• 16:06 – МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ НИМАЛАРГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ? 
  • 09:28 – Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилишидан мақсад нима? 
  • 18:58 – НУРОБОД ТУМАНИНИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 
  • 18:46 – Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши ҳамда маъмурий судлар тизимини оптималлаштириши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида 

КЕЛАЖАГИМИЗ ДАРҒАЛАРИ ҲАҚИДА УЙЛАР...


Мактаб. Ҳаммамиз учун қадрдон бўлган бу калом айтилганида болалик йилларимиз ёдимизга келаверади. Болалик ёди, илк бор кичкинагина жуссамизга мос бўлган сумкани китоб-дафтар, ручка-қаламлар билан тўлдириб, елкамизга ортганча мактабга борган кунларимиз, ўқитувчиларимиз пешвоз чиқиб, биринчи синф хонасига етаклаб кирган дақиқалар, ундан кейин биринчи қўнғироқ тантаналари-ю, биринчи дарсимиз, биринчи ўқитувчимиз... Буларнинг барчаси умрнинг кейинги босқичларидаги таассуротлардан ҳам залворлироқ.

Айниқса, бошланғич синф муаллимимизнинг нурли чеҳраси, бизнинг болаларча тасаввуримизда дунёдаги энг йирик, энг салобатли, билимдон инсон кўз ўнгимизда гавдаланади. Мактабни эсласак, албатта, болалик уммонига шўнғиб кетамиз ва шундан кўнглимиз ором топади.

Бу бежиз эмас. Осмонўпар биноларнинг кўрку салобатида пойдеворнинг ўрни қанчалик муҳим бўлганидек, инсон ҳаёти ва фаолиятида мактабнинг аҳамияти ҳам шунчалик муҳим ва қимматлидир. Ана шу қимматли маскан ҳар бир инсоннинг, ҳар биримизнинг тақдиримиз билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам мактаб ҳақида айтилган ҳар бир сўз юракка яқин боради. Ҳар сафар оммавий ахборот воситалари орқали мактаб ҳақида гап борса, қулоғимиз билангина эмас, юрагимиз билан эшитамиз, тинглаймиз.

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳақидаги ахборотни ҳам юрагимиз билан эшитдик.

Президентимиз куюнчаклик билан мактаб таълимидаги муаммоларни санаб, мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиши зарурлигини таъкидлади. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини алоҳида таъкидлаб, бу масаланинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталди. Бу борада олдимизда турган вазифаларни белгилаб берди.

Очиғи, мана уч йилдирки, давлатимиз раҳбари юртимизда мамлакат таълим-тарбия тизимига алоҳида эътибор қаратиб, фарзандларимизни айнан болалигидан мактабгача таълим муассасалари ва умумий ўрта мактабларга тўлиқ қамраб, замонавий инновацион ва креатив фикрлайдиган, миллий манфаатларимизга мос келадиган даражада тайёрлаш, уларни руҳан кучли, маънан баркамол, ватанпарвар ва жасур йигит-қизлар бўлишини таъминлаш, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш чораларини кўрмоқда.

Уйма-уй, далама-дала юриб, халқнинг ичига, аниқроғи қалбига кириб борган давлатимиз раҳбари халқ таълими тизимидаги муаммоларни ўрганиб, ҳозирга қадар соҳага оид 6 та фармон ва қарор кўринишидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имзолади. Улар асосида Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилиниб, амалий чора-тадбирлар белгиланди ва уларнинг ижроси таъминланмоқда. Энг муҳими, ота-оналар, жамоатчиликнинг истаклари инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълим тизими тикланди. Бугунги кунда халқ таълими тизими, умумий ўрта мактаб таълими тизимли равишда ислоҳ қилинмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида халқ таълими тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқув-тарбия жараёнида таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини кенг қўллаш масалалари илгари сурилди. Президентнинг 2019 йил 29 апрелдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди.

Шу тариқа, бугунги кунда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтиришга халқ таълими соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.

Маълумки, мамлакатнинг келгусидаги жадал тараққиётида ёш истеъдодлар муҳим ўрин тутади. Шуни эътиборга олган Президентимиз иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалаларига жуда катта эътибор қаратмоқда. Буни бугун ҳаммада қизиқиш уйғотаётган Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номлари билан аталган ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари мисолида кўриш мумкин. Ана шу мақсадларда сўнгги уч йилда юртимизда 157 та умумтаълим мактаби янгидан қурилди. Янги ва замонавий намунадаги бу каби таълим даргоҳлари болаларимизни ўз бағрига олиб, уларнинг қувончига- қувонч қўшмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантириш масалаларига куннинг долзарб масаласи сифатида қаралмоқда. Пировардида, ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог-кадрлар меҳнатини рағбатлантириш мақсадида уларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда.

Кечадан буён ўқитувчиларимизнинг кўнгли кўксига сиғмай бораяпти. Ваҳоланки, Президентимизнинг “Ҳурматли муаллимларимиз, жонкуяр мактаб директорларини, соҳа фахрийларини эл-юртимизнинг таянчи ва суянчи, деб биламиз. Мактаблар тизимини ривожлантириш учун бундан буён ҳам маблағни, имкониятни асло аямаймиз. Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз, халқимиз, давлатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ”, деган сўзлари таълим жонкуярлари, бутун халқимиз кўнглидаги гап бўлди.

Ота-боболаримиз ҳар доим ҳам фарзанд таълим-тарбиясига эртага қолдириб бўлмайдиган масала сифатида қараб келган. Донишмандларимиз, тарбия туғилганидан бошланадиган ва кечиктириб бўлмайдиган жараён, деб бежиз айтишмаган. Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деб, халқимизни бу борада эътиборли бўлишга чақирганида ҳам маъно кўп. Давлатимиз раҳбари ана шундай миллий қарашларимизни инобатга олган ҳолда, соҳани тубдан ислоҳ қилиш чораларини кўрмоқда.

Албатта, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, халқ таълими тизимида қилишимиз зарур бўлган ишлар кўп. Бугун биз таълим тизимидаги барча муаммолар ҳал қилинди, дейишдан йироқмиз. Асосийси, таълим тизимида мавжуд бўлган барча муаммолар тизимли равишда, босқичма-босқич ҳал қилинишига эътибор қаратишимиз зарур. Яқин-яқингача ўқитувчи ва ўқувчилар қишлоқ хўжалигида, ободонлаштириш ишларида асосий куч эдилар. Бугунги кунда болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди. Уларнинг асосий вазифаси ўқиш эканлиги ва улар асосий вақтини ўқишга қаратиш зарурлиги белгиланди. Лекин, таълим соҳасида ҳали ечимини кутаётган муаммоларимиз талайгина. Энг аввало, бу соҳада коррупцияни буткул йўқотиш керак. Ҳали ҳам айрим ҳудудларда кадрлар муаммоси долзарблигича қолмоқда. Дарсликлар сифатига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш зарур.

Давлатимиз раҳбари ана шулар ҳақида тўхталиб, таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш зарурлиги, билим беришда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларга суяниш муҳимлигини қайд этди. Бу, албатта, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси олдига ҳам катта вазифалар юклайди.

Биз ўз электоратимиз вакиллари педагог-ўқитувчиларимиз ҳамда депутатлик корпусларимиз билан мавжуд муаммо ва масалалар ечимида фаол иштирок этишимиз, Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлар ижросига дахлдорлик ҳисси билан қарашимиз зарур. Зеро, келажагимиз дарғаларини тайёрлайдиган мактаб – бу ҳаёт-мамот, келажак масаласи. Бутун жамиятнинг иши. Унга хизмат қилиш эса барчамизнинг бурчимиздир.


Абдукамол Раҳмонов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

сиёсий кенгаши раиси ўринбосари

Калит сўз: таълим
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда