• 10:37 – Туманнинг асосий иктисодий ривожланиш кўрсатгичлари 
  • 16:06 – МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ НИМАЛАРГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ? 
  • 17:57 – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасидаги суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан 
  • 09:28 – Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилишидан мақсад нима? 

Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик!



Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситалари орқали аҳолининг кенг қатламига етказиш мақсадида пресстур ўтказилаётганлиги тўғрисида аввалги сонларимизда хабар берган эдик.

Навбатдаги пресс-тур Оқдарё туманида ташкил этилди. Пресс-тур дастурига асосан тумандаги бир қатор амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларнинг гувоҳи бўлдик. Ушбу пресс-турда кишини ўзига тортадиган ҳикматли бир ҳаракат тўғрисидаги фикрларимни сиз азиз газетхонларга етказишни истадим. 

Оқдарё туманида Пичоқчи деган қишлоқ бор. Жойлашуви жиҳатидан ўзимизнинг бир қатор қишлоқларимизга ўхшаб кетади. Бу қишлоқнинг довруғи бугунги кунда нафақат вилоят ёки республикамизда балки дунё бўйлаб тарқалди, десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Нафақат Пичоқчи қишлоғи, балки унга қўшни бўлган Тўртайғир, Карки, Тарнов сингари қишлоқларнинг аҳолиси ҳам анча йиллардан бери янги касб — ёнғоқ, мағиз савдоси билан шуғулланишни ўзларига касб қилиб олишган экан.   "Меҳнатдан келса бойлик — турмуш бўлар чиройлик", деганларидек, ўзларининг ҳалол меҳнатлари орқасидан кўплаб хонадонларнинг оилавий даромадларига даромад қўшилиб, турмуш фаровонлиги ошиб борди. Йиллар ўтиб, бу соҳани алоҳида тадбиркорлик соҳасига айланади, деб ким ҳам ўйлабди, дейсиз. Биз номларини келтирган қишлоқларнинг меҳнаткаш кишилари республикамизнинг турли вилоятлари, туман ва қишлоқларидаги аҳоли хонадонларидан ёнғоқ меваларини олиб келишиб, мағизини ажратиб Самарқанд шаҳри бозорига сотишган бўлса, кейинчалик Пичоқчининг ўзида ёнғоқ маҳсулотларини сотиб оладиган "Мағиз бозори" ташкил қилишди. Буни қарангки, "Мағиз бозори"нинг ҳам ўзига хос "Лидер"лари, яъни етакчилари пайдо бўлди.

Ҳикоямиз қаҳрамони Толибхон Абдужалилов  тадбиркор сифатида қарийб 20 йилдан буён ёнғоқни қайта ишлаш ва унинг олди-сотдиси билан шуғулланади. У мамлакатимизда Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тадбиркорлар учун йилдан йилга яратиб берилаётган шарт-шароитларни кўриб, шунингдек, қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини чет давлатларга экспортини йўлга қўйиш тўғрисидаги қатор қарор ва фармонларидан руҳланиб, 2017 йил апрел ойида "Пичоқчи" DRY FRUITS" кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил этди. Ҳозирги кунда бу фермер хўжалиги ёнғоқ, мош, ловия, нўхат каби дуккакли маҳсулотларни қайта ишлаб хорижга экспорт қилмоқда.  Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Афғонистондаги тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишни ҳам йўлга қўйиб, катта ютуқларни қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда. У 2018 йилда 1 миллион  200 минг АҚШ долларлик ёнғоқ маҳсулотларни хорижга экспорт қилди. Айни кунларда 50 га яқин доимий, 100 га яқин мавсумий ишчи ўрин яратган тадбиркор айни пайтда катта лойиҳалар устида ишламокда.

Ўз соҳаси бўйича йиллар давомида етарли даражада ҳам илмий, ҳам амалий тажриба тўплаб келаётган, тинимсиз равишда тадбиркорлик сир-асрорларини пухта эгаллашга астойдил бел боғлаган Толибхон Абдужалилов ўз иш тажрибасини янада кенг миқёсда намоён этиш мақсадида ўтган йили туманимизда ўтказилган "Ташаббус-2019" кўрик-танловининг туман ва вилоят  босқичларида олий ўринларни  эгаллашга муваффақ бўлди. Республика  босқичида ҳам фаол иштирок этиб "Энг яхши оилавий тадбиркор" номинациясини   қўлга киритди ҳамда Япон элчихонаси томонидан махсус "Оилавий ўқиш"га сертифекатни қўлга киритди.

 Ўрни келганда шуни ҳам алоҳида айтиб ўтиш керакки, корхонанинг орзу мақсадлари олам- олам. Интилганга толе ёр, деганларидек, ана шу юксак режалар сари дадил қадам ташлаб фаолият кўрсатаётган бу оилавий тадбиркорларнинг яқин келажакдаги режалари улкан.

— Юртимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Шу имкониятлардан фойдаланиб, келажакда ёнғоқ етиштириш бўйича кластер тизимини жорий қилмоқчимиз.Бир неча йилдан буён интенсив ёнғоқзор боғлар яратиш борасидаги лойиҳаларим жорий йилда амалга ошиб, бизга 30 гектар ер ажратилди. Бундан ташқари, Пичоқчи қишлоғида ёнғоқ етиштириш, уни қайта ишлаш, қадоқлаш, экспортга тайёрлаш, сақлаш ва    агротуризмни ривожлантириш логистика марказини қуриш учун 2 гектар ер майдони ажратилди. Ушбу лойиҳалар доирасида мавсумий ва доимий ишчи ўринлари яратилади, — дейди суҳбатда Толибхон Абдужалилов. — Биз тадбиркорлар мамлакатимиз Президентининг қўшни ва қардош давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини   мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз. Чунки бу иқтисодиётимизни янада гуллаб яшнашига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг тез ўзгариб турадиган бозор талабларига жавоб беришини таъминлайдиган замонавий тузилмаларини шакллантиришда, янги иш ўринларини ташкил қилишда ва аҳоли даромадларини оширишда  ўта муҳим ўрин эгаллайди.

Пичоқчилик тадбиркорлар ҳақида эса бизнинг ёзганларимиз ва эшитганларимиздан кўра ҳали уларнинг олдида турган режалари янада улкан. Яқин келажакда уларнинг  саъй-ҳаракатлари билан амалга ошираётган тадбиркорликлари туфайли Оқдарё заминидаги Пичоқчи қишлоғининг довруғи дунё бўйлаб танилса, ажаб эмас. 


Нодира БОТИРОВА.

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда