Инсон дунёга келдими, тинч-тотувликда соғ-саломат юриб, фарзандлар камолига гувоҳ бўлиб, узоқ умр кўришни истайди. Баъзан соғлигимиз, умримиз узоқ ёки қисқа бўлиши зўравонларнинг қўлида ҳал бўлаётгани, бизни ташвишга соладиган вазиятларга рўбару қилмоқда. Фикри тиниқ онгли инсон иймон –эътиқодини йўқотмайди. Иймонини йўқотган инсоннинг эса ҳайвондан фарқи қолмайди.
Яқинда жиноят иши юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари натижасида аниқланишича тумандошимиз Обид Шодмонов (исм шарифлари ўзгартирилган) қариндоши бўлмиш Фарида Шодмонова билан ўрталарида ўзаро келишмовчилик келиб чиқади. Оқибатда жанжаллашиб, жанжал натижасида Ф. Шодмоновани қўл ва оёқларига, темир билан уриб тан жароҳати етказади.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасида Ф. Шодмонованинг танасида, яъни ҳар иккала яноғида, пастки жағ чап томонида, кўкрак қафасида, иккала елкасида қонталашлар, юмшоқ тўқималари лати, иккала кўз қовоқларида қонталашлар, чап кўз оқ пардасига қон қуйилиши, иккала кўз кўриши ўткирлигининг пасайиши билан кечган тан жароҳатлари аниқланганлиги, улар ўтмас қаттиқ жисм таъсирида етказилганлиги, ушбу жароҳатлар унинг соғлиғининг олти кундан кўп, йигирма бир кундан кам бўлган муддатга бузилишига сабаб бўлиши, “енгил соғлиқнинг бузилишига сабаб бўлган тан жароҳатлари” гуруҳига кириши кўрсатилган.
Судда О. Шодмоновга иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шунингдек, жабрланувчи Ф. Шодмоновага жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни судланувчидан ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.
Илҳом ҲАМИДОВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси.
Наби Райимов,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.
Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг! |