• 16:06 – МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ НИМАЛАРГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ? 
  • 09:28 – Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилишидан мақсад нима? 
  • 18:58 – НУРОБОД ТУМАНИНИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 
  • 18:46 – Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши ҳамда маъмурий судлар тизимини оптималлаштириши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида 

БОБУР ҲАЁТИ, ФАОЛИЯТИ – МЎЪЖИЗА

Мумтоз адабиётимизда сўз сеҳргари, ҳазрат мир Алишер Навоийдан сўнгги йирик сиймо Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Табиат, аллоҳнинг бу беназир бандасига ғоят мушкул қисматни – шоҳлик ва шоирликдек ҳамиша ҳам муроса қилмайдиган фаолиятни муносиб кўрган. Не тонгки, шоҳлик ва шоирлик Бобур сиймосида уйғунлигини топган. Бобур улуғ салтанат соҳибларининг меросхўри – Соҳибқирон Темурбекнинг авлоди. Мана, унинг бобоси билан боғланган ҳалқаси. Амир Темур-Мироншоҳ Мирзо-Султон муҳаммад Мирзо-Абусаид-Умаршайх-Бобур.

Демак, Бобур Темурга бешинчи авлод. Бобур Андижон фарзанди. Умаршайх Мирзо ва Қутлуғ Нигорхоним зурриёди. Қутлуғ Нигорхоним Тошкент беги, чингизий ҳукмдор Юнусхоннинг қизи.

Шу ўринда бир тарихни эслатаман. Тарихда Аланқува исмли аёл подшоҳ бўлган. Эри вафот этгач нурдан ҳомиладор бўлади ва ўғил туғади. Исмини эса Бузанжархон, деб атайди. Буни қарангки, Бузанжархон Чингизхоннинг тўққизинчи, Амир Темурнинг ўн тўртинчи бобоси бўлган экан. Бу фактлар атоқли ёзувчи Примқул Қодировнинг “Амир Темур сиймоси” илмий бадиасида келтирилган. Ҳаёт ёш Заҳиридинни 12 ёшгача эркалатган, ота-она меҳрига тўйдирган, бир шаҳзода қанча бахтли, қувончли бўлиши керак бўлса, ҳаммасига муяссар бўлган. 

Аммо, аммо... шу ёшдан унинг ҳаёти мутлақо бошқа ўзанга тушиб кетди. Самарқанддан ёғийлар, ўз биродарлари Фарғонага бостириб келди. “Шу аснода ғариб воқеа юз берди. Умаршайх Мирзо жардин учиб, шунқор бўлди. Ўттиз тўққиз ёшда эди”.

Шундан сўнг, Заҳириддиннинг ҳаёти тоғ дарёсидай шиддатли кечди. Тож-тахт учун курашлар гирдобига тушди. Унинг меросхўрлик қисмати шуни тақозо қилди. Ота юртини ҳимоя қилди. Душманлар даф бўлди.  Бу билан қаноатланмай Самарқанд сари юзланди. Ахир жаҳонгирлик унинг қонида бор-да. Бобоси пойтахтини ҳам эгаллади. Аммо ҳаёт ҳамиша кишининг айтганича кечмайди. Ёш Бобур ўзидан кучли, маккор душман Шайбонийхонга дуч келди. Бобур чекинди. Бир муддат тоғу-тошларда сарсон кезди. Сўнгра, Қобул сари юз тутди.

Шу воқеаларни ўйлар экансиз, унинг нечоғли қийин ҳолатларга тушганини, борлиқ билан йўқлик орасида сарсон кезганини сезасиз ва изтиробга тушасиз. Бобур қийинчиликлардан қўрқадиган, тақдирга тан берадиганлардан эмасди. У мудом олдинга интилди.

Афғонистонда ҳокимиятни мустаҳкамлаб олгач, бир муддат сокин турди. Кейин гарчи ўзи бу ишини ”юзи қаролиғ” деб атаса ҳам Ҳиндистон сари отланди. Ҳинд элида катта империя тузди. Бобосидек катта давлат тузаман деган орзуси ўзга юртда амалга ошди. У ерда катта сулолага асос солди. 

Бобурийлар сулоласи Ҳиндистонда 332 йил ҳукмронлик қилган. 14 та ҳукмдорлардан энг машҳурлари Ҳумоюн, Акбар, Жаҳонгир, Шоҳжаҳон, Аврангзеб. 1859 йилда сўнгги ҳукмдор Баҳодиршоҳ инглизлар томонидан тахтдан туширилди. Шоҳ сургун бўлгач, унинг авлодлари қатағон қилинганда улар орасидан фақат Мирзо Қуёш тирик қолади. Унинг авлодлари  бугун дунёнинг турли бурчакларида яшайди.

Назаримда, Бобурнинг руҳида поклик бор. Халқона тил билан айтганда унда аллоҳга яқинлик бор. Қолаверса, умри муъжизаларга бой. Мисол келтирсак, Аҳмад Танбал билан жангда чекиниб, тоққа чиқиб кетганда, унинг изидан бир қанча отлиқ душман қувиб боради. Сўнгги марта намозга ўтирганида кўз ўнгида нуроний киши пайдо бўлади ва “тур, ғалаба сен тарафда” дейди. Шу пайт одамлари етиб келиб, душманини қўлга олади. Ёки, Ҳумоюн касал бўлганда, унга жонини бағишлашини ва ўғли тузалишини эслайлик.  

Бобурнинг шоҳлиги шоирлигидан, шоирлиги шоҳлигидан айро эмас. Айтиш мумкин-ки, унинг ижодкорлигининг салмоғи оддийгина умргузаронлик қилган бир шоирникидан кам эмас. Ўзи  ёзганидек, икки рамазонни бир жойда кутмаган.

Дилтортар ғазаллар, мағзи тўқ рубоийлар. “Хатти Бобурий”, Хўжа Ахрори Валининг “Волидия” асарининг таржимаси ва энг салмоқли асари “Бобурнома”. Бу асар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган бадиий етук тарихий мемуардир. Унинг асарлари халқимизнинг севимли бадиий мулкидир. Бобур асарлари олимларимиз томонидан ўрганилган. Бобуршунослик илми ҳам ривожланган. 

Дунёга довруқ таратдинг жуда нозик таъб бўлиб, 

Бобурингни изладинг Зокиржон Машраб бўлиб.

Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Ориповнинг ушбу сатрлари Андижонда ташкил этилган Халқаро Борбур экспедициясининг раҳбари Зокиржон Машрабовга бағишланган.

Экспедиция Темурийлар ва Бобурийлар изидан юриб, ўнлаб мамлакатларда бўлган ўнминглаб клометр масофани босиб ўтган. Шуларга тегишли бўлган китоб, қўлёзма, бошқа буюмларни олиб келиб “Бобур ва жаҳон маданияти” музейига қўйган. Экспедициянинг ҳар бир сафари муваффақиятли ўтган ва сафар таассуротлари китоб ҳолида нашр этилган. 1992 йилдаги биринчи сафар Хайриддин Султоновнинг “Бобурийнома” маърифий романида ўз ифодасини топган.

Сўнгги сафарлар ҳақида ёзувчи Қамчибек Кенжанинг “Ҳинд сориға”, “Андижондан Боғдодгача”,  “Бобурийлардан бири”,  “Улуғ Соҳибқирон юрган йўлларда” каби йўл хотиралари чоп этилган. Экспедиция Темурийлар ва Бобурийлар меросини ўрганишда катта ишлар қилган. Мен ҳурматли   газетхонларга ушбу китобларни ўқишни тавсия этаман.

Сўзим сўнггида, ўзим ҳам бир мақтанмоқчиман. 2014 йил 14 майда Андижонга бордим. Боғи Бобурни томоша қилдим. Шоир асарларидан сотиб олдим. Шу пайт музейга франциялик 30 чоғли сайёҳ кириб келди. Тошкентлик йигит таржимон экан. Чидаб туролмадим. Таржимондан рухсат сўраб, Бобур ҳақида ўн минутлар чамаси гапирдим. 3 марта бўлиб таржима қилинди. Мен Самарқандда 40 йил ўқувчиларга дарс ўтганман, деганимдан сўнг уларда қизиқиш ортди. Иккита рубоийни ёддан айтиб бердим. Улар фотоаппаратини бир-бирига бериб, мен билан суратга тушишди. Ушанда мен чет элликлар олдида Бобурийлар ва Темурийлар авлодидан эканимдан чиндан фахрландим.   


Қаюм ТУРҒОН,

 “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби.
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда