• 10:06 – Конституция – эркимиз кафолати 
  • 09:14 – Туман ҳокими қарори 
  • 14:59 – Рақамларда технологиялар бўйича туманимиз намунали ҳудудга айлантирилади 
  • 17:51 – ДИАГНОСТИК МАРКАЗ иш бошлади 

Бошқудуқлик бўлажак бешинчи журналист


Маржона ИРИСОВА 2002 йил  1 сентябрда  туманимиздаги Бошқудуқ қишлоғида журналист оиласида туғилган. Айни   пайтда Навоий шаҳрида яшайди. Ёш ижодкор.  Ижод йўналишида бир қатор танловлар ғолиблигини қўлга киритган. Ижод намуналари доимий матбуот         нашрларда, шунингдек, "Истиқбол ғунчалари", "Ўйғоқ хотиралар" жамоа тўпламларида чоп этилган. Маржонанинг нуфузли нашриётларда чоп этилган "Истиқлол шукуҳи" ва "Дийдор" шеърий тўпламлари ҳам кенг китобхонлар оммасига туҳфа этилган.

Бу йил Навоий вилояти Кармана туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактабини аъло баҳоларга тугатган синглимиз учун ниҳоятда омадли келди. Ўз интилиши ва ижодий йўналишдаги ютуқлари билан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси бўлишга муваффақ бўлди. Бу, Бошқудуқ қишлоғидан етишиб чиққан бўлажак бешинчи журналистдир.

Биз ҳам газетхонларимиз номидан ижодкор синглимиз ва тумандошимиз Маржона Ирисованинг ижоди ҳамда келгусидаги орзуларига ҳамиша омад тилаб қоламиз. 

Қуйида эса унинг қаламига мансуб шеърий гулдастани сиз қадрли газетхонларга туҳфа этамиз.


ТАҲРИРИЯТ.


Уруш... 

Сен - ажал, сен - олов, мисоли вулқон,

Ўз элин шони деб жанг қилди ўғлон,

Этдилар тинчлик - чун кўксини қалқон,

Ул мудҳиш кунларни унутмам сира,

Жасорат - абадий, мангу - хотира!


Ажал...

Юракларга солдинг минг заҳмат,

Сен қиёмат, сенда йўқ шафқат,

Эл бошига солдинг машаққат,

Ул мудҳиш кунларни унутмам сира,

Жасорат - абадий, мангу - хотира!


Жанггоҳ...

Оҳ, жангга кирганида ўзбек ўғлони,

Қонида жўш урди миллатнинг шони,

Тинчликка бахшида ҳаттоки жони,

Ул мудҳиш кунларни унутмам сира,

Жасорат - абадий, мангу - хотира!


Болам...

Деб куяди муштипар жони,        

Кўкларга урлайди нола, фиғони,

Ахир, у - суянчи, азиз ўғлони,

Ул мудҳиш кунларни унутмам сира,

Жасорат - абадий, мангу - хотира!


Ўғлонлар...

Урушда жон фидо этган,

Ўқларга ҳайиқмай кўксини тутган,

Жангда ҳалок бўлган, бедарак кетган,

Ул мудҳиш кунларни унутмам сира,

Жасорат - абадий, мангу - хотира!


Бедорлик...

Тан-жонни этмоқда адо,

Олға, деб юракдан чиқади нидо,

Ўғлонлар ўзини этгайдир фидо,

Ул мудҳиш кунларни унутмам сира,

Жасорат - абадий, мангу - хотира!

      

Айрилиқ...

Онаизор кутади фарзандин ҳамон,

У, албатта, тирикдир дебон,

Фарзанддан хабар бор на яхши-ёмон,

Ул мудҳиш кунларни унутмам сира,

Жасорат - абадий, мангу - хотира!


Ғалаба...

Бу шукуҳдан порлар юз-кўзинг,

Мардлигу садоқат тимсоли ўзинг,

Фарзандлар оқлади берган нон, тузинг,

Ул мудҳиш кунларни унутмам сира,

Жасорат - абадий, мангу - хотира!


Хотира...

Биз учун муқаддас, ёд этмоқ азиз,

Шаънингиз биз учун қанчалар лазиз,

Сизнинг қошингизда биз чўкамиз тиз,

Ул мудҳиш кунларни унутмам сира,

Жасорат - абадий, мангу - хотира!


Тинчлик...

Сен бирла эл яшар шод, гулгун,

Жонин берар ҳур Истиқлол - чун,

Шукрлар қилайлик, замонга бугун,

Ул мудҳиш кунларни унутмам сира,

Жасорат - абадий, мангу - хотира!


Мустақиллик...

Сен туфайли мунаввар замон,

Кунлар келди хўп дориламон,

Гуллаб-яшнар ҳур Ўзбекистон,

Ул мудҳиш кунларни унутмам сира,

Жасорат - абадий, мангу - хотира!



Кўнгилдаги сўз...

Истеъдод Аллоҳ томонидан барчага инъом этиладиган неъмат ҳисобланади. Фақатки, инсон ана шу истеъдодни ишонч ва ғайрат билан ўз вақтида юзага чиқара билиши керак. Ўзига ишонган инсон эса ҳар қандай машаққат ҳамда синовларни бартараф эта олади.

Менинг фикримча, хаёлот дунёси бўлмаган, ўзининг қалб туғёнларини қоғозга жо қила олмаган  инсон қанча уринса ҳам ижод қила олмайди, ижод қила олмадими, демак қўлда қалам тургани бефойда. Лекин баъзан юракда жўш уриб турган орзулар инсонга ишонч ҳамда умид бера оларкан. Менинг ҳам орзуйим ҳаётда шунчаки оддий инсон бўлиб яшамасдан, балки, эл танийдиган, ҳурмат қиладиган инсон бўлиш эди, худди дадам сингари бўлишни орзу қилардим. Одамлар мени "Ижодкорлик қонида бор", - деб кўп айтишади, албатта ижодкорлик менга бегона эмас, лекин ҳар бир инсон ўз келажагини ўзи бунёд этади, аввало, инсон ўзида истеъдоднинг бир бўлагини пайқай олдими, демак ана шу истеъдодни юзага чиқариш учун астойдил ҳаракат қилмоғи керак.

Илк ёзган шеъримни 10 ёшимда ёзганман,кейин эса ҳаяжон ҳамда ўзимга ишонч билан таҳририятга олиб борганман. Ўшандан кейин ўз олдимга ижодкор бўлишни мақсад қилдим, мана шу мақсад йўлида тинмай меҳнат қилдим, баъзан тунлари ҳам ухламасдан ижод қилардим. Кейинчалик эса қилган меҳнат ва изланишларим самара берди, "Ёш ижодкор" танловида ўзимни синаб кўрдим ва танлов ғолибаси бўлдим, 2019 йил эса менга омадли келди, жорий йилда 35 та мактаб ичида ўтказилган "Жаҳолатга қарши маърифат" танловининг туман босқичида 1-ўринни эгалладим ва вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритдим. 8 та туман ичида ўтказилган вилоят танловида эса 2-ўрин ғолибаси бўлишга муваффақ бўлдим, кейинчалик эса "Она тили-миллат руҳи" шиори остида ўтказилган танловда 1-ўрин, 2020 йилда НКМК томонидан Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилган   "Мардлик ва садоқат тимсоли" ижодий танловида эса 3-ўрин менга   насиб этди. Бундан ташқари, яна кўпгина танловларда қатнашдим ва фахрли ўринларни қўлга киритдим. Бу ютуқларимнинг барчаси тинимсиз меҳнатимнинг натижаси, қолаверса, ота-онамнинг менга бўлган ишончи сабаб  бўлди, дея қўрқмасдан айта оламан. Ҳаммасидан ҳам энг қувонарлиси орзуимнинг бир бўлаги ушалди, яъни ўзимнинг илк "Мустақиллик шукуҳи" номли мўжазгина шеърий тўпламим нашр эттирилди. Ҳозирги шеърий тўпламим ҳам сизга манзур бўлади деган умиддаман.

 Азиз истеъдод эгалари!

Доим мақсадингиз сари олға интилинг! Муҳими, ярим йўлда тўхтаманг, ана ўшанда сизни буюк, нурли келажак кутиб турганини англайсиз.

Маржона ИРИСОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.




Калит сўз: мутолла
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда