• 15:53 – "Долзарб 15 кунлик" 
  • 17:28 – Fermer xo‘jaligi tashkil etish tartibi 
  • 10:10 – Туманда пахта терими бошланди 
  • 09:45 – Туманда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш бошланди 

Самарқандда камол топган ижодкор

(Шоир Омон Матжон ҳақида талабалик хотиралари.)

1966 йили Самарқанд Давлат Университети ўзбек ва тожик филологияси факультетига ўқишга кирдим. Ҳали олий даргоҳ шарт-шароитига ўрганмай туриб, курсдагилар билан чуқур танишмасдан сентябрнинг ўрталарида пахта теримига чиқдик. Замон талаби шуни тақазо  қиларди. Талабалар ўша йили қўшни Сирдарё вилоятининг пахтазорларида жавлон урди.

Бир ҳафта ўн кун ўтгач, ёмғир ёғди. Теримга чиқмадик. Пешинда ёмғир тинди. Ер сергигач талабалар футбол ўйнашга тушди. 

Сўри қилинган узун баракада яшаймиз. Бир иш билан ичкарига кирсам,   ётоқнинг турида бир йигит йиғиб қўйилган кўрпа-тўшакка ёнбошлаб нимадир ёзаётган экан. Менинг кирганимга ҳам эътибор қилмади. Унинг кимлигини ҳали билмасдим. Мен бир оз унга тикилиб туриб, ишимни битириб чиқиб кетдим ва... ва унинг кимлигини билдим. Бу III-курс талабаси, хоразмлик йигит, бўлажак таниқли шоир Омон Матжон эди. Шундан сўнг мен уни кузатиб юрдим. Омон ака обрўли талаба эди, факультетнинг, домлаларнинг эркатойи эди. 

Пахта термасди. Шундоқ талабаларга қўшилиб бирга турар, бирга ётиб юрарди. Маданий-маърифий ишлар билан шуғулланарди. 

Пахта мавсуми тугади. Шаҳарга қайтиб ўқишни давом эттирдик. Факультетнинг “Филолог” қўлёзма деворий газетасига Омон ака масъул эди. Унда талабалар ижодидан намуналар бериларди.

Ўша пайтларда домлалар ва талабалар учун ичи чуқур балдоқли қора сумка расм бўлди. Кўпчилик уни олиб юрарди. Омон Матжон шу ҳақда бир нима ёзганди. Мазмуни қуйидагича. 

Бир талаба мақтанади:

- Мана, менинг сумкам. Ичида дафтар, қалам, китобларим бор. Ҳатто кунлик озиқ-овқатимни ҳам шунда олиб юраман. Иккинчи талаба унга жавобан шундай деди:

- Менинг ҳам ёзув-чизув, ўқув қуролларим шунинг ичида. Агар ижарага уй топа олмасам, ичига кириб яшайвераман.

Бизнинг давримизда “Шалола” шеърият клуби фаолият юритарди. Уни домла Нуриддин Шукуров ташкил этганди. Аммо машғулотларини кўпинча Омон Матжон бошқарарди. Бу пайтга келиб Омон ака Университетда танилиб улгурган, вилоят газетасида шеърлари тез-тез босиларди. Бизнинг курсдан булунғурлик дўстим Аҳмад Аъзам, Уллибиби Отаева фаол эди. Мен ҳам қатнашиб чеккароқда ўтирардим. Машғулотларнинг бирида шундай топшириқ берилганди.

 Осмон тўла юлдуздир,

  Қани сенинг юлдузинг.

Ҳар ким иқтидорига кўра ушбу шеърни давом эттириши  керак.

Шоир Омон Матжон ҳақидаги фактларни, фикрларни профессор Нуриддин Шукуровнинг хотираларидан билиб олиш мумкин.

Домла чет тиллар факультети талабаларига “Адабиётшуносликка кириш” фанидан дарс ўтарди. Камсуқумгина йигит Омон Матжонни кашф этади. Унинг бир нечта умумий дафтарга ёзилган шеърларини ўқийди. Қизиғи, шеърларнинг мазмунига мос расмлар ҳам чизилган. Домла билибдики, бу бола жуда ноёб истеъдод эгаси экан.

Унга қизиқиб сўрабди.

-Сен нега ўзбек филологиясига кирмадинг?

-Мен аслида ўзбек филологиясига ҳужжат топширмоқчи бўлиб келгандим. Бу ердаги шарт-шароитни билмасдим. Шунда менга бир одам маслаҳат берди.

-Ўзбек филологиясига конкурс катта бўлади. Ўтолмайсан. Ундан кўра Чет тиллар факультетига ҳужжатингни топшир. Шу тариқа бу ерда ўқиб қолдим.

Н. Шукуров домла истеъдодни юзага чиқариш учун жиддий курашганди. Чет тиллар факультетининг декани Р. Муқимов иккаласи Университет ректори академик В. Абдуллаев ҳузурига кирибди. Матжонов Омонни ўзбек филологияси факультетига ўтказишни сўрабди. Ректор, аввал, бу менга боғлиқ эмас, вазирлик ҳал қилади, дебди. Сўнгра Омон Матжоннинг шеър дафтарини ўқигач, жуда севинибди ва масалани ижобий ҳал қилибди.

Шоир Омон Матжон устозларининг хизматларини унутмади. Профессор Нуриддин  Шукуровга бағишлаб “Карвонлар”, профессор Худойберди Донёровга атаб “ Энг сўнгги хазина” шеърларини ёзди.

Омон Матжон устозларининг ишончини оқлади ва XX-аср ўзбек шеъриятининг таниқли шоирларидан бири бўлди. Шоирнинг биринчи тўплами “Очиқ деразалар” 1970 йилда нашр этилди. Шундан сўнг “Карвон қўнғироғи”, “Қуёш соати”, “Ёнаётган дарахт”, “Ярадор чақмоқ”, “Сени яхши кўраман”, “Дарахтлар ва гиёҳлар”, “Гаплашадиган вақтлар”, “Минг бир ёғду”, “Ўртамизда биргина олма”, “Қуш йўли”, “Имон ёғдуси”, “Сайланма”, “Ардахива” каби китоблари ўқувчилар қўлига теккан. 

Омон Матжон шеърларининг мағзи тўқ, бадиий етук, китобхонни ўзига тортади.  Мусиқийлиги юқорики, ўнлаб шеърлари қўшиқ бўлиб, халқимиз кўнглидан жой олган. 1993 йили “Халқ шоири”” унвонига сазовор бўлган. 

Мен “Ленин йўли”(ҳозирги Зарафшон) газетасининг 1969 йил 16 январь сонини сақлаб қўйибман.  Омон Матжоннинг “Самарқанд мухаммаси” шеъри босилган.  Ундан бир парча ўқиймиз.

Шаҳримиз авжин бугун ҳур давру давронида кўр,

Ҳар чоғин бир ёнда, ҳар ёнин бир чоғида кўр.

Мен Омонни ёр ила Дорилфунун боғида кўр,

Тўйни бу кўркам шаҳар ичра қурмоқ аҳдидан.

Хулосаи калом, Омон Матжоннинг    XX-аср ўзбек шеъриятининг забардаст вакилларидан бири бўлиб етишишида Самарқанд Давлат Университетининг, унинг билимдон, зукко домлаларининг, Самарқанд адабий муҳитининг хизмати катта.

Қаюм ТУРҒОН.      

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда