• 10:06 – Конституция – эркимиз кафолати 
  • 09:14 – Туман ҳокими қарори 
  • 14:59 – Рақамларда технологиялар бўйича туманимиз намунали ҳудудга айлантирилади 
  • 17:51 – ДИАГНОСТИК МАРКАЗ иш бошлади 

Она тилим, сарчашмангдан сархуш дилим!

Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. "Давлат тили ҳақида"ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энсиклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. 

Тил - миллат қиёфасининг бир бўлаги.  Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий, расмий тилига эга, деб айтолмаймиз. Чунки, бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. 

Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки, янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун Интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Тил нафақат муомала воситаси - балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. 

Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушуниш ва мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у, ёки, бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади. 

Шундай экан, тилга бўлган ҳурматни ҳаётга татбиқ этилишига, ўз она тилимизни улуғлаш, мавқеини янада юксалтириш, унинг жаҳонаро баралла янграшига ҳисса қўшиш ўзини шу юртнинг ҳақиқий фарзанди, деб билган ҳар бир инсон учун муқаддас бурчдир.


Нодира ТОШТЕМИРОВА, 

4-умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчиси.


Она тили - миллатнинг руҳидир. Тил - давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш ривожлантириш - миллатнинг юксалиши демак.

Бундан 31 йил муқаддам  ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул ва тарихий воқеа бўлиб қолди. Чунки, Беруний, Ибн Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган    халқнинг тили эътибордан четда қолиб кетганди. 

Агар ўшанда тил тўғрисида қонун қабул қилинмаганда эди, ўзбек тили ҳам тарих саҳифаларидан жой олмаган бўлармиди?

"Давлат тили ҳақида"ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.

 Тил - миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил муомала воситаси - балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Бизнинг юртдошимиз Нуроталик, Нурхон Ҳакимова Америка тарихида биринчи марта "Ўзбек мактаби" очиш учун ўтказилган танловда қатнашиб, 200 та иштирокчи ичида энг юқори баллни қўлга киритди ва Америка Зиёрат мактабида ўзбек филолог ўқитувчи бўлди. Нурхон Ҳакимова телекўрсатувда ўзбекистонлик юртдошларига қувонч ила шундай мурожаат қилди; -билимингизни ҳеч ким ҳеч қачон, ҳеч қайси мамлакат тортиб ололмас экан. Қувончим чексиз! Ўз касбимда ўз она тилимда яъни, ўзбек тилида Америкада дарс бераяпман. Яна ўзбек маданияти, тарихи, урф-одатларини ўргатаяпман. Бу Аллоҳимни бир ўзбек қизига берган туҳфаси, деб биламан.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари БМТ Ассамблеяси 75-сессияси тарихида илк маротаба ўзбек тилида нутқ сўзлаши барчамизнинг қалбимизни ғурурга тўлдирди. Юртбошимизнинг ўзбек тилида маъруза қилиши, она тилимизга давлат тили мақоми берилганининг 31 йиллигига муносиб туҳфа бўлибгина қолмай, тилимизга давлат даражасида эътибор қаратилаётганининг  далолати бўлди. 21-октябрь "ўзбек тили байрами" куни деб эълон қилингани барча юртдошларимизни руҳлантириб, байрамни кенг нишонлаш бўйича барча ташкилотларда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Шу жумладан, бизнинг 75-умумтаълим мактабимизда ҳам ўзбек тили байрамига босқичма-босқич тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. "Тил-миллат кўзгуси" бурчаги, "ўзбек тилим - ифтихорим" мавзусида иншолар танлови, "Ўзбек тилим-ўлмайди" номли шеърий мушоира ўтказилди.  


Фарида БЕРДИҚУЛОВА, 

75-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.


Президентимизнинг 2020 йилни илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилганлиги, менга китоб мутолааси, китобхонликни кучайтириш тўғрисидаги фармонининг узвий давомидай бўлиб туюлди. 

Тўғрида, китобсиз, мутолаасиз инсон қачон   илмли-маърифатли бўлган. Маданиятли, маънавий юксак инсон бўлиш учун китоб ўқиш сув билан ҳаводай зарур-ку.

Албатта, инсонга ҳаёт гўзалликларидан шодли-гу, қувончларидан баҳра олишнинг бошқа омиллари ҳам бор. Баъзан озгина даромадимиз ошса, қувонамиз, яхши қўшиқ эшитиб роҳатланамиз, ҳузурланамиз. Бу табиий ҳол. Кимга қандай билмадим-у, мен китоб ўқигандаги завқимни бошқа ҳеч нарсага алмашмаган бўлардим. Содда қилиб айтганда ёмон суҳбатдошдан яхши китоб минг марта аълодир. Радио, телевидениядаги дилга ёқар эшиттириш ва кўрсатувлар ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин.

Хусусан, Ўзбекистон телеканалидаги "Муносабат кўрсатувини кўриб бораман. Президентимизнинг "Ўзбек тилига Давлат тили мақомини берганининг 31 йиллиги муносабати билан чиқарган фармонининг мазмун-моҳиятига бағишланган эшиттиришда тилимизнинг бугунги аҳволи ҳақида гап бўлди. Бевосита иштирок этиб муносабат билдиришнинг имкони бўлмаяпти. Фикрларимни матбуот орқали билдиришни лозим топдим.

Менинг назаримда, ўзбек тили ўзининг бадиий тароватини, чиройли ўхшатишларини, ташбеҳларини, мақол, қочиримларини йўқотгандай. Йўқотмаган-у ишлатилмаяпти. Ваҳоланки, тилимиз ўзининг малоҳати, фасоҳати, ширин таъми билан гўзалк-у! Тилнинг ижодкори, манбаи халқ. Бироқ унинг ривожида, тараққиётида ижодкор инсонларнинг, етук шоир ва адибларнинг роли катта.

Шундай буюк даҳолардан бири, тилимизнинг жозибасини яратишда жонкуярлик қилган инсон ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомиздир. А. Навоий даврида туркий-ўзбек тили бой, рангин жозибадор, бадиий безакдор бўлгани шубҳасиз.  Бунинг исботи улуғ сўз санъаткорининг дилтортар ғазаллари, достонлари. Бунга изоҳнинг ҳожати йўқ.

Шунинг учун ҳам рус олими Н. И. Ильминский "Алишер Навоий она тили учун курашда ягона баҳодир жангчи эди" деб ёзганида ҳақ эди. 

Агар тарих бир эврилиб келса-ю, ўша она тили учун курашда ягона баҳодир жангчи тилимизнинг бугунги аҳволини кўриб, "биз безак берувдик     нақшлари кўчиб кетган экан",  демасмикан. Боиси бугун тилимизнинг Алишер Навоий давридаги жозибаси, бадиий таровати йўқ. Қуруқ ахборот воситаси бўлиб қолди. Бунинг учун улуғ шоирнинг исталган бир ғазалини  ва бугунги айрим шоирларнинг матбуотда чиққан шеърини таққослаб кўриш мумкин.

Шу ўринда улуғ шоир асарларининг ўқилиши ҳақида гапириш мумкин. Мен тўғриси бугунги кунда Навоий, Бобур, Огаҳий асарларини ўқиётган оддий одамларни кўрмаяпман.

Тўғри, илмий доираларда, олий ўқув юртларида ўқилар. Ўқиляпти, илмий татқиқ қилиняпти.   

Ўйлайман. Нега шоир асарларини ҳамма бирдай ўқимаяпти? Менимча, бунинг сабаби шоир асарларининг тили, сермаънолиги, бир сўзнинг, иборанинг бир неча маънода келиши бўлса керак. Кўпчилик китобхон унинг биринчи маъносини ҳам англаёлмайди. Айрим адабиёт ўқитувчиларни ҳам шу сафга қўшиш мумкин. 

Шу ўринда рус олими, академик И. Ю. Крачковскийнинг Ибн Арабшоҳнинг "Амир Темур тарихи" асари ҳақида айтган "бу асарнинг кўп татқиқотчилар назаридан четда қолишига унинг бадиий нафислиги айбдордир" деган сўзлари ёдимизга тушади.

Бугунги ўқувчилар енгил-елпи, осон ҳазм бўладиган китобларга ўрганиб қолган. Навоий асарларини ўқиб, маъносини чақишга сабрлари етмайди. Бунинг устига сўзнинг сеҳрли кучга эга эканлигини ҳис қилмайдиган, ёзмаса ҳам бўладиган гапларни қаламга олиб, сўз бўтқасидан иборат жилд-жилд китоблар чиқараётган "ёзувчилар ҳам кўпайиб кетди. Бу китобларни ўқиётган ёшлар ўзбек тилининг жозибасини қаердан билсин?

"Муносабат" кўрсатувида тилимизнинг шу аҳволга келиб қолишига ҳаммамиз айбдормиз, деган гап бўлди. 

Мен бошқачароқ ўйлардим. Айтайлик, Қашқадарё кенгликларида қўй боқиб юрган чўпоннинг бу ишга мутлақо алоқаси йўқ-ку!

Мен бу соҳадаги камчиликларни оммавий ахборот воситаларидан, радио телевиденияга чиқиб ваъз айтувчилардан, хусусий телеканаллардаги бошловчилардан ахтарган бўлардим.

Шу ўринда ёзувчи М. М. Дўстнинг "Лолазор" романидаги қуйидаги фикрни эслаш ўринлидир. "Барака топгур газетчилар ҳамма ёқни маҳсулотга тўлдириб юборишди. Уларга кўра, пахтакор пахта етиштирмайди, тўқув-тикув маҳсулоти етиштиради, сигирлар сут бермайди, сут маҳсулотлари беради, ёзувчи асар ёзмайди, босма маҳсулот беради".

Радио, телевиденияга чиқаётган айрим дуппа-дуруст одамлар, депутатлар, вазир ўринбосарлари, идора раҳбарлари ўзбек тилида равон гапириб, жумла тузолмаяпти. Сўз ва ибораларни керакли-кераксиз ўринларда такрорлайверади. Масалан, демак, ўша, шу, бу,  бугунги кунда, ҳозирги кунда  каби. Солиқнинг тепадаги бир ходими радиодаги суҳбатида бир жумланинг ичида "демак" сўзини 14 марта шархлади, менинг ғашим келди. "Демак" сўзининг тили бўлганда додлаб юборарди.

Бир сўз билан айтганда, деб бошлашади-ю, уч-тўрт жумлада 30-40 та сўз ишлатади. Умид қиламанки, деб бошлайди-ю, яна охирини "умид қиламан" деб тугатади.

Ўзбек тилида гап тартиби бор-ку! Ўзбек тилида бош бўлак бор. Эга, кесим бор-ку.

Шевачиликда гапиришни-ку айтмай қўяқолайлик. Оғзаки ўзбек адабий тили унутилмоқда. Ўзбек адабий тилида гапиролмайдиганларга даврада      навбат бермаслик керак.  Чет сўзларни айтиш ҳам расм бўлди. Аввалгиларини айтмайман, 2019 йил ўзбек тили бир чет сўзига бойиди.

Бу "дебат" деган сўз. Мен бу сўзни айни маъносини билмадим. Сўраганларга ҳам тушунтириб беролмадим.

"Домла, дебат дегани ғийбат дегани эмасми? - деганлар бўлди.

Мазмунига қараганда, телевидениядаги ўша учрашувни баҳс, мунозара, борингки, тортишув деса бўларкан.

Тилимизнинг ривожи, софлигини мақсад қилиб олган партиялар вакиллари ўша учрашувни Демократик баҳс ёки мунозара, ёки Демократик тортишув, деб номлаганларида чинакам ўзбекона, халқона идора бўлар эди. Тортишувнинг демократик эканлиги билинарди. Яъни, мардона тортишув эканлиги англашиларди. Яна ўша гап. Мен  учрашув қатнашчиларини китоб ўқимаган демайман. Агар ўзбекона тафаккур қилганларида "демократик дебат" демаган бўлардилар.

Хулоса, инсон нутқининг маънодорлиги тингловчи эшитувчига маъқул бўлиши, тилининг ширадорлиги, унда турли ташбеҳларнинг ишлатилиши, ўрни-ўрни билан мақол, образли иборалардан фойдаланиши унинг китобга муносабатига боғлиқ экан. Зотан, Президентимизнинг ёшлар, умуман аҳоли ўртасида китобхонликни кўпайтиришга катта эътибор бериши бежизга эмас экан-да.


ҚАЮМ ТУРҒОН. 


Тил- шунчаки алоқа воситаси, сўзлашув қуроли эмас, балки инсонлар қалбининг таржимони ҳамдир. Тил миллатнинг руҳини ўзида мўжассам этади, дея бежиз айтишмайди.

Дунёда тиллар кўп. Баъзилари жаҳон тили сифатида эътироф этилса, баъзи тиллар борки, у тилда икки кишигина суҳбат қилади холос, яна баъзилари эса йўқолиб кетиш арафасида. Нима бўлганда ҳам ҳар бир халқнинг ўз тили ўзи учун суюк ва қадрли.

Бугун мамлакатимизда ўзбек тилига бўлган эътибор ҳар қачонгидан юқори. Наинки мамлакатимизда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам тилимизнинг ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиб бораётганлиги   барчамизни қувонтиради, албатта. Дарҳақиқат, ўзбек тили кеча ёки бугун пайдо бўлган тил эмас. Неча-неча талотўплар, не-не камситишлар-у, асрлар силсиласидан мағрур ўтиб келаётган она тилим бу! Назм учун номуносиб дея айбланган, ғализ ва қўпол деб четга сурилган, бироқ Навоий бобом кўзларга тўтиё айлаб юксакларга кўтарган, Қодирийнинг орзу-армонларини  ўзида мўжассам этган, Чўлпон кўзларида мунг бўлиб қолган, ўзбекнинг ўзлиги, ўзига беклигини ифода этадиган, муқаддас тил бу!   

Мен бир неча йиллар муқаддам, академик лицейда ўқиб юрган чоғларимда, инглиз тилини чуқур ўрганиб, инглиз тили фани ўқитувчиси бўлишни  орзу қилардим. Шу билан бирга, ўз тилимга бўлган меҳрим, она тилимнинг сеҳр-у жозибаси мени янада кўпроқ ўзига тортарди. Ана шу жозиба, ана шу иштиёқ мени филология факултетига етаклади. Бугун шуни ғурур билан айтишим мумкинки, мен ёш авлодга ўз она тилини ўргатишдек шарафли вазифани бажараётганлигимдан, шунингдек, жажжи қалбларга она тили     оҳангларига йўғрилган миллатнинг руҳини жо айлаб, она Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришда ўз ҳиссамни қўшаётганлигимдан, қолаверса шу фан ўқитувчиси эканимдан фахрланаман!

Она тили-бизнинг ғуруримиз, ор-номусимиз, ўтмишимиз, бугунимиз ва эртамиз ҳамдир. Ўз тилига эга бўлмаган миллат йўқликка маҳкумдир. Фарзандларимизга турли тилларни ўргатишдан аввал, ўз тилини севмоқликни, ҳурмат қилмоқликни, она тили онадек азиз, Ватандек бебаҳо эканлигини ўқтирайлик. Шундагина буюк миллатга айланамиз.   


Ўзимники бўлган ўз тилим

Неча аср, неча замонлар,

Йўқолмадинг, сўлмадинг гулим!

Бугун келди давру давронлар,

Ўзимники бўлдинг ўз тилим!

Ўттиз бир йил рамзий аслида,

На бугун, ё кечагисан, сен.

Беш асрким назм боғида,

Навоийнинг чечагисан сен.

Сен "Хамса"ни куйлатган булбул,

Жомийни лол этган туркийим...

Шоҳим ҳам сен, шавкатим ўзинг,

Минбарларда янграган куйим!

Қодирийнинг нафаси сенда,

Ҳар шевангда минг маъно, илм.

Олам борки, бор бўлгин сен-да,

Ўзимники бўлдинг ўз тилим!


Севара АБДИМЎМИНОВА, 

41-умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчиси.

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда