• 10:06 – Конституция – эркимиз кафолати 
  • 09:14 – Туман ҳокими қарори 
  • 14:59 – Рақамларда технологиялар бўйича туманимиз намунали ҳудудга айлантирилади 
  • 17:51 – ДИАГНОСТИК МАРКАЗ иш бошлади 

Ўзбек тили нафис ва мусиқа оҳангидай жарангдор

Жорий йил 25 сентябрь куни газета таҳририяти биносида  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқининг энг муҳим қисмларини ўрганишга бағишланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни қабул қилинганига 31 йил тўлиши муносабати билан "Ўзбек тили нафис ва мусиқа      оҳангидай жарангдор" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон "Адолат" СДП туман Кенгаши, Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти туман бўлими ҳамда Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбир бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи намойиш этилди.

-Президентимизнинг БМТ Бош ассамблеяси Олий майдонидан қилинган нутқни том маънодаги тарихий воқеа деб баҳолаш мумкин. Нутқда юртбошимиз Ўзбекистондаги, Марказий Осиё минтақасидаги ҳамда глобал миқёсдаги воқеаларга баҳо бердилар, ўзларининг чуқур тахлили ва узоққа мўлжалланган ташаббуслари билан чиқдилар-дейди ўз нутқида Ўзбекистон "Адолат" СДП туман Кенгаши раиси Нодира Ботирова.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти туман бўлими раҳбари Хошим Қобилов сўзга чиқиб, қўйидагиларни таъкидлади.

-Тириклик учун тоза ҳаво билан қуёш нури, нон ва сув қанчалик ҳаётий зарурат бўлса, миллатнинг яшаши ва равнақ топишини ҳам она тилисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бугунги кунда ўзбек тили давлат ва жамият бошқаруви, илм-фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳалари, умуман, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида қўлланилмоқда, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. "Давлат тили тўғрисида"ги Қонуннинг қабул қилиниши дунёга Ибн Сино, Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Бобур сингари буюк шахсларни етиштирган миллий тилимизнинг қонуний мақомини белгилаб берди, она тилининг халқаро миқёсда обрўси ошишига хизмат қилди.

-Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги "Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва миқёсини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони эса   Ватанимизда она тилимиз қадрини, нуфузини юксалтиришга қаратилган муҳим тарихий ҳужжат бўлди. Зотан, тил давлат тимсоли, унинг мулки. Тилни асраш, ривожлантириш эса миллатнинг юксалиши демак. Барча эзгу фазилатлар инсон қалбига болаликдан она тили орқали таълим-тарбия жараёнида сингдириб борилади. Тилимизни соф ҳолда авлодларга етказиш учун бугундан ҳаракат қилишимиз зарур. Бунда нафақат олий таълимнинг, балки оила ва жамоатчиликнинг, мактабгача таълимнинг ҳам алоҳида ўрни бор- дейди  тадбирда сўзга чиққан Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Сирожиддин Хужамияров. 

Тадбир сўнггида таҳририят қошидаги "Ёш ижодкорлар" тўгараги қатнашчилари ўз ижодидан намуналар ўқиб бердилар. 

Дарвоқе, ёш авлоднинг она тилига муҳаббат билан улғайиши кўп жиҳатдан оилавий муҳит, боғча ёшидан бошланган таълим-тарбияга боғлиқ.   Юртбошимиз томонидан мактабгача таълим тизимига қаратилган эътибор туфайли мамлакатимизда, хусусан, вилоятимиздаги болалар боғчаларида изчил таълим жараёни йўлга қўйилди, болаларимизга ўзбек тилини пухта ўргатиш, нутқларини ривожлантиришга жиддий аҳамият бериляпти.

Она тили - тарихимиз, бугунимиз ва келажагимиз демак.

Унинг юксак мақоми, софлигини асраш ҳар биримизнинг маънавий бурчимиздир.


Файрўза КАМОЛОВА.

Калит сўз: ўзбек тили
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда