• 17:28 – Fermer xo‘jaligi tashkil etish tartibi 
  • 09:45 – Туманда 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш бошланди 
  • 10:37 – Туманнинг асосий иктисодий ривожланиш кўрсатгичлари 
  • 16:45 – ТУМАННИНГ АСОСИЙ ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ 

Ватан ва она

Эндигина биринчи синфга қадам қўйган ўғлим, илк "Мустақиллик дарси"дан олган таассуротлари билан тўлқинланиб уйга қайтди. Олам-олам қувонч ва меҳр-муҳаббат билан чақнаб турган кўзлари   менга боқаркан,

-Ассалому алайкум аяжон, бугун устозимиз бизларга мустақиллик дарсида она Ватанимиз ҳақида, мустақиллигимиз, озодликнинг қадри  ҳақида сўзлаб берди. Юртимизни тараннум этувчи шеър биласизларми, деб бизлардан сўради. Кўпчилик дўстларим Ўзбекистонимиз ҳақида ўзлари биладиган шеърларини айтиб беришди. Аяжон сиз ҳам Ватан ҳақида шеър биласизми? Менга айтиб беринг.

Ўйлаб-ўйлаб " Она Ватан ягона" деб номланган шеъримни унга ўқиб бердим. Ёнимга келдида кўксимга бош қўйиб мени қучди ва,

— Инсонлар учун онаси битта, Ватани ҳам ягона шундайми, деди.

— Ҳа, шунинг учун Ватан сўзини она сўзига ҳамоҳанг ҳолда ёнма-ён ишлатамиз-дедим. 

Кўксимга бош қўйиб мени маҳкам қучди-да, секин яна савол бера бошлади.

— Кўксингизда дуккиллаб овоз чиқараётган нима.

— Бу онанинг меҳрга тўлиб тошган юрагининг овози.

— Оналар юраги шу ерда бўладими?

— Ҳа оналар юраги шу ерда. 

— Унда Ватаннинг юраги қаерда?

Бир оз ўйга чўмдим. Нима деб жавоб берсам тўғри бўларкан, ўзим ҳам ҳайронман. Узоқ ўйлаб қуйидагича жавоб беришга қарор қилдим: 

— Ватаннинг юраги унинг бағрида камол топаётган инсонлардир. Улар яшаётган ерларини яшнатади, гуллатади ва ўша ерда камолотга эришади. Агар инсонлар бўлмаса ер юзида Ватан ҳам шаклланмайди. Меҳнатсевар қўллари, ақлли бошлари бор инсонлари борлиги учун Ватан мустақилликка эга бўлади ва юксак чўққиларга эришади. 

Берган жавобимдан қониқдими яна саволлари ўзгара бошлади.

— Аяжон, нега бағрингиз бунчалар иссиқ? 

— Чунки мен сени яхши кўриб меҳр билан бағримга босаяпман, чексиз меҳрим тафтидан бағрим исиб кетаяпти.

— Унда Ватаннинг меҳри, иссиқ қучоғи қаерда?

— Сенинг учун Ватаннинг иссиқ қучоғи бу мактабинг.

— Нимага мактабим?

— Чунки, ўша мактабда шаклланасан, қолаверса, билимдон, илмли, фозил бўлиб улғаясан.  Маънавиятли инсонга айланганинг сари дунёқарашинг яхши томонга ўзгаради. Ватанга, Онангга, теварак -атрофингдагиларга меҳр қўйишни ўрганасан. Илм даргоҳида жамият учун керакли бўлган тўлақонли, юрт учун кураша оладиган, яратувчан инсон бўлиб вояга етасан. Инсонни инсон қилиб тарбиялайдиган жой бу мактаб. Шунинг учун билим масканини Ватаннинг иссиқ бағри, иссиқ қучоғига ўхшатаман,-дедим.

— Ватан билан сизнинг ўхшаш томонларингиз жудаям кўп экана? Ўхшамайдиган томонларингиз ҳам борми?

Саволлар кетидан яна саволлар.

— Ҳа, ўғлим ўхшамайдиган томонларимиз ҳам бор. Оналарнинг кўп йиллардан кейин, юраклари секин-секин ура бошлайди. Қариган вужудидаги юракнинг шашти пасаяди.  Лекин Ватан юраги яна янгиланади. Ер юзига янги-янги шижоатли юраклари бор бўлган янги авлод вакиллари дунёга келади. Шу сабабли, бу дунё абадий, Ватан ҳам юксалиб бораверади. Ватан юраги янги авлод дунёга келиши билан янги куч-қудратга, қувватга эга бўлади. Янги куч-қувват эса қудратли Ватан  учун қуёш-ойдек зарур. 

Серсавол ўғлимнинг менга берадиган саволлари тугадими, билмадим шартта ўрнидан туриб кўчада ўйнаётган дўстлари томонга чопиб кетди. Мен эса яна янги саволлар қандай бўлар экан, деганча ўйга чўмиб унинг ортидан қараб  қолдим.


Нигора ҚУРБОН қизи.
Калит сўз: мутолаа
 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда