• 10:06 – Конституция – эркимиз кафолати 
  • 09:14 – Туман ҳокими қарори 
  • 14:59 – Рақамларда технологиялар бўйича туманимиз намунали ҳудудга айлантирилади 
  • 17:51 – ДИАГНОСТИК МАРКАЗ иш бошлади 

Бола – ота – онанинг ойнадаги акси

"Юксак маънавият енгилмас куч" асарида, шундай деб ёзилган "Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор, оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди". 

Ота-боболаримиз билан суҳбатлашганимизда, "Оилада энг катта бойлик нима?" деб сўралса, "Оқибатли фарзанд" деб жавоб беришади. Улар буни улкан ҳаётий тажрибаларида исботлашган.

Ҳар бир бола гўдаклигидан оиласининг тарбиясига маҳкум, бинобарин биз дастлабки тарбияни ўз онамиздан оламиз. Шу сабабли оналаримиз билимли бўлсинлар. Агар оилада болага гўзал тарбия берилса, у бахтли, саодатли бўлади, яхши ишлари билан ота-она ва мураббийларини шодлантиради. Халққа хизмат   қиладиган баркамол инсон бўлиб етишади. 

Сир эмас, ҳаёт тажрибасида ўзимиз кўриб гувоҳи бўлиб турибмиз. Маҳалламизда боқувчисини йўқотган бир онахон истиқомат қилади. Исмлари Гулсара опа. Тўрт нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараб, ўз пешона тери, меҳнати билан боқиб, тарбиялади. Икки нафарини олий ўқув юртида, икки нафарини лицей, коллежда ўқитди. Айни пайтда ҳаммаси уй-жойли, ҳунарли-касбли. Мен бу онахонни мактабимиздаги ота-оналар йиғилишларида қолганларга ибрат бўлиши учун ҳурмат билан тилга оламан. Ёлғиз аёлнинг матонати, сабр-бардоши, жасорати туфайли мукаммал оила вужудга келди. Бугунги кунда бу оилага ҳавас билан қараётганлар сони ниҳоятда кўп.

Аксинча, маҳалламизда яна бир оила бор, ота-она ажрашганлиги сабабли фарзанди мактабни тугалламасдан ташлаб кетди. Шаҳодатнома ҳам ололмади. Оқибатда, паспорт олиш учун кўп муаммоларга учради. Айни балоғат ёшида ҳаётида тўсиқларга учраётгани ачинарли. Бунинг акси бўлиши мумкин эди, агар она билимли, фозил инсон бўлганида. Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчларини бажара олмаётганлар ўз фарзандининг келажагига соя солмоқда.          

 Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Янги туғилган гўдакнинг энг соф, покиза туйғулари илк ҳаётий тушунча  ва тассаввури бешикда, она бағрида, қолаверса, оилада қарор топади. Оила аталмиш қўрғонда яхшилик, эзгулик, ор-номус, сабрни ота-она ўргатади. Бекорга халқимиз "Қуш уясида кўрганини қилади" деб айтишмаган. Бола оқ ва қорани, яхши ва ёмонни, одоб-ахлоқни оилада кўриб ажратади.  

Биз ўқитувчилар фарзанд тарбиясида ҳар доим буюк аллома ва мутафаккирларнинг тарбия борасидаги насиҳатларига қулоқ соламиз. Кайковус, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Хоразмий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат каби алломаларимиз оналарнинг тарбия борасидаги саводхонлиги аъло даражада бўлиши лозимлигини таъкидлаганлар. 

Оиланинг асосий устуни - бу эр-хотиннинг ўзаро иззат-ҳурмати, одоби, ширинсўзлиги, бир-бирига ёрдам бериши ва ҳамжиҳатлигидир. Чунки, фарзанд айтилган насиҳатни эсидан чиқариши мумкин, лекин кўрганини ҳеч қачон эсдан чиқармайди.


Барно БАРАТОВА, 

75-умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчиси.

Калит сўз: мутолаа
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда