ТУМАН ХОКИМИ ҚАРОРИ
Нуробод туманидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларни тиркамаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1010-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил 9-сон, 320-модда) 6-моддасига асосланиб
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Туман ҳудудидаги мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларни тиркамалари тегишли тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
2. Туманда транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўтириш учун саккизтадан кўп бўлмаган ўриндиқларга эга, одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар — бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакчи учун белгиланган муддатларда.
3. Мазкур қарорнинг 2-банди “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта — 1 мартдан 30 июнгача;
иккинчи марта — 1 сентябрдан 31 октябргача ўтказилсин.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 мартдан 30 июнгача ўтказилсин.
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январдан 31 августгача ўтказилиши инобатга олинсин.
4. Туманда 2021 йилги техник кўрикни ўтказиш учун тузилган комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ, юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини 2021 йилги мажбурий техник кўригини ўтказиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори 3-банди талабларидан келиб чиқиб, туман мудофаа бўлими, ички ишлар бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари мажбурий техник кўриклари ўз юқори ташкилотларининг қарори ва иш режаси асосида амалга оширилиши назарда тутилсин.
6. Ушбу қарор қабул қилиниши билан туман ҳокимининг 2020 йил 17 февралдаги 99-Қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари(Э. Пардаев)га мазкур қарорни “Нуробод” газетасида расмий эълон қилиш, расмий эълон қилингандан сўнг бир кун ичида ҳокимликнинг nurobod.uz расмий веб-сайтига жойлаштириш вазифаси юклатилсин.
8. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Н. Раҳмонов зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими в. в. б. Р. ИБРАГИМОВ
Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг! |