• 09:14 – Туман ҳокими қарори 
  • 17:51 – ДИАГНОСТИК МАРКАЗ иш бошлади 
  • 14:47 – Таълимнинг илк босқичи такомиллашиш жараёнида 
  • 08:39 – Экишни тўғри ташкил этиш мўл ҳосил гаровидир 

Бахшиси бор элнинг – бахти бор


Миллий бахшичилик ва достончилик санъати халқ оғзаки ижодининг энг гўзал намуналаридан бири саналади. 

Бахшилар терма, қўшиқ ва достонларни сақловчи, ёддан куйловчи, уларни авлоддан-авлодга етказувчи санъаткор сирасига киради. Улар репертуаридан она  юртга садоқат, муҳаббат, дўстликни тараннум этувчи хилма-хил мазмундаги достон ва бошқа халқ оғзаки ижоди намуналари ўрин олган. Уларда халқ турмуш тарзи, маданияти ва тарихи акс этган. Шу боис бахшичилик санъатини кенг ривожлантириш миллатнинг ўзлигини англаши, унинг ўзига хос миллий қадриятлари ва анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришда бебаҳо манба ҳисобланади.

Бахшининг дўмбирасидан таралаётган куй, унинг ширали овози киши қалбини беихтиёр тўлқинлантиради, жунбушга келтиради. Халқ қалбининг нолаларидан яралган достонлар асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб инсоният маънавий тараққиётига хизмат қилиб келмоқда. Негаки, ўзбек халқ достонларида халқимиз бадиий тафаккурининг жуда бой ва қадимий анъаналари мужассам.

Достончилик санъатининг бундай бадиий анъаналари халқ бахшиларининг такрорланмас амалиёти ва тинимсиз меҳнати билан бизгача етиб келган. Шу тариқа бир-биридан гўзал, бир-биридан сара термалар ва достонлар бутун салобати ва малоҳати билан ҳали-ҳануз тингловчиларни баҳраманд этиб келмоқда. Улар қадимдан инсон қалб торининг энг нозик ришталарини қўзғатган, эстетик ва руҳий озуқа улашиб келган. Бахши — қўшиқ ва достонларни ёддан куйловчи, айтувчи, авлоддан-авлодга етказувчи санъаткор, халқ достончиси. Улар ижрочи ва ижодкор бахшиларга бўлиниб, ижрочи бахшилар, асосан, устозидан ўрганган достонларни жузъий ўзгаришлар билан aйнан куйлайдилар.

Хотираку бир дунё,

Шундан қалбда нур зиё.

Унутмоқлик гунг рўё,

Иккиси ҳам қисматдир,

Эслаш олий  ҳислатдир.

Туманимизнинг олис гўшаларидан бўлган Тим қишлоғидаги Аработа МФЙда  Ҳикмат бахши Мусулмонов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган "Бахшиси бор элнинг — бахти бор" деб номланган хотира кечаси  бўлиб ўтди. Ушбу кечада марҳумнинг яқинлари, шогирдлари,    қадрдонлари ҳамда  ёшлар иштирок этишди.

Ҳикмат бахши Мусулмонов 1943 йил Нарпай (ҳозирги Нуробод) тумани Тим қишлоғида туғилди. 2004 йилда 60 ёшида вафот этди. Аммо у қисқа умри давомида мазмунли  ва   ибратли ҳаёт кечирди. Инсонлар кўнглидан чуқур жой эгаллади. Эл — улусга қулдан  келганча  хизмат қилди. — Соддалик, камсуқумлик, кўнгилчанлик, ўта камтарлик, саховатпешалик Ҳикмат бахшининг қон-қонига сингиб кетган эди, — дейди болалар шоири Солижон Худоёров. 

Шунингдек,сўзгачиққанфольклор  ансамблда  бирга   ижод  қилиб  Республикамизда  қолаверса,   хорижий давлатларга ҳам  ўзининг  фольклор   қўшиқларини  тараннум  этган   Норбиби  момо  Хўжаева шундай деди: — Ҳикмат бахши Мусулмонов қишлоғимизда энг биринчи фольклор  тўгарагини  ташкил  этиб, уларни   юксак  ижодий  парвозларга   йўллаган  зиёкор  саналади. Ушбу фольклор ансамбли Республикамизнинг турли вилоятларида ўтказилган кўрик-танловларда  иштирок этиб, фахрли  ўринларни   эгаллаб  келган  эди.

Тадбирда Ҳикмат бахши Мусулмоновнинг фарзанди Орзубек ўзининг термаларидан айтиб йиғилганларни хушнуд этди. Шунингдек, тадбир қатнашчиларидан туманимизнинг  умидли бахшилари Хуррам бахши Эшмуродов, Абдуалим бахши Бекмуродов ва шоир Шавкат Раҳмонлар иштирок этишиб, ўзларининг термалари билан бахшилар баҳсини давом эттиришди. 

Гавҳар ИСАЕВА,

Аработа МФЙ раиси.

 

Туман хаётига оид энг сўнгги янгиликлар каналига обуна бўлинг!

Изоҳ қолдириш
  • Изоҳлар
  • Бугун
  • Читаемое
Ижтимоий тармоқларда