўтказдик.

Ёш келин-куёвларнинг муносабатлари ёмонлашуви, ораси бузилиши, оиладаги муҳит ёмонлашиб, ажралишгача бориб етишида баъзан билиб-билмай ота-оналар сабабчи бўлиб қолишади. Буни телевидениеда тинимсиз намойиш этилаётган  деярли барча миллий сериаллар, "Оталар сўзи - ақлнинг кўзи" ва бошқа қатор кўрсатувларда ҳам кўриш мумкин. Бу ҳақда фикрингиз қандай?

-    Оилада тинчлик бўлиши, бахтли яшаш фақатгина турмуш қурган икки ёшга эмас, уларнинг атрофидагилар, биринчи навбатда ота-оналарига ҳам боғлиқ. Афсуски, ёшларимизга намуна бўлиш, уларни тўғри йўлга бошлаш, умид билан бунёд этилган оилани сақлашга ҳаракат қилиш ўрнига айрим ота-оналар турмуш қурганига кўп бўлмаган, оила ҳақида тушунчаси саёз, шошқалоқ фарзандларини ажратиш, янги келин олиш, куёв топиш ҳаракатида бўлишади. Ҳатто дунёга келган ёки келадиган невараларининг тақдирини ўйлаб ҳам кўришмайди. Шу боис, оилани мустаҳкамлаш, сақлаб қолиш, ажралишларни камайтириш учун ота-оналар, келин-куёвнинг қариндошлари, дўстлари ўртасида ҳам тушунтириш, тарғибот ишларини олиб боришимиз, уларнинг шу масалада масъулиятини оширишни ҳам ўйлашимиз  керак.

Бундай тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб боришда буюк ватандошларимиз - Имом Ал Бухорий, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирийдек шоир ва ёзувчилар, давлат ва дин арбоблари, файласуф-алломаларнинг бой адабий-маданий меросидан фойдаланиш қўл келади, деб ўйлайман. Уларнинг ўз оиласига, фарзандларига, оиладаги тартиб-қоидаларга, умр йўлдошларига муносабатлари ўзи бир мактаб.

- Фикрингизга қўшиламан.Уларнинг китобларини ўқиб, фикрларини, таълимотларини англаб борган сари ҳаёт, оила,фарзанд, инсоний бурч ҳақида тасаввурингиз кенгайиб, тиниқлашади назаримда. Шу ўринда ажойиб инсон, аллома, диний ва дунёвий илмлар билимдони шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг фикрларини ёдга олайлик. Оилаларнинг мустаҳкам бўлишида ота-оналарнинг роли ҳақида у киши айтган сўзлар ҳозир ҳам долзарблигини сақлаб қолган.

"Қадимда мусулмон халқларда, жумладан, бизнинг халқимизда, оиланинг катталари, хусусан, ота-оналар ёш оилаларнинг мустаҳкамлигига гаров бўлиб келганлар, - дея ёзган эди аллома ўз китобларидан бирида, - келин-куёвлар ёшлик қилиб, ўзаро келиша олмай қолсалар, жанжал қилсалар, уларни яраштиришни ўзларининг бурчлари деб билганлар.Ҳар бир ота-она, аввало, ўз фарзандига насиҳат қилган ва оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшган. Баъзи ҳолатларда қаттиқроқ гапириб, дўқ-пўписа ҳам қилганлар. Ўша пайтларда "Фалончининг қизи уйига аразлаб келган экан, "Сенинг уйинг ўша ер, бизникидан кетгансан, яна шундай қилсанг, сендан норози бўламан" деб, қайтариб олиб бориб қўйишибди" қабилидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинар эди. Шунингдек, "Фалончининг ўғли келини билан уришиб қолган экан, "Агар келинни яна бир марта хафа қиладиган бўлсанг, ундай қиламан, бундай қиламан" деб, ўғли билан роса уришибди" каби гап-сўзлар ҳам тарқалиб турар эди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, икки тарафнинг катталари нима қилиб бўлса ҳам, оила мустаҳкамлигининг қайғусини қилар эдилар".

2021 йилнинг Президентимиз ташаббуси билан"Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилиниши  оилани мустаҳкамлаш, ажралишларни камайтириш,соғлом авлод дунёга келиши ва баркамол вояга етишини таъминлаш борасидаги масъулиятни янада   кучайтиради. Жумладан, ФХДЁ ходимларининг ҳам. Шундай эмасми?

-Сўзсиз шундай. Биз бу борада туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими, марказий шифохона, маданият ва спорт бўлими, бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширишимиз лозим бўлган режаларни, чора-тадбирларни белгилаб олганмиз. Яхши биламизки, оила бахти-жамият бахти, оила муаммоси жамият аъзоларининг, ҳокимликдан тортиб ҳар бир тумандошимизнинг муаммосидир. Шундай экан, оилаларнинг бахтли бўлиши, муаммолар камайиши учун биргаликда ҳаракат қилайлик. Бу борадаги умуминсоний илғор тажрибаларни, қадриятларимизни оммалаштириб, оиланинг муқаддаслигига ёшларни ишонтирайлик.

Хизмат юзасидан   маҳаллаларга чиққанимда аҳоли томонидан бугунги кунда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш юзасидан,   шунингдек  қайд қилишдаги давлат божи тўғрисида мурожаат этишади. Мана шу саволга жавоб берсангиз, қайси хизмат учун қанча ҳақ тўланиши  керак?

-    2021 йил 1 февралдан базавий ҳисоблаш миқдори  245 минг сўм этиб белгиланган. 

1.  Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома учун фақат герб йиғими ундирилади, яъни 15% - 36 750 сўм белгиланган бўлиб, бунда бир марталик нафақа пули миқдоридан автоматик равишда чегириб қолинади, яъни ФХДЁ бўлимида тулов тўланмайди (ушбу ҳолат 2021 йил 1 февралдан  туғилган болалар учун),  туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани жойига чиқиб, тантанали вазиятда берганлик учун 50% - 122 минг 500 сўм пуллик хизмат ундирилади,  туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома берганлик учун жами 85 минг 750 сўм, шундан давлат божи 15% - 36 минг 750 сўм, герб йиғими 15% - 36минг  750 сўм, пуллик хизмат  5% - 12 минг 250 сўм.

2.  Никоҳни қайд этиш учун жами  85 минг 750 сўм ундирилади, шундан давлат божи 20% - 49 минг  сўм, герб йиғими 15% - 36минг 750 сўм, Ўзбекистон фуқароларининг чет эллик фуқаролар билан ҳамда чет эл фуқароларининг чет эллик фуқаролар билан ҳамда чет эл фуқароларининг ўзаро никоҳларини қайд қилганлик учун жами 526 минг 750 сўм, шундан давлат  божи  БҲМнинг 2 баравари – 490 минг сўм, герб йиғими 15% - 36минг 750 сўм,  никоҳни қайд этишни ФҲДЁ бўлими ёки Никоҳ уйи биносида тантанали вазиятда амалга оширганлик учун 50% - 122минг 500 сўм;   никоҳни қайд этишни жойига чиқиб   (транспорт харажатларини ҳисобга олмаган ҳолда) амалга оширганлик учун 150% - 367минг 500 сўм, никоҳ тузилганлиги ҳақида такрорий гувоҳнома берганлик учун жами 85 минг 750 сўм, шундан давлат божи 15%  - 36 минг 750 сўм, герб йиғими 15% - 36минг  750 сўм, пуллик хизмат 5% - 12 минг 250 сўм.

3.  Фуқароларнинг мурожаатига асосан жойига чиқиб такрорий ҳужжатларни ва маълумотларни тақдим этганлик учун (транспорт ҳаражатларини ҳисобга олмаган ҳолда) 50% - 122 минг 500 сўм пуллик хизмат ундирилади.

Шунингдек, ўлимни қайд этишда давлат божи ва герб йиғими ундирилмайди,  ўлим ҳақидаги такрорий гувоҳнома берилганлик учун жами 49 минг  сўм, шундан давлат божи 15% - 36минг 750 сўм ва пуллик хизмат 5% - 12 минг 250 сўм. ФҲДЁ бўлимида аризаларни тўлдириш учун ёрдам беришда 12 минг 250 сўм пуллик хизмат тўлови бор.

Суюнчи пули қаердан ва қандай тартибда олинади?

-    ФХДЁ органида туғилишни расмийлаштириш жараёнида композит хизмат кўрсатилиб, бола бирданига яшаш жойи бўйича рўйхатга қуйилади, тиббий хизмат кўрсатиш учун поликлиника ҳисобига олиниб, МТМга навбатга қўйилади ва бир марталик нафақа пули учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлимига хабарнома жўнатилади. Шунга асосан фуқаро исталган ҳудуддаги   Халқ банкига мурожаат этиши ва бир вақтнинг ўзида нафақа пулини олиши мумкин.  

Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

  • Никоҳланганлар – 420 та; 
  • Ажрашганлар – 44 та; 
  • Туғилиш – 1562 нафар; 
  • Ўғиллар – 825 нафар; 
  • Қизлар – 793 нафар; 
  • Оталиқни белгилаш – 99 нафар; 
  • Ёлғиз оналар – 34 нафар;  
  • Вафот  этганлар – 289 нафар.

Суҳбатдош  Нодира БОТИРОВА.

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда