• 16:06 – МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ НИМАЛАРГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ? 
  • 09:28 – Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилишидан мақсад нима? 
  • 18:58 – НУРОБОД ТУМАНИНИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 
  • 18:46 – Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши ҳамда маъмурий судлар тизимини оптималлаштириши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида 

Одам папилломаси вируси ҳақида биласизми?



Аёллар саломатлиги Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш соҳасининг устувор йўналиши ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, бачадон бўйни саратони профилактикаси ва диагностикаси, аёлларнинг репродуктив саломатлигини асраш масалаларига ҳукумат ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги катта эътибор беришади. 2019 йил октябрь - ноябрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТ ва ЮНИСEФ кўмагида бачадон бўйни саратонига олиб келувчи ВПЧ "одам папилломаси вируси" га қарши 9 ёшли қизларни эмлаш режалаштирилмоқда.

Бачадон бўйни саратони бутун дунё бўйлаб аёллар ўлимига олиб келадиган, ВПЧ келтириб чиқарадиган энг кенг тарқалган саратон тури. ВПЧ га қарши эмлаш ва скрининги бачадон бўйни саратонининг олдини олиш учун тасдиқланган ва самарали чоралардир.

Бачадон бўйни саратони аёллар саломатлигига энг жиддий таҳдидлардан биридир. Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони ҳар қандай ёшдаги аёллар орасида кўкрак саратонидан кейин иккинчи ўринда туради ва туғиш ёшидаги (15-44 ёш) аёллар учун кўкрак саратонидан кейин ўлимга олиб келувчи сабаблар орасида иккинчи ўринни эгаллайди. ЖССТнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 1660 аёлда бачадон бўйни саратони пайдо бўлади. Шундай қилиб, папиллома вируси билан боғлиқ касалликларнинг асорати каттадир.

Айни пайтда туман тиббиёт бирлашмасида ВПЧ га қарши эмлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар бўйича мутахассислар билан суҳбатлашдик.


Қувон АҲМЕДОВ — туман ДСЭНМ эпидемиология 

бўлими мудири:


— ВПЧ — бу нима?

— ВПЧ қисқартмаси "одам папилломаси вируси" жумласидан олинган. Бу турдаги вируслар гуруҳи инсон терисига ёки тананинг турли қисмларидаги шиллиқ қобиқларига шикаст етказади.


— ВПЧга қарши вакцина нима учун керак?

— Одам папилломаси вируси (ВПЧ)га қарши эмлаш бачадон бўйни саратонига чалинишнинг қарийб 90% ҳолатларининг олдини олишга имкон беради.


— ВПЧга қарши вакцина қандай таъсир кўрсатади?

— ВПЧга қарши эмлангач, инсон организми вирусга қарши аксил таначалар ишлаб чиқаради ва агар вирус қачондир организмга кирадиган бўлса, уни енга оладиган ҳимоя тизимини  шакллантиради.


— Вакцина хавфсизми?

— Ҳа, ВПЧга қарши барча вакциналар қўллаш учун рухсат берилган энг хавфсиз вакциналар қаторига киради.


— Вакцинанинг яроқлилик муддати тугамаганига қандай ишонч ҳосил қилиш мумкин?

— Ҳар бир флаконнинг яроқлилик муддати вакцина ёрлиғида қайд этилган. Ота-оналар ва васийлар шифокорлардан уларга вакцина ёрлиғини кўрсатишларини илтимос қилишлари мумкин.


— Вакцина бирон-бир ножўя таъсирга эгами?

— Бошқа вакциналар ва доривор моддалар каби, ВПЧга қарши вакцина ҳам баъзан енгил ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин, жумладан: Инъекция ўрнининг қизариши, шишиб қолиши ёки оғриши кузатилади. Баъзи ҳолларда қизлар бош оғриғи, тана ҳароратининг бир оз кўтарилиши ёки умумий холсизликдан шикоят қилишлари мумкин. Бундай маҳаллий таъсирлар одатда бир кундан кўпга чўзилмайди ва хавф туғдирмайди.


Фармон Хушмуродов —

 туман тиббиёт бирлашмаси оналик ва болаликни 

муҳофаза қилиш бўйича 

бошлиқ ўринбосари:


— Нима учун аксарият ҳолларда вакцина фақат қизларга таклиф этилади?

— Бачадон бўйни саратони ВПЧ келтириб чиқарадиган касалликлар ичида энг кенг тарқалгани ҳисобланади. Шу боис ҳам ВПЧга қарши эмлаш дастурларининг асосий мақсади аёлларни ҳаёт учун хавфли бўлган касалликдан ҳимоя қилишдан иборат. ЖССТ ва аксарият мамлакатлардаги миллий органлар ВПЧга қарши эмлаш амалиётини биринчи навбатда 9 ёшли қизларга таклиф этишни тавсия қиладилар.


— Агарда баъзи бир сабабларга кўра биронта бола вакцина билан эмланмай қолса нима бўлади?

— Вакцина билан эмланмаган инсон ВПЧ инфекциясини орттириб олиши ва вирусни бошқа инсонларга юқтириши хатари юқори. ВПЧ инфекциялари ўткир учли кондиломалар ва саратон касаллигининг бир неча турлари ривожланишига олиб келиши мумкин.


— Вакцина билан эмланишдан олдин ёки кейин тиббий кўрикдан ўтиш керакми?

— Тиббий кўрикдан ўтиш шарт эмас. Саломатлигида муаммоси бўлмаган қизлар ВПЧга қарши вакцина билан эмланишдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари мажбурий эмас.


— ВПЧ - вакцинаси инсоннинг репродуктив (фарзанд кўриш) функциясига таъсир этиши мумкинлигини тасдиқловчи бирон далил мавжудми?

— Йўқ. ВПЧ - вакциналари репродуктив функцияга таъсир қилмайди. ВПЧ - вакцинага лицензия тақдим этишдан олдин олиб борилган клиник синовлар ҳамда вакцина жорий этилганидан сўнг унинг хавфсизлигини текшириш учун ўтказилган мониторинг ва таҳлиллар мазкур вакцина аёлларнинг репродуктив функцияларига ҳеч қандай зарар етказмаслигини тасдиқлаган. Бундан ташқари, ушбу вакцина бачадон бўйнининг саратон-олди шикастланиши ва бачадон бўйни саратонининг олдини олиши орқали репродуктив функцияларнинг ҳимояланган бўлишига ёрдам беради.


— Бугунги кунда туманимизда ВПЧ "одам папилломаси вируси"га қарши эмлаш юзасидан қандай ишлар олиб борилмоқда?

— Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 17 та бригада тузилган бўлиб бугунги кунда бригада аъзолари учун эмлашнинг мақсади ва эмлаш тартиби юзасидан ўқув семинарлар ташкиллаштирилмоқда.

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда