• 17:57 – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасидаги суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан 
  • 18:58 – НУРОБОД ТУМАНИНИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 
  • 18:46 – Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши ҳамда маъмурий судлар тизимини оптималлаштириши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида 
  • 10:32 – Нурободда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни нишонланди 

Остонада ким бор? (Ҳикоя)

Сокин ҳаёлотда, тунларни  ёйиб,

Қошингга келгувчи меҳр бўламан.

Аслинг, хотирингни жамлаб бир жойга,

Кимлигинг эслатгувчи сеҳр бўламан.

Зафарнинг уйида базм авжида. Телевизордаги  мусиқа камдек, бурчакка сўнгги русумдаги магнитофон қўйилган. Хона ўртасидаги хонтахта дунёдаги  бор сархил мевалар билан безатилган. Икки жойга  тўрга ва пастроққа тўрттадан фанта ва кола ичимликлари, мўйловли эркак расми тўширилган бир литрли ароқлар бу хонтахтага савлат бағишлаб турибди. Ҳил-ҳил пишган гўшт, қовурилган жўжани  айтмайсизми? Хуллас, шоҳ Жамшид ҳавас қиладурғон зиёфат!

Меҳмонлар бири олиб,бири қўйиб уй эгасини мақташар, аёллар эса бир-бирига кийимликларини қаердан олиб харид қилгани-ю,қайси чеварга  қанча вақт навбатда турганигача айтиб таърифлашарди. Зиёфат айни қизиган пайт Зафарнинг акаси аёли билан кириб келди. Ҳаммани табриклаб, озроқ ўтирди. Унинг хотини одмироқ кийингани учунми, ё бу ердаги аёллар билан чиқишолмадими, ҳартугул эрига бир-икки қараб олди.  Кўз қири билан уни сезган эри, яна бир бор ҳаммани табриклаб, кетишга ижозат сўради. Ўтирганларни ва укасини ўзлариникига таклиф қилган ҳолда, ташқарига йўналди. Зиёфат яна давом этди. Тун ярмидан оққандагина ширакайф, кетма-кет берилган таомлардан бўккан меҳмонлар,  чайқала-чайқала аёллари кўмагида уйлари томон тарқалдилар. Зафарнинг аёли идишларни ошхонага жойлаштиргач, ётди шекилли, жимлик чўкди.

Ҳовлини бир айланиб келган Зафар, нимагадир дераза ёнидаги иш столига ўтирди. Ҳеч қандай иши бўлмаса-да, эртага шоширадиган ёзув-чизуви бўлмаса ҳам доимги жойига ўтирди. Нимагадир ўйланиб қолди. Шу пайт деразанинг сиртидан,совуқ кирмаслиги учун қопланган целлофан қоплама шитирлади. Гуё-ки кимдир қўли билан сийпалагандек. Аллақандек соя кўрингандек ҳам бўлди. Унинг юраги увишди...

— Ким  у?

Бу овоз ичида янградими, ё гапирдими, билмади. 

— М- е -е- н!!! — қандайдир таниш сас етиб келди ташқаридан.

— Кимсан?!

— Танимадингми...? Яхшила-а-б қара!

Зафар пешонасини дераза шишасига тиради. Вужуди кўз бўлди. Ё фалак! Ташқарида мулойимгина  жилмайиб, унга  жуда ҳам таниш  бир сиймо қараб турарди. Шунчалик таниш-ки, уни кўп йиллар кўрган. Кейин кўп йиллар кўрмай кетган...

— Танидингми?

— Танигандайман.

— Ҳа-а, омон бўл... Бугун опанг келмади-ми?

Зафар талмовсираб орқасига қаради:

— Ҳа, ҳалиги....Телефон  қилувдим. Боролмайман деди.

— Опанг сенга қанчалар меҳрибон, биласанми? Сен у пайт кичкина эдинг. Қизамиқ бўлиб оғриб қолдинг. Терлайсан, алаҳсирайсан, опанг шўрлик тепангда тонг отгунча бўлари бўлди.

Зафар пешонасини қашлади. Бошининг қаеридир терлади.

— Ҳаммаларинг бир уйда, бир қозондан овқат еб, қандай ўйнаб-кулардинглар.

— Ҳа-а, эсимда, эски уйимизда...

— Ҳа, балли. Мен ўшанда ораларингда эдим. Ҳаммаларинг мени яхши кўрардинглар, мен сизларни... Опанг сенинг юзингдан чўлп-чўлп ўпганида ҳам, аканг аскарлик хизматига кетиб, уни соғиниб йиғлаганингда ҳам, ўртанча аканг молхона томидан йиқилиб, оёғи синганида ҳам ёнларингда эдим.

Унинг кўзлари  ёшланди. Томоғига нимадир тиқилди.

— Мусофир юртда хизмат қилаётган акангга мева-чева жўнатинглар. Мен синглинг тиккан рўмолчага ўзимни, юзларимни урдим. Ўша муъжазгина фанер қутичада нарсалар билан олис юртга бордим. Биласанми, нима бўлди ? Мева-чеваларни дўстлари талашиб еяётганда, аканг рўмолчани ҳидлади, юзига босди. Мени таниди.

Зафарнинг ичидан бир ҳирқироқ отилиб чиқди: О-О-О...

— Аканг аскарликдан қайтди.  "Солдат тўй"  қилдинглар. Кечқурун жўралар лампа ёруғида  сакраб-сакраб ўйнадилар. Базм роса зўр бўлди. Мен ҳам ораларингда яйраб, ўйнадим. Опанг, синглинг, аканг, сен дунёда бахтиёр эдинглар.

— Чунки орамизда СЕН бор эдинг, СЕН!!!

— Ҳа, кечқурун яна ҳаммаларинг аввалгидек, супада, юлдузлар тўла   осмонга боққанча, гурунг қила-қила ухладинглар. Онанг қавиб берган катта гулдор кўрпанинг ичида тонгги шабадада совқотиб, мен ҳам бўйинларингдан қучоқла-а-б ётдим.

Зафарнинг кўзидан нимадир сизиб чиқа бошлади.

— Кейин опанг турмушга чиқди. Шунда ҳам бояқиш сизларни унутмади. Кейинроқ ўзининг жужуқлари кўпайиб, ўзидан ортмай қолди, шекилли. Аканг уйланди  ола хуржун елкасига юкланди. Ўртанча аканг "ишлайман" деб, шаҳарга кетди. Йилига бир келмаса, уни биров йўқламайди - у бировни. Муштипар синглинг бўйи етиб, қўшни қишлоққа узатилди. Ҳар қозон осганида ўчоқдаги оловга қараб хўрсинади...

Зафарнинг томоғига қаттиқ  бир нарса қадалиб, юқорига ўрмалади. Чиқолмади шекилли, пастга эна қолди.

— Шу куни аёлинг ҳовлида нон, патир ёпаётганини кўриб,кимдир келишини   сездим. Келдим!!!

— Нимага кирмадинг? —  ингради Зафар.

— Манави ўрикнинг шоҳига оси-л-и-б, деразангдан қараб ўтирдим.

— Нимага ичкарига кирмадинг?

— Аканг, опанг йўқ экан -да бу ерда!

— Бу... жўралар зиёфати эди-да...

— Ҳа-а-а. Мен бўлсам сизларни соғиниб келувдим. Яна аввалгидай, бир-бирларингни қучоқлашларингни кўрмоқчийдим. Мен ҳам бўйинларингдан ушламоқчи эдим.

Зафар нимагадир "ҳиқ-ҳиқ" қила бошлади. Ютина-ютина гапиринди,

— Илтимос, уйга кир!

— Киролмайман. Мана шу ўрик шохига осилиб-осилиб, ичкарига қарадим. Жигарларингни кўрмадим.

— Сени болаларим билан таништирай...

— Уларни танийман. Ҳатто боғчага  қатнайдиган бижилдоқ қизингни ҳам биламан. Онангга жуда ўхшабди...

— Ростданми?

— Рост.

— Бўлмаса мен ташқарига чиқай. Икковимиз ҳовлида бирпас югургилаб ўйнайлик.

— Аввалгидайми?

— Ҳа, болаликда қандай ўйнардик.

— Майли...Сал кейинроқ. Сен чарчадинг. Ҳозир  бошингни ёнингдаги сумкага бироз қўй.

Зафар нимагадир ишонқирамай, унга қараганча, сумкага бошини қўйди...

...Ана опаси, меҳрибони. Юзлари ёйилганча кулиб, қучоғини очиб келаяпти. Акалари бири олиб-бири қўйиб у билан дийдорлашишмоқда. Қандай яхши-я! Қандай    бахтли дамлар-а! Э Худойим-а, бўлар экан-ку бирга бўлишса! Энди кетмайсизлар. Ҳеч  қаёққа кетмайсизлар!  Қўйиб юбормайман!!! Ана, орамизда яна кимдир бор. Бир мулойим, бир кулгиси ярашган, бир меҳрибон... Қандай яхши-я! Сал нарироқда тортинибгина биров келаяпти. Қани, ахир бу сингилжони-ку! Бир жиянини ҳам олиб келибди.

— "Ака" деди-ю,бўйнига осилди. Димоғига кўп йиллик таниш ис урилди. Онасининг ҳиди. Эсида, нимага эсида бўлмасин. (Ҳов биродарлар-ов, бир  онангизнинг ҳидини эсланг-чи?) Эрталаблари тургиси келмай, маза қилиб ётганида, онаси эркалаб ўйғотарди. Шунда энгашган волидасидан бешикнингми, онанингми муаттар ҳиди келарди. Кўзини очмай, эркалик қиларди, эркаланарди. Ҳозир шуни туйди. Кейин синглисини тўйиб-тўйиб ҳидлади...

— Ҳой дадаси, туринг. Шу ерда ухлаб қопсиз-ми-а?

— А,... Қани у?

— Ким? Меҳмонларми? Ҳамма кеча кетувди.

— Йўқ... Ҳозир....

У югуриб ташқарига чиқди. Деразага тегиб турган ўрик шохига қўлини чўзди. Кўзларидан  "милт-милт" ёш келди. Ўкраб юборди:

— Нимага кетиб қолдинг? Яна келасанми?

Эшик олдида супурги тутган аёли унга ҳайрон бўлиб қараб турарди.

— Илтимос, яна келгин!

Бобораҳмат МУҲАММАДИЕВ, 

56-умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчиси.

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда